Араб хатиниг турлари (2-қисм)
Хат санъати ҳақидаги барча рисолаларда хабар қилинишича, хатти маъқалий ва куфий хати асосида араб ёзувининг санъаткорона яратилган олти хил асосий хат услуби шаклланди. Улар:
1. ثلث - сулс хати – тўрт баҳраси текис, икки баҳраси юмалоқдир.
2. نسخ –насх хати ихтирочиси машҳур санъаткор хаттот Ибн Муқлаъ ҳисобланади.
3. محقق – муҳаққақ – бир бўлак қисми текис бўлиб, қолган бўлаклари юмалоқ шаклдадир.
4. ريحاني – райҳоний хати – муҳаққақдан келиб чиққан. Муҳаққақ ва райҳоний хатининг ихтирочиси Ибн Баввоб бўлган.
5. توقيع – тавқеъ хати – ярим текис, ярим юмалоқ чизиқдан ташкил топган.
6. رقاع – риқоъ хати – кўпчилик ҳарфлари бир-бирига қурама қилиб ёзилади. Тавқеъ ва риқоъ ихтирочиси маълум эмас.
Айрим олимлар таълиқ хатини ҳам бу олти хат ёнига қўшиб, асосий хат услубларини етти тур қилиб кўрсатадилар. Таълиқ хатининг ихтирочиси Абулъол номли шахс деб кўрсатганлар. Текшириб кўрилганда Абулъол ихтиро этган таълиқ хатининг график асослари куфий хатидан келиб чиқиб, бу хат форсий матнларни ёзиш учун ихтиро қилинган. Кўпчилик олимларнинг фикрича, муҳаққақ биринчи услуб, райҳоний хати ундан келиб чиққан. Сулс учинчи услуб, насх хати ундан келиб чиқарилган. Бешинчи услуб ҳисобланган тавқеъ хатидан сўнгги олтинчи хат риқоъ келиб чиққан.
Бу хат услубларини қуйидаги чизмада кўриш мумкин:
Мазкур хатларнинг ҳар бири алоҳида ўринларда қўлланилган:
муҳаққақ — қасида ва шеърлар ёзишда;
сулс — илмий асарлар ва хат йўл-йўриқларида;
райҳоний ва насх — қисса ва хабарларда;
тавқиъ — буйруқ ва фармонларда;
риқоъ — мактубларда ишлатилади.
Бу олти асосий услубнинг ҳар бири ингичка ва йўғон қаламларда ёзилиши натижасида яна ўн икки хил хатни ташкил этган .
1. Муҳаққақ. Бу хатнинг кўпроқ қисми текис, тикка чизиқли ҳарфлар узун ёзилади. Ўрамларнинг учи ингичка бўлиб тугайди, қолган бўлаклари думалоқ шаклдадир. Шунинг учун бу хатнинг маъқалий ва куфий хатларига ўхшашлиги бошқа хатларга нисбатан кўпроқдир. Шу сабабдан Ибн Муқла бошқа турдаги хатлардан биринчи деб билгани учун бу хатга муҳаққақ деб ном берган.
2. Райҳоний. Куфийдан келиб чиққан бу хатнинг ёзилиши шакл жиҳатидан райҳонга ўхшаш бўлиб, айланма шаклли ҳарфлар сулс хатига қараганда ётиқроқ ва чўзиқроқ ёзилади. Райҳоний хатнинг ихтирочиси Ибн Баввоб (ваф.мил.1022 й.) бўлган.
3. Сулс. Аҳолининг ижтимоий шароити ва санъатнинг гуллаб-яшнаши билан каллеграфия талаблари яна ошди. Эндиликда бир-бирига асосан ўхшаш бўлган хат турларидан сезиларли фарқ қилувчи янги хат турига эҳтиёж туғилди. Шу йўсинда сулс хати вужудга келди. Хатнинг бу тури масжид ва мадрасалар пештоқларини безай бошлади. Сулс хати – ҳарфларни бир-бирининг ораларига жойлаб, санъаткорона композициялар тузиш йўли билан ҳар хил чиройли шакллар ясаш имконияти бўлгани билан ажралиб туради. Бу хатда безак белгилар ҳам катта аҳамият касб этади. Сулс – бир нарсанинг учдан бир ҳиссаси ёки учинчи ҳиссаси, демакдир. Сулс хати дейилишига сабаб шуки, бунда қаламнинг учинчи ҳиссаси ишлатилади ёки сулс хати таълимида қаламнинг учдан бир ҳиссаси кўпроқ ишга солинади. Мазкур ёзув услубида “алиф”, “дол”, “лом” ҳарфлари гажакли бўлади. Бошланишда тикка чизиқларнинг уч қисми чангаксимон бошланиб, охири нафис бурама билан тугайди. Ибн Баввоб биринчи бўлиб сулс хати ҳарфлари шаклининг нуқталарига асосланган ва сулс хатининг график асосларини ихтиро этган.
4. Насх. “Насх” нинг луғавий маъноси “ўчириш, бекор қилиш” демакдир. Бу хат тури ихтиро қилингандан то ҳозирги кунгача хаттотлар томонидан кенг қўлланилиб келинади.
Ислом маданияти тараққий топиб бошлагач, композицион санъат турлари бўлмиш нақш ва ўймакорлик санъатлари кенг тарқалди. Мусулмон санъати аҳли бу руҳни ёзувга ҳам олиб киришга ҳаракат қилиб, янги хат турларини кашф қила бошладилар ва уларга кўпроқ безакли шакллар беришга уриндилар. Оқибатда хаттотликда муайян қоида ва нормалар ишлаб чиқилди. Бу хат турлари олдингиларидан фарқли ўлароқ геометрик шаклларга эмас, балки нафис оғма шаклларга асосланган.
Бу хайрли ишлар бошида аббосийлар давлати вазири Ибн Муқла (ваф. 328 ҳ.) туради. Шундай қилиб, ўз тузилиши ва кўриниши билан аввалги куфий хатидан анча фарқ қилувчи ёзув турлари кашф этилди. Уларнинг бошида насх хати вужудга келиб, (бу хат турида) илгари мусҳафлар I аср куфийсида битилган бўлса, эндиликда улар янги кашф қилинган насх хатида ёзила бошлади. Бу хат тури юзага чиқиб, шуҳрат қозонгандан кейин бошқа хатларнинг барчаси «мансух» қилинган, яъни ишлатишдан қолдирилган. Насх хати тез ва равон ёзилгани, кўзга гўзал ва бежирим ташлангани учун ҳам у матбааларда чоп этиладиган китобларда асосий ёзув вазифасини ўтаган. Ҳозирги даврда энг кенг тарқалган ёзув бўлиб, бу хатдан замонавий матбуот ва адабиётлар чоп этишда фойдаланилмоқда.
Илмий адабиёт ва қўлёзмаларда кўп учрайдиган ғубор хати насх хатининг майда қаламда ёзилишидир. Матнлар махсус рақамда жуда майда қилиб ёзилгани учун ғубор деб айтилган. Ғубор хатининг ихтирочиси — Саид Қосим бўлиб, у бир дона гуручга ғубор хати билан Ихлос сурасини ёзган.
5. Тавқиъ. Хатнинг ярми текис, ярми юмалоқроқ чизиқдан ташкил топган бу ёзув тури маъқалий ва куфий хатларига ўхшайди. Тавқиъ дейилишига сабаб шуки, илгари қозилар қозихона ҳужжатларининг бошига ёзиладиган сўзларни шу хат билан ёзганлар. Қозилар ва ҳокимлар ҳужжатларни тавқиъ хати билан имзолаганлар (Идора ва маҳкамаларда фармонларга, мактубларга, қўлёзмаларга тавқиъ услубида имзо қўйилган).
6. Риқоъ. Риқоъ “руқъа” сўзининг кўплиги бўлиб, қоғоз парча, мактублар демакдир. Риқоъ хатида ҳарфлар бир-бирига қурама қилиб ёзилади. Бу ёзув тури усмонийлар ҳукмронлиги даврида катта шуҳрат қозонган ва кенг тарқалган. Кўпинча, мактублар, кишиларга юбориладиган номалар шу хат билан ёзилган. Тавқиъ ва риқоъ хатларининг ихтирочиси маълум эмас.
7. Таълиқ. Таълиқ осилиб турувчи, илинган ёзув маъноларини англатади. Бу хат аслида риқоъ бўлган. Уни ҳар ким турли шаклларга айлантириб, ундан бир равиш ихтиёр қилган. XV асрда пайдо бўлган бу ёзув туридан, асосан, расмий ва шахсий хатлар ёзишда, ҳужжатлар битишда фойдаланганлар. Мазкур ёзув ҳарфлари юқоридан чапга кенгроқ ҳолда ёзилади. Хожа Тожиддин Сулаймон шу услубни ихтиро қилган кишилар жумласидандир. Бу киши ихтиро қилган таълиқ хати риқоъ хатининг шохчасидир. Бу хат иншо ва мактубларга тегишли бўлиб, мунший (иншо ёзувчи)лар уни чўзиб ёзганлар. Айрим олимлар таълиқ хатининг ихтирочиси Абулъол номли шахс деб кўрсатганлар. Абулъол ихтиро этган таълиқ хатининг график асослари куфий хатидан келиб чиққан бўлиб, бу хат форсий матнларни ёзиш учун ихтиро қилинган. Юқоридаги хат турлари хаттотлар тилида “Ал-Хутут ас-сабъа” (“Етти хат”) деб юритилади. Хаттотман, деган ҳар бир инсон шу хатларни билиши зарур бўлган .
Тошкент Ислом Институти 4-курс талабаси
Каримов Зиёдуллоҳ Ғайбуллоҳ ўғли
Баҳра форсча сўз, ҳисса; қисмат; фойда маъноларини билдиради. Бу ерда “бахра” –ҳиссаси; қисм маъносидадир. Қаранг: Ўзбек тилининг изоҳли луғати. Тошкент: Ўзбекистон миллий энциклопедияси, 2006. I жилд. –Б. 22.
Абдулқодир Муродов. Ўрта Осиё хаттотлик санъати тарихидан. Тошкент: Фан нашриёти, 1971. –Б. 22.
Абдулқодир Муродов. Ўрта Осиё хаттотлик санъати тарихидан. Тошкент: Фан нашриёти, 1971. –Б. 23.
Абдулғафур Раззоқ Бухорий. Шарқ хаттотлик ва миниатюра санъати намуналари (VII-XXI асрлар мусанниф бисотидан ). Тошкент: Ўзбекистон, 2011. –Б.10.
Абдулқодир Муродов. Ўрта Осиё хаттотлик санъати тарихидан. Тошкент: Фан нашриёти, 1971. –Б.11.
Абдулғафур Раззоқ Буҳорий. Шарқ хаттотлик ва миниатюра санъати намуналари (VII-XXI асрлар мусанниф бисотидан ). Тошкент: Ўзбекистон, 2011. –Б.11.
Абдулғафур Раззоқ Буҳорий. Ўша асар. –Б.10.
Иншо-расмий ёзма мурожаатлар, масалан ариза, билдиришнома, тушунтириш хати каби расмий идораларга ёзиладиган хат ва ҳужжатларнинг ўзига хос қонун-қоидалар асосида ёзиладиган хат тури иншо деб аталган. Бу китобатнинг алоҳида бир тури бўлган. Иншо ёзадиган котибларни «мунший» деб атаганлар (Ҳ.Аминов).
Абдулғафур Раззоқ Бухорий. Ҳуснихат дурдоналари (Настаълиқ хати қоидалари) Тошкент. Мовароуннаҳр. 2008. –Б. 4.