أهلا وسهلا ومرحبا إلى صحيفتنا
01 / 01

أهلا وسهلا ومرحبا إلى صحيفتنا

Саҳифамизга хуш келибсиз, марҳабо!

Араб тили (Абдуҳафиз Абдужабборов)

ТОШКЕНТ ИСЛОМ УНИВЕРСИТЕТИ

АБДУҲАФИЗ АБДУЖАББОРОВ

АРАБ ТИЛИ
Олий ўқув юртлари талабалари учун дарслик

Юклаб олиш

 

АБДУҲАФИЗ АБДУЖАББОРОВ
(10.08.1940 – 25.10.2005)

-    Устоз Абдуҳафиз Абдужабборов 1940 йил 10 августда Тошкент шаҳрида туғилганлар.
-    1966 йили Тошкент Давлат университетининг Шарқ факультетига кириб, 1970 йили имтиёзли диплом билан тугатганлар.
-    Меҳнат фаолиятларини 1966 йил ўқишдан ажралмаган ҳолда мазкур факультет араб филологияси кафедрасида араб тилидан дарс беришдан бошлаганлар ва шу касбга бир умр содиқ қолганлар.
-    1970-чи йиллар ўрталарида “Прогресс” нашриётининг Тошкент бўлимида араб таҳририятига раҳбар ва Бош назоратчи муҳаррир сифатида ўзбек адабиётининг дурдона асарларини араб тилига таржима қилиб араб афкор оммасига етказишда фаол иштирок этганлар.
-    1980-чи йиллари Сурия, Яман, Ливия каби араб мамлакатларида юртимиз иштирокида бунёд этилган қатор муҳим объектларда таржимонлик  қилганлар.
-    1993 – 1998 йиллар мобайнида Тошкент Шарқшунослик институти араб филологияси кафедрасини бошқарганлар.
-    2000 йилдан то умрларининг охиригача Тошкент ислом университети Шарқ тиллари кафедрасида араб тилидан  устоз – домлалик қилганлар.
Устоз А.Абдужабборов “Араб филологиясига кириш”, “Араб наҳви”, “Классик тил хусусиятлари”, “Таржима назарияси ва амалиёти”, “Балоғат илми - стилистика”, “Араб назарий грамматикаси” каби махсус курсларини яратиб, ўқув жараёнига татбиқ этишга муваффақ бўлганлар. Шу тариқа республикамизда арабшунослик ривожига муносиб хисса қўшган эдилар.
Устоз А.Абдужабборов Мағрибдан Машриққача маълум ва машҳур юртдошимиз М.     Замахшарийнинг “الأنموذج” асари асосидаги ўқув қўлланмани, “Қуръони карим оятлари ва ҳадисларда ота – она, қўшничилик муносабатлари”, ”Билим – иймон чироғи”, “Инсон кўрки  − одоб” рисолалари орқали шу мавзулардаги ояти карима ва ҳадиси шарифларни ишлатиб, илмий истеъфодага киритган тадқиқотчи ҳам эдилар.
Устоз А.Абдужабборов йирик араб адибларининг асарларини, қолаверса кўплаб бадиий ва кўп қисмли араб фильмларини ўз ватандошларига она тилисида етказиб бера олган сермаҳсул таржимон эдилар.
Устоз  ҳатто синхрон таржима бобида ҳам ўз иқтидорини кўрсатган,  қанчадан - қанча халқаро анжуманлар ва ҳукуматлараро музокаралар юқори савияда ўтишини таъминлаган моҳир таржимон эдилар.
Қўлингиздаги “Араб тили” дарслиги Устознинг бой илмий ва услубий меросини кўп жиҳатдан ўзида жамлаган, лекин китоб шаклида кўриш Ўзларига насиб этмаган меҳнат самаралари бўлиб, энди у бамисоли Уларга шогирд ва хамкасблари томонидан қўйилган ҳайкал бўлиб қолади.

Сўз боши

Жаҳон тилларидан бири деб эътироф этилган араб тили инсоният тараққиёти тарихида ғоят муҳим ўрин эгаллаган. Милоддан кейинги дастлабки асрларда Арабистон яриморолининг жанубий минтақаларидаги қабилаларгагина хос бўлган бу тил Ислом дини шаклланиши ва тарқалиши билан Яқин ва Ўрта Шарқ, Шимолий Африка халқларининг она тили бўлиб қолди. Ҳатто Европа қитъасининг ғарбида ҳам, ҳозирги Испания ҳудудида араб давлати-«Андалусия» ташкил топган эди.
Илоҳий мўъжиза бўлмиш Қуръони каримнинг араб тилида нозил бўлиши ва Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўз суннатларини шу тилда баён қилганлари араб тилининг «икки дунё саодатига элтувчи тил» деб эътироф этилишига асос бўлди.
    Ислом дини шарофати-ла араб тили Атлантик океандан қарийб Тинч океангача чўзилган жуда катта минтақада яшайдиган халқлар учун она тилига айланмаса-да, халқаро муносабатлар ва сиёсат тили, илм-фан, маданият тили сифатида тарқалди. Яқин ўтмишгача мусулмон мамлакатларида араб тилини билмайдиган киши зиёли саналмас эди. Ҳозирги кунда башариятнинг тараққиёт даражасини белгилаётган энг муҳим фанлар (кибернетика, астрономия, медицина ва ш.к.)нинг асослари ўрта асрларда араб тилида яратилган эди.
Бу тилда жаҳон маданиятининг дурдоналарига айланган кўплаб адабий-бадиий, фалсафий, диний, тарихий, сиёсий мавзулардаги асарлар ҳам яратилди.
    «Ислом маданияти» ёки «Араб тилидаги маданият» деб аталмиш бу маданиятнинг шаклланиб, ривожланишига имом Бухорий, Термизий, Хоразмий, Беруний, ибн Сино, Улуғбеклар каби кўплаб аждодларимиз ҳам салмоқли ҳисса қўшганлар. Ўзлигимизни англаш, келажакка интилган умумбашар карвонида ўзимизга муносиб ўрин эгаллаш ва уни қўлдан чиқармаслик учун, ўсиб келаётган авлодни маънавий-ахлоқий пок, илм-маърифатга чанқоқ, Ватанига, халқига садоқат руҳида тарбиялашимиз учун аждодларимиздан қолган ниҳоятда бой илмий-адабий меросни халқимизга етказишимиз, фарзандларимиз онгига сингдиришимиз лозим. Бу эса араб тилини ўрганиш ва ўргатишни тақозо қилади.
Араб давлатларининг, яъни араб тилини ўзининг расмий тили деб эълон қилган давлатларнинг ҳозирги кунда ҳам дунёнинг сиёсий, ижтимоий, иқтисодий хариталаридаги мавқеи муҳим аҳамиятга эга. Форс кўрфази, Ҳинд океани, Араб денгизи, Қизил денгиз, Ўрта Ер денгизи, Атлантик океан соҳилларига жойлашган, Осиё қитъасининг жануби-ғарбий, Африка қитъасининг шимолий минтақаларини эгаллаб турган, аҳолисининг умумий сони 190 миллиондан ортадиган 22 мустақил давлат дунёда кечаётган сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий жараёнларга сезиларли таъсир кўрсатмоқда.
    Дунё мамлакатлари билан тинч-тотув яшашни, улар билан ўзаро манфаатли иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришни ўзимизга мақсад қилиб қўйган эканмиз, араб давлатлари билан ҳам турли даражалардаги сиёсий ва иқтисодий-ижтимоий алоқаларни ривожлантириб боришимиз лозим. Араб тилини билиш бу мақсадга етишиш учун ҳам хизмат қиладиган муҳим омилдир.

* * *

Араб тили генеалогик таснифга кўра сомий-хомий тиллар оиласининг сомий тиллар гуруҳига киради. Бу гуруҳ яна иврит (яҳудий), ойсор, амҳар ва хорари тилларини ўз ичига олади.
Классик араб тили - Қуръони карим тили асосида замонавий араб адабий тили шаклланган. Барча араб давлатлари расмий муомалаларини шу тилда – замонавий адабий тилда олиб боради, оммавий ахборот воситалари – матбуот, радио, телевидение шу тилдан фойдаланади.
Аммо арабларнинг кундалик ҳаётларида ишлатадиган сўзлашув тиллари араб адабий тилидан ва турли минтақалардаги арабларнинг тиллари бир-биридан фарқ қилади. Бу фарқ айрим ҳудудларда шу қадар каттаки, халқнинг саводсиз қисми ўз давлатининг расмий тилини базўр тушуниши, ҳатто тушунолмай қолиши ҳам мумкин.
Бу мураккаб ижтимоий муаммонинг келиб чиқишига сабаб бўлган омиллар асосан қуйидагилар:
1) адабий тилнинг асоси бўлган Қуръони карим Ҳижоз арабларининг Қурайш исмли қабиласи тилида нозил бўлган. Айни замонда бошқа араб қабилалари ҳам бўлганки, уларнинг тиллари қурайшийларникидан фарқ қилган. Қурайшийларнинг ўша пайтдаги тили Қуръони карим оятларида муҳрланиб, асрлар давомида ўзгаришсиз сақлаб келинмоқда. Бошқа тиллар эса тиллар ривожининг умумий қонуниятларига кўра ривожланиб, ўзгариб боряпти. Оқибатда, ўртадаги фарқ муттасил ортиб бормоқда;
2) араблар келиб чиқиши жиҳатидан икки тоифага бўлинадилар: 1. العرب العاربة-асл араблар (масалан, Ҳижоз араблари) ва 2. العرب المستعربة- араблашган араблар, яъни Ислом киришидан аввал араб бўлмаган, мусулмон бўлганидан кейин вақт ўтиши билан асл миллатини унутиб, ўзини араб ҳисоблай бошлаган халқлар (масалан, Шимолий Африкада яшовчи араблар). «Араблашган араблар»нинг тилларига аввалги она тиллари таъсир кўрсатмай қолиши мумкин эмас эди, албатта. Тил ва шевалар ўртасидаги тафовутнинг анчагина қисми шу омил билан боғлиқ;
3)  XV асрдан бошлаб араблар яшайдиган минтақаларнинг талайгина қисми Усмоний турклар тасарруфида бўлди. XVIII асрдан XX асрнинг иккинчи яримларигача араб диёрларида Оврупонинг мустамлакачи давлатлари (Англия, Франция, Германия, Италия каби) ўз ҳукмларини ўтказдилар. Бу ҳам тилда ўз аксини топмай қолмайди.
Хулоса қилиб айтганда «араб тили» тушунчаси ҳозирги кунда бир-биридан фарқли бўлган камида учта тилни қамраб олади:
1) классик араб тили - Қуръони карим, Ҳадиси шарифлар, Исломгача бўлган «жоҳилия» ва илк Ислом даври адабиёти тили;
2) ҳозирги замон араб адабий тили – классик тил асосида ривожланган, замонавий тараққиётни ўзида акс эттирган, ҳамма араб давлатлари томонидан расмий тил сифатида эътироф этилган тил;
3) ҳар бир минтақанинг ўзига хос бўлган жонли сўзлашув тили-лаҳжалар ва шевалар.


* * *

Ислом динининг дунёга тарқалиши туфайли Қуръони карим тилини кўп эл-элатларга ўргатиш ижтимоий зарурат бўлиб қолган. Бу эса тилни чуқур ўрганиб, унинг қонун-қоидаларини ишлаб чиқишни талаб қиларди.
Ҳозирги кунда дунёда кенг тарқалган филологик (тил ва адабиётга тегишли) илмларнинг асосида қадимги юнон олими Арасту (Аристотель-милоддан аввалги IV асрда яшаган) тузган қадимги юнон тили ва адабиётига оид «Грамматика», «Риторика» ва «Поэтика» каби асарлар ётади. Мусулмон олимлар эса араб тилига оид илмларни мутлақо мустақил тарзда, бошқа тилларга боғламаган ҳолда яратганлар. Масалан, рус филологиясини ташкил қилувчи грамматика, стилистика, адабиётшунослик каби илмлар XVIII, XIX, ҳатто XX асрларда, Арасту яратган тизимлар асосида шакллана бошлаган бўлса, араб филологиясини ташкил қилувчи илмлар VIII, IX асрларда шаклланган ва X асрдаёқ камолга етган эди. Бу тарихий воқеликни шу соҳанинг мутахассислари сўзсиз тан оладилар.
Тилшунос олимлар арабларнинг наҳв тизимини XX асрнинг 60-70-йилларида шаклланган, тилшуносликда «энг янги оқим» ҳисобланган структурал лингвистикага ўхшатадилар.   
Араб тилининг қонун-қоидалари тизими-наҳв илмини яратган ва камолга етказган олимлар орасида бизнинг бобокалонимиз Маҳмуд аз-Замахшарий (1075-1144йй) «ал-Унмузаж» ва «ал-Муфассал» асарлари ҳануз араб тили бўйича муҳим қўлланмалар ҳисобланади.

ЭЛЕКТРОН ДАСТУРЛАР

Андроид дастурлар


Рейтинг@Mail.ru

АНВАР АҲМАД

GRAND TA'LIM нодавлат таълим муассасаси катта устози Анвар Аҳмад таълим даргоҳига асос солинган илк кунлардан бери фаолият юритади. Араб тили грамматикасида оид кўплаб дарслик ва адабиётлар тўпловчиси ва муаллифларидан.

arabic.uz сайтининг муҳаррири, "Риёзус солиҳийн", "Ал-Азкор", "Саодатга етакловчи ҳикматлар" ва бошқа кўплаб асарлар таржимони ва нашрга тайёрловчиси.

Анвар Аҳмад 1977 йилда таваллуд топган, оилали 4 нафар фарзанди бор. Миср Араб Республикасининг Азҳари Шариф, ал Азҳар институтлар бўлими, эъдодий ўрта-махсус билим юртини тамомлаган.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг шогирди. "Саҳиҳи Бухорий"дан шайх хазратларидан ижоза олган. “Олтин силсила” таржимонлар гуруҳининг аъзоси.

Аввал Миср Араб республикаси элчихонаси қошидаги фан ва таълим марказида араб тили ўқитувчиси, 2008 йилдан эса GRAND TA’LIM етакчи ўқитувчиларидан.

МАҚСАДИМИЗ

Миллий қадриятларимиз, маънавий бой меросимизни тиклаш ва уларни чуқур ўрганиш, унинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини халқимиз ўртасида тарғиб этиш, имом Замахшарий, Абдураҳмон Жомий каби бобокалонларимиз ижод қилган араб тили ва грамматикасига бўлган рағбатни қондириш, сақланаётган тарихий ва нодир қўлёзмаларни авлодларга етказиш, аждодларимиз ҳаёти, ахлоқи ва юксак маънавиятини ифодаловчи матнларни таржима қилиб, ёшлар қалбида улар қолдирган меросга ҳурмат, эъзоз ва муҳаббат туйғусини шакллантириш.

БИЗ БИЛАН БОҒЛАНИШ:  [email protected]