أهلا وسهلا ومرحبا إلى صحيفتنا
01 / 01

أهلا وسهلا ومرحبا إلى صحيفتنا

Саҳифамизга хуш келибсиз, марҳабо!


الإعْرَابُ الْمَحَلِّيُّ
Ўрнига кўра эъроб

Агар мабний сўзлардан бир калима ўтган ўринлардан бир ўринга тушса, уни эшитганимиздек талаффуз қилишимиз керак, лекин биз уни ўрни тақозо этган эъробга биноан рафъ, насб, жазм ва жар ўрнида деб эътибор қиламиз.
М: هُوَ عَالِمٌ У олимдир. إنَّهُ فَاضِلٌ Ҳақиқатда у фозилдир.
وَمَنْ صَدَقَ قَصْدُهُ حَسُنَ عَمَلُهُ Кимнинг нияти тўғри бўлса, иши яхши бўлади. Биз феълнинг рафъ, насб ва жазм ҳамда исмнинг рафъ, насб ва жар ўринлари билан муфассал танишиб чиқдик.
Шунингдек, феъл ёки исм шу ўринларнинг бирида келганида биз уни рафъ, насб, жар ёки жазм қилишни ҳам билиб олдик. Аммо жумлалар ўзгариши билан феъл ва исмларнинг мабнийлари, яъни охири ҳеч ўзгармайдиганлари ҳам мавжуд эканини билдик. Ушбу мабний калима рафъ, насб, жазм ва жар ўринлардан бирида келса, ҳамда қайси ўринга тушса ҳам, охирини ўзгартирмаймиз. Биз уни эшитганимиздек ўз ҳолатида қолдиришимиз лозим бўлади.
Бироқ биз бу калима ўрни тақозо этган эъробга кўра рафъ, насб ўрнидадир, яъни агар унинг ўрнига мўъраб исм қўйилганида эди, у сўзда рафъ ёки насб аломати кўринган бўлар эди, деймиз. Шунга биноан: هُوَ عَالِمٌ «У олимдир» деганга ўхшаш жумлаларда: У «هُوَ» - мубтадо, фатҳага мабний, рафъ ўрнида.
إنه فاضل «Ҳақиқатда у фозилдир» деган гапда «ҳу هُ» «инна»нинг исми, даммага мабний, насб ўрнида.
وَمَنْ صَدَقَ قَصْدُهُ حَسُنَ عَمَلُهُ «Кимнинг нияти тўғри бўлса, иши яхши бўлади» жумласидаги «صَدَقَ» сўзи феъли мозий, фатҳага мабний, жазм ўрнида, «қасд» сўзи музоф, «ҳу» музоф илайҳ, даммага мабний, жар ўрнида деймиз ва ҳоказо.


البَدَلُ
Бадал (изоҳловчи)


Тобеъларнинг тўртинчи хили бадал дейилади.
М: وَاضِعُ النَّحوِ الإمَامُ عَلِيٌّ Наҳв фанининг асосчиси Имом Алидир жумласидаги «علي Али», جَدَّدَ الأمِيرُ القَصْرَ أكْثَرَهُ Амир қасрнинг кўпроғини янгилади жумласидаги «أكثر кўпроғи», انصَرَفَ الديوانُ عُمَّالَهُ Девон ишчилари кетишди жумласидаги «عمال ишчилар» каби сўзлар бадал дейилади.
Агар сен: واضع النَّحو عَلِيٌّ «Наҳв илмининг асосчиси Алидир» деб айтсанг, гапинг тўғри бўлади. واضع النحو الإمام عليٌّ «Наҳв илмининг асосчиси Имом Алидир» десанг жумланг тингловчига таъсирлироқ бўлади. Чунки наҳв илмига асос солишни Алига икки марта: биринчи марта имом унвони билан, иккинчи марта эса Али исми билан нисбат қилган бўласан. Бу жумладаги Али сўзи «бадал» деб аталади, ҳамда ўзидан олдинги сўзнинг эъробига эргашади. Мазкур мисолдаги Али сўзи хабар бўлган, рафъ қилинган «имом» сўзига эргашгани учун рафъ қилинган.
إنَّ الإمام عليا واضع النحو «Ҳақиқатда Имом Али наҳв илмининг асосчисидир» деган жумлада эса Али сўзи «инна»нинг исми бўлган, насб қилинган имом сўзига эргашгани учун насб бўлган.
النحوُ مِنْ وَضْعِ الإمامِ علي «Наҳв илми имом Али тарафидан асос солинган нарсалардан биридир» жумласидаги Али калимаси музоф илайҳ бўлгани учун жар қилинган «имом» сўзига эргашгани учун жар қилинган.
جَدَّدَ الأمِيرُ القَصْرَ أكْثَرَهُ «Амир қасрнинг кўпроғини янгилади», انصرف الديوانُ عُمَّالُهُ «Девон (идора) ишчилари кетишди» жумлаларида ҳам худди шунга ўхшаш сўзлар айтилади.
Бироқ аввалги мисолдаги бадал «бадал мутобиқ (мувофиқ)», деб номланади. Чунки «Али» сўзи маъно жиҳатдан «имом» сўзига мутобиқдир. Иккинчи мисолдаги «бадал» эса «бадал баъз» дейилади. Чунки қасрнинг кўпроқ қисми бутуннинг бир қисмидир. Учинчи гапдаги бадал эса «бадал иштимол» (ичига олиш, қамраб олиш) дейилади.
Чунки девон билан ишчилар ўртасида муносабат бор.

Бадал тўрт турлидир:
1. Бадали мутобиқ.
2. Бадали баъз.
3. Бадали иштимол.
4. Бадали ғалат.
– Бадал мубдалу минҳнинг ўзи бўлса, унга «бадали мутобиқ», дейилади. جاءنِي أخوكَ إبراهيمُ дегандаги إبراهيم каби.
– Бадал мубдалу минҳнинг бир жузъи бўлса, унга «бадали баъз», дейилади. قرأتُ الكتابَ نصفَه дегандаги نصف каби.
– Бадал мубдалу минҳнинг ичига кирган бир нарса бўлса, унга «бадали иштимол», дейилади انصرف الْمجلسُ عمالُهُ дегандаги عمالُ каби.
– Бадал мубдалу минҳнинг хато зикр этилганлигини кўрсатса, унга «бадали ғалат» ёки «бадали мубойин» дейилади. خذ درهَماً ديناراً дегандаги دينارا каби.
Танбеҳ: Бадал баъз билан бадали иштимолда мубдалу минҳга қайтадиган бир замир бўлиши керак.
Юқоридаги мисоллардаги نصفه ва عماله даги замирлар каби.


العَطْفُ
Аътф (боғловчи)


Тобеъларнинг иккинчи хили аътф дейилади.
М: يَبْلُغُ الطَّالِبُ الْمَجْدَ وَالشَّرَفَ بِالعِلْمِ وَالأدَبِ Талаба улуғлик ва шарафга илм ва одоб билан эришади жумласидаги « الشرف шараф» ва «الأدب одоб» сўзлари маътуф (боғланган)дир.
Боғловчилар: و ва, ف ва, ثم сўнг, أو ёки, أم ёки, لكن лекин, لا йўқ, بل балки.
Агар қалам ва сиёҳдон синган бўлса, сен уни ифодалашни хоҳласанг, бири: «Қалам синди» ва иккинчиси: «Сиёҳдон синди» деган иккита жумлани айтиш ўрнига битта феълни келтириб, ундан кейин «вов» билан боғланган икки исмни келтиришинг ҳамда: انكسر القلمُ والدواةُ «Қалам ва сиёҳдон синди» дейишинг етарли бўлади.
«Вов»дан кейин келган сўз «маътуф» деб аталади.
«Вов»дан олдинги сўз эса «маътуф алайҳ» деб номланади.
«Маътуф» сўзидан олдинги сўз эъробини хилига эргашиши шарт. Мазкур мисолдаги «сиёҳдон» сўзи, фоъил бўлганлигига кўра рафъ қилинган «қалам» сўзига эргашгани учун рафъ бўлди.
كَسَرْتُ القَلَمَ وَالدَّوَاةَ «Мен қаламни ва сиёҳдонни синдирдим» деган гапда эса сиёҳдон сўзи, мафъул биҳ бўлгани учун насб бўлган қалам сўзига эргашгани учун насб қилинди.
عَجِبْتُ من كسر القلمِ والدواةِ «Мен қалам ва сиёҳдон синишидан ҳайрон бўлдим» жумласида «сиёҳдон» калимаси, музоф илайҳ бўлгани учун жар қилинган «қалам» калимасига эргашганига кўра, жар қилинган.
Агар сен сиёҳдон синиши қалам синишидан кейин кетма-кет бўлгани ҳақида хабар беришни хоҳласанг:
انكسر القلم فالدواة « Қаламдан кейин кетма-кет сиёҳдон синди» деб айтасан.
Агар сен сиёҳдонни синиши қалам синишидан бир оз вақтдан кейин бўлгани ҳақида хабар беришни хоҳласанг:
وانكسر القلمُ ثم الدواةُ «Қалам, сўнг сиёҳдон синди» дейсан.
Агар улардан бири синган бўлса, сен уни аниқлашга иккиланаётган бўлсанг: وانكسر القلمُ أو الدواة «Қалам ёки сиёҳдон синди» деб айтасан.
Фақат қалам синган бўлса وانكسر القلمُ لا الدواة «Қалам синди, сиёҳдон эмас» дейсан. Агар уларнинг қайси бири сингани ҳақида сўрамоқчи бўлсанг: وآ القلم كَسَرْتَ أم الدواة؟ «Қаламни синдирдингми ёки сиёҳдонними» дейсан.
Агар сиёҳдон синдирилган бўлса-ю, кимдир қалам синдирилган деб гумон қилса: ولم ينكسر القلمُ بل الدواةُ «Қалам синмади, балки сиёҳдон синди» деб айтасан.
Хулоса шуки, мазкур аътф ҳарфларидан бирортаси икки исм ўртасида келган вақтда иккинчи исм биринчи исм эъробини олади.


التَّوكِيدُ
Тавкид (таъкид)


Тобеъларнинг учинчи хили тавкид дейилади.
М: جَاءَ الأمِيرُ نَفْسُهُ أو عَينُهُ Амирнинг ўзи келди жумласидаги «عَيْنُهُ، نَفْسُهُ ўзи» лафзи ёки سَارَ الْجَيشُ كُلُّهُ أو جَمِيعُهُ Қўшиннинг барчаси юрди жумласидаги كُلُّهُ، جَمِيعُهُ барчаси» сўзи тавкиддир.
Бир одам сенга султонга мурожаат қилгани ҳақида хабар бермоқчи бўлса, одатда у: خَاطَبتُ السُّلْطَانَ نَفْسَهُ «Султоннинг ўзи билан гаплашдим» деб айтади. Агар у одамларнинг бири бири билан гаплашгани ҳақида айтмоқчи бўлса: خَاطَبتُ فلانا «Мен фалончи билан гаплашдим», дейди.
Унинг исмидан кейин «ўзи» сўзини келтирмайди, бунга сабаб султон билан гаплашиш оддий одам билан гаплашишдан обрўлироқ ҳисобланади.
Агар сўзловчи «Султон билан гаплашдим» деса, сен сўзловчининг бу гапидан: «У султоннинг ходими ёки котиби билан гаплашган бўлса керак» деб ўйлайсан. Шунда сўзловчи сендан гумонни кетказиш мақсадида султоннинг қўл остидагилардан бири билан эмас, ўзи билан гаплашганини ифодалаш учун «нафсаҳу» калимасини қўшади. Шунинг учун бу сўз «тавкид» деб аталади. «Тавкид» ўзидан олдинги сўзнинг эъробига эргашади. Ўтган мисолдаги «нафс» сўзи, мафъул биҳ бўлган «султон» сўзига эргашгани учун насб бўлди.
حَضَرَ السُّلْطَانُ نَفْسُهُ «Султоннинг ўзи келди» жумласидаги «ўзи» калимасидан олдинги сўз фоъил бўлгани учун «ўзи» калимаси рафъ қилинди.
دَخَلْتُ مَنْزِلَ السُّلْطَانِ نَفْسِهِ «Мен султоннинг ўзининг уйига кирдим» гапида олдинги калима «музоф илайҳ» бўлгани учун, ундан кейин келган «ўзи» сўзи жар ҳолатида бўлди.
«Айнун» (ўзи) сўзи ҳам мазкур гаплардаги «нафсун» (ўзи) калимаси каби тавкид вазифасини бажаради.
М: خَاطَبْتُ السُّلْطَانَ عَينَهُ «Мен султоннинг ўзи билан гаплашдим».
Кўплик (умум) маъно англатувчи исмлардан кейин «куллун» (барча), «жамиун» (барча) сўзлардан кейин ҳам тавкид қилинади.
М: سار الْجَيشُ كله أو جميعه «Қўшиннинг барчаси юрди». ورأيت الجيشَ كُلَّهُ أو جَمِيعَهُ «Мен қўшиннинг барчасини кўрдим». وَسَلَّمت عَلَي الجَيش كله أو جميعه «Мен қўшиннинг барчасига салом бердим». «Барча» сўзи эргаштирилмаса, қўшиннинг барчаси эмас, кўпроғи деб гумон қилинади.
Тавкид икки турлидир.
1. Лафзий.
2. Маънавий.
Тавкиди лафзий аввалги лафзни такрор қилиш билан бўлади. Бу феълда, исмда, ҳарфда, жумлада бўлиши мумкин.
Масалан:

ظَهَرَ ظَهَرَ الْهِلاَلُ. الصابرونَ الصابرون هُمُ الفائزونَ. نَعَمْ نعم طلعتِ الشمسُ. لا يسودُ الْحسودُ، لا يسودُ الْحسودُ.
Тавкиди маънавий ушбу етти лафзнинг бири билан бўлади.

نفس، عين، كل، جَميع، عامة، كلا، كلتا
خاطبتُ الأميرَ نفسه. جاء الأميرُ عينهُ. اشتريتُ البيتَ كلَّهُ. صرفتُ أوقاتِى جميعها في التعلم. نَجَحَتِ التلامذةُ عامَّتهم. بِرَّ والديكَ كِلَيهمَا. اغْسِلْ يديكَ كلتيهما.

Танбеҳ: Тавкиди маънавий лафзларида матбуъга музаккар, муаннас, муфрад, тасния жамликда мувофиқ бўлган бир замир бўлиши керак. Юқоридаги мисоллар шаклидек.


النَّعْتُ
Наът (сифат, мослашган аниқловчи)


Тобеъларнинг биринчи хили наът дейилади.
М: عَدُوٌّ عَاقِلٌ خَيرٌ مِنْ صَدِيقٍ جَاهِلٍ Ақлли душман нодон дўстдан яхшироқ жумласидаги «عاقل ақлли» ва «جاهل нодон» сўзлари.
Агар сен йўлда бир ҳамёнга дуч келсанг ва бир инсоннинг: «Ҳамёним йўқолди» деяётганини эшитсанг, у инсон: ضَاعَ لِي كِيسٌ صَغِيرٌ أسودُ «Менинг кичик, қора ҳамёним йўқолди» деб, у ҳамёнга мос белгиларни баён қилмагунча, ҳамён уники эканига ишониб, ҳамённи унга бериб юборишинг тўғри бўлмайди. Бу гапдаги «кичик» ва «қора» сўзлари «наът» ёки «сифат» дейилади. Бу ўринда уларни фоъил бўлишига кўра рафъ қилинган ҳамён сўзига эргашгани учун рафъ қилиниши шарт бўлади. Агар аввалги сўз насб бўлса унга эргашгани учун кейинги сўз ҳам насб қилинади.
М: فقدت كيسا صغيرا «Мен кичик ҳамённи йўқотдим» жумласидаги ҳамён сўзи мафъул биҳ бўлгани учун насб қилинади. «Кичик» сўзи эса унинг наъти бўлиб, у ҳам насб қилинади. Жар қилишда ҳам шундай.
М: أسألُ عَنْ كِيسٍ صَغِيرٍ «Мен кичик ҳамён ҳақида сўраяпман» жумласидаги ҳамён сўзи «ҳақида» кўмакчиси туфайли жар қилинган. «Кичик» сўзи унинг наъти бўлганлиги учун жар қилинган.


كيس صغير، رجل قصير: وعَلِيٌّ التاجر، وحَسَنٌ الكاتب، وعدو عاقل، وصديق جاهل
 «Кичик ҳамён», «пакана киши», «савдогар Али», «ёзувчи Ҳасан», «ақлли душман», «нодон дўст» бирикмалари каби ўзидан олдинги калиманинг сифатларини билдирувчи ҳар бир сўз «наът» ёки «сифат» дейилади. Олдинда турган сифатланувчи (аниқланмиш) калима эса «мавсуф» ёки «манъут» дейилади.
Наът икки турли бўлади: наът ҳақиқий, наът сабабий.
«Наът ҳақиқий» деб матбуъ (эргашилган)нинг ўзида бўлган сифатни билдирадиганга айтилади.
رأيتُ التلميذَ الْمجتهدَ дегандаги الْمجتهدَ каби.
 «Наът сабабий» деб матбуъ (эргашилган)нинг ўзидаги сифатни кўрсатмай, балки матбуъ билан алоқаси бўлган бир нарсанинг сифатини кўрсатади.
رأيتُ الرجلَ الكثيرَ مالُهُ дегандаги الكثيرَ каби.
Бунда الكثيرَ  калимаси الرجل калимасининг сифати бўлмаган.
Балки ماله даги «مال»нинг сифати бўлган. Молнинг эса одам билан алоқаси жуда зўр. Чунки у кишининг мулки бўлган.
Наът хоҳ ҳақиқий, хоҳ сабабий бўлсин, маърифалик ва накраликда манъути (эргашилгани) билан бир хил бўлиши керак. Юқоридаги мисолларнинг икковида манъут маърифа бўлганидан наът ҳам маърифа бўлган. Бунинг устига наът ҳақиқий муфрадлик, тасниялик, жамлик, музаккарлик, муаннасликда манъутига қараб бир хил бўлади.
جاءنِى التلميذُ الْمجتهدُ، جاءنِى التلميذان الْمجتهدانِ، جاءنِى التلامذةُ الْمجتهدُونَ، جاءتنِى التلميذةُ الْمجتهدةُ، جاءتْنِى التلميذتانِ الْمجتهدتانِ، جاءتنِى التلميذاتُ الْمجتهداتُ

Наъти сабабий эса музаккар, муаннасликда ўзидан сўнг келган исмга (яъни манъут билан алоқаси бўлган исмга) қараб юради. Ҳамда ҳар вақт муфрад бўлади.
دخلتُ مدرسةً حسنًا ترتيبُها، تَمَسَّكْ بالشخصِ النافعةِ نصيحتُهُ، هؤلاء أولادٌ غنِيٌّ والدُهُمْ
дегандаги каби.
Бу мисолларда حسنًا ни манъути муаннас бўлса ҳам, ўзи музаккар бўлган. Чунки ўзидан сўнг келган ترتيبُ музаккар бўлган. النافعة нинг манъути музаккар бўлишига қарамасдан ўзи муаннас бўлган, чунки نصيحةُ муаннас. غَنِىٌّни манъути жам бўлишига қарамасдан ўзи муфрад бўлиб келган.
Наът баъзи вақт жумла бўлиб келади لا تَفْعَلْ أمرًا عاقِبَتُهُ وخيمةٌ дегандаги عاقبتُهُ وخيمةٌ каби. Бу вақтда унинг эъроби лафзий бўлмай, балки маҳаллий бўлади.

ЭЛЕКТРОН ДАСТУРЛАР

Андроид дастурлар


Рейтинг@Mail.ru

АНВАР АҲМАД

GRAND TA'LIM нодавлат таълим муассасаси катта устози Анвар Аҳмад таълим даргоҳига асос солинган илк кунлардан бери фаолият юритади. Араб тили грамматикасида оид кўплаб дарслик ва адабиётлар тўпловчиси ва муаллифларидан.

arabic.uz сайтининг муҳаррири, "Риёзус солиҳийн", "Ал-Азкор", "Саодатга етакловчи ҳикматлар" ва бошқа кўплаб асарлар таржимони ва нашрга тайёрловчиси.

Анвар Аҳмад 1977 йилда таваллуд топган, оилали 4 нафар фарзанди бор. Миср Араб Республикасининг Азҳари Шариф, ал Азҳар институтлар бўлими, эъдодий ўрта-махсус билим юртини тамомлаган.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг шогирди. "Саҳиҳи Бухорий"дан шайх хазратларидан ижоза олган. “Олтин силсила” таржимонлар гуруҳининг аъзоси.

Аввал Миср Араб республикаси элчихонаси қошидаги фан ва таълим марказида араб тили ўқитувчиси, 2008 йилдан эса GRAND TA’LIM етакчи ўқитувчиларидан.

МАҚСАДИМИЗ

Миллий қадриятларимиз, маънавий бой меросимизни тиклаш ва уларни чуқур ўрганиш, унинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини халқимиз ўртасида тарғиб этиш, имом Замахшарий, Абдураҳмон Жомий каби бобокалонларимиз ижод қилган араб тили ва грамматикасига бўлган рағбатни қондириш, сақланаётган тарихий ва нодир қўлёзмаларни авлодларга етказиш, аждодларимиз ҳаёти, ахлоқи ва юксак маънавиятини ифодаловчи матнларни таржима қилиб, ёшлар қалбида улар қолдирган меросга ҳурмат, эъзоз ва муҳаббат туйғусини шакллантириш.

БИЗ БИЛАН БОҒЛАНИШ:  [email protected]