أهلا وسهلا ومرحبا إلى صحيفتنا
01 / 01

أهلا وسهلا ومرحبا إلى صحيفتنا

Саҳифамизга хуш келибсиз, марҳабо!

Араб хатининг вужудга келиши

Араб хатининг вужудга келиши

Биринчи хат ёзган Одам алайҳиссаломдир ва у зотга ёзув таълимини берган Аллоҳ Роббул иззадир. Чунончи Қуръони каримда “(Аллоҳ) Одамга барча (яратилган ва яратилажак нарсаларга тегишли) номларни ўргатди”  деб марҳамат қилинган. (Бақара сураси, 31-оят)

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Араб лафзи ва нутқида биринчи ёзган зот Исмоил ибн Иброҳим алайҳиссаломдир”.
Али ибн Бурҳониддин Ҳалабий “Сийрат ас-саҳиҳ” (Ишончли тарих) асарида: “Арабий хатда биринчи бўлиб ёзган киши Исмоил алайҳиссаломнинг ўғли Низор ибн Маъадд ибн Аднондир” деган .  
 (Макҳулдан ривоят қилинишича) Исмоил алайҳиссаломнинг фарзандларидан бўлган Нафис, Назр, Таймо ва Давмалар араб ёзувига биринчи бўлиб асос солган бўлиб, улар ҳарфларни бир-бирига улаб ёзишни жорий қилганлар, ҳатто алиф билан ро ни қўшиб ёзганлар. Бу (ҳарф)ларни алоҳида шаклда Ҳамис ва Қайдорлар фарқлаб ёзганлар. Бу иккиси ҳам Исмоилнинг (алайҳиссалом) авлодларидан бўлган .
 Масъудий  айтади: “Арабий хатнинг биринчи тузувчиси Миҳсан ибн Жандал ибн Яъсоб ибн Мадяннинг авлодлари бўлиб, улар Аднон ибн Уддга тушган эдилар. Уларнинг исмлари Абжад, Ҳавваз, Ҳуттий, Каламан, Саъфас ва Қарашат бўлган. Улар ўзларининг исмида иштирок этган ҳарфларни ҳисобладилар ва яна исмларида мавжуд бўлмаган ҳарфларни ҳам топдилар. Булар – са (ث), хо (خ), зол (ذ), зод (ض), зо (ظ), ғайн (غ) ҳарфлари эди. Бу ҳарфлардан ҳам яна иккита Саххоз ва Заззоғ сўзларини ясаб ўз исмларининг қаторига қўшиб қўйдилар. Шу билан ҳижоия (алфавит) ҳарфлари тўлиқ бўлди”. Баъзи ривоятларда келтирилишича, булар Мадяннинг подшоҳлари бўлиб, уларнинг раиси Каламан деб аталарди. Ҳаммалари Шуъайб алайҳиссаломнинг қавмидан бўлиб, барчалари “зулмат кунида” ҳалок бўлганлар. “Зулмат куни” яъни қаттиқ иссиқдан кейин қоп-қора булут келди, ёмғир ўрнига олов ёғди ва барчалари куйиб кетди. (Мадян қирилиб кетган араб қабилаларидан бири бўлиб, уларнинг ерлари Ақаба қўлтиғидан Тури Синога қадар чўзилган). Каламуннинг қизи отасига атаб марсия ёзган ва бу сақланиб қолган. (Қандай қилиб бу қиз қавми билан бирга ҳалок бўлмай, тирик қолганининг сабабини билмайман”, деб ёзади Масъудий) .
Яна Масъудий Ҳишом ибн Калбийдан ривоят қилиб айтади: “Хат (ёзув)нинг илк ижодкорлари Анборда яшаган Булон қабиласининг Той (уруғи)дан уч киши бўлиб, улар Мирор ибн Мурра, Аслам ибн Садра ҳамда Омир ибн Жадралар эди . Улар сурёний алифбосига солиштириб (қиёслаб) араб алифбосини ишлаб чиқдилар. Биринчи босқичда ҳарфларни кўриниши (сурати)ни ёзадилар. Иккинчи босқичда ҳарфларнинг алоҳида ва уланган ҳолдаги шаклини ишлаб чиқдилар. Учинчи босқичда нуқталарини қўйиб чиқдилар ва улар бу хатни “хаттул жазм” деб номладилар. Бу – “кесик” деганидир. Чунки у “Ҳимярий хат”идан кесиб олинган эди. Айтилишича, Анбор аҳли Ҳийра аҳлидан хат таълимини олганлар. Бошқа ривоятда бунинг акси бўлганини айтади. Айтиладики, милоддан аввалги 190-йилларда ҳукмронлик қилган Мунозаранинг даврида Ҳимярий хати Ҳийрага келтирилган. Ҳумяр Ҳуд қавми бўлган аҳли Яманнинг хатидир. Ҳуд – биринчи Од яъни Ирамнинг Од қавми эди. Улар ишлатадиган ёзув “муснад  ал-ҳимярий” (химярийча хат) деб номланарди” .
Мақризий : “Биринчи хаттотлик қалами бу – Ҳимяр ва Од подшоҳларининг қаламларидир”, деган. Тарихи ибн Халдун (807 ваф.) китобнинг биринчи жузида қўшимча равишда буюк амир ҳамда моҳир хаттот Шакиб Арслон  шундай ёзади: “Европалик олимлар, шу жумладан олмониялик шарқшунос олим Мартис Олмоний ҳам қуйидаги фикрни билдирдилар: иограф ҳарфлардан кейин ҳарфлар билан ёзиш Яманда вужудга келган. Ёзишни финикияликлар ихтиро қилган деган фикр машҳур бўлса-да, лекин бу фикр тўғри эмас. Балки биринчи бўлиб яманликлар китобат (ёзиш)ни ихтиро қилганлар. Мартиснинг айтишича, финикияликлар ўзларининг ёзувини яманий араб ёзуви асосида бино қилганлар. Юнонлар эса финикияликлардан олган, ўз ўрнида римликлар юнонлардан олган. Дунёда китобатни улар қўлга киритганлар ва мана шу эътибор билан улар ёзув маданиятига асос солган” .
Ибн Халдун муқаддимасининг ‘‘Хат ва китобат инсониятнинг кашфиётларидандир’’ (“Фасл аннал хатто вал китобота мин адодис синоъил инсонияти’’) бобида шундай дейди: “Араб хати Табобиъалар  давлатида бенуқсон ва афзалликда маромига етиб бўлган эди.  Бу давлат маданийлашиб, дабдабали ҳаёт кечира бошлагач, у “хат ал-ҳумярий” деб атала бошлади ва Оли Мунзир давлатидан бўлган табобиъанинг аслзодалари Ироқ ерлари билан араб  мулкини кенгайтиргач бу хат Ҳийрага кўчди. Бироқ уларнинг ёзувлари табобиъаларникичалик аъло даражада эмас эди.
     Тоиф  ва Қурайш аҳли ёзувни Ҳийраликлардан ўзлаштирганлар. Айтилишича, Ҳийраликлардан китобатни ўрганган киши Суфён ибн Умайядир. Яна бир ривоятда бу киши Ҳарб ибн Умайя бўлган ва у китобатни Аслам ибн Садрадан ўрганган, дейилади. Мана шу ҳақиқатга яқин гапдир. Ҳижоз аҳли китобатни Ҳийрадан, аҳли Ҳийра эса табобиъалар ва Ҳумярдан ўрганганлар, деган сўз энг муносиб сўздир. Ҳумярликларнинг ёзуви муснад деб аталган ва ҳарфлари бир-биридан ажралиб ёзиларди. Улар ёзувларини ўзларидан бошқа ҳеч кимга ўргатмас эдилар”.


Тошкент Ислом Институти 4-курс талабаси
Каримов Зиёдуллоҳ Ғайбуллоҳ ўғли

 

 

Муҳаммад Шарифжон Садри Зиё. Тазкиратул хаттотийн. Мажмуа.//Қўлёзма. Ўз ФА ШИ. – .№1304.
Қаранг: Муфтий Усмонхон Алимов. Тафсири ирфон. I-III Жуз. -Т.: Шарқ, 2012. –Б. 50; Абдулазиз Мансур. Қуръони карим маънолар таржима ва тафсири. Тошкент, 2009. -Б. 6.
Муҳаммад Тоҳир ибн Абдулқодир ал-Курдий. Тарих ал-хат ал-арабий ва адабиҳи. –Б.17.
Муҳаммад Тоҳир ибн Абдулқодир ал-Курдий. Тарих ал-хат ал-арабий ва адабиҳи. –Б.17.
Али ибн Ҳусайн ибн Али Абул Ҳасан ал-Масъудий саҳоба Абдуллоҳ ибн Масъуднинг (р.а.) зурёдидан. Шайх Муҳаммад ибн Яҳё (муҳаддис олим) Шамсиддин у ҳақда шундай деган: “У Бағдодликлардан ҳисобланади. Бир муддат Мисрда яшаган. Тарихшунос, ажойиб ва ғаройиб, қизиқарли  ҳамда нодир воқеа ва ҳодисаларнинг билағони, саёҳатсевар одам эди. Ҳижрий 346 йилда вафот этган”.
Муҳаммад Тоҳир ибн Абдулқодир ал-Курдий. Тарих ал-хат ал-арабий ва адабиҳи.  –Б. 19.
Ибн Мунзир. Лисон ал-Араб. 6-жуз. –Б. 4178.
Муҳаммад Тоҳир ибн Абдулқодир ал-Курдий. Тарих ал-хат ал-арабий ва адабиҳи. –Б. 19.
Аҳмад ибн Али ибн Абдулқодир Абулаббос Алҳусайний Алабидий Тақиййиддин ал-Мақризий
1365-1441й. (ҳ.766-845) Мисрлик тарихчи олим. Қоҳирада туғилиб, ижод қилиб, Қоҳирада вафот этган. Асли Баълабаккалик бўлиб Мақораза қишлоғига нисбат берилган.
Шакиб ибн Ҳамуд ибн Ҳасан ибн Юнус Арслон (1869-1945) Ҳира подшоларининг Танухийн сулоласидан. Тил ва сиёсий илмлар олими, тарихчи.
Муҳаммад Тоҳир ибн Абдулқодир ал-Курдий. Тарих ал- хат ал-арабий ва адабиҳи. 1939.
Қуръони каримда бу давлатни «Туббаъ қавми» деб номланган. Бу давлат Яманда бўлган. Тафсир китобларида Ҳомийр подшоҳларининг лақаби «Туббаъ» бўлган. Ўша подшоҳлардан бири Аллоҳнинг динига кириб ўз қавмини ҳам динга чақирган, дейилади. Қаранг: Шайҳ Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Тафсири Ҳилол. 5 жуз. Тошкент: Шарқ, 2008. –Б. 570.
Макка шаҳрига қўшни шаҳар.
Муҳаммад Тоҳир ибн Абдулқодир ал-Курдий. Тарих ал-хаттил арабий ва адабиҳи. 1939; Ҳабиб Исфаҳоний Хат ва хаттотон //Тошбосма Ўз ФА Абу Райҳон Беруний номидаги ШИ Фонди инв№ 3640.

ЭЛЕКТРОН ДАСТУРЛАР

Андроид дастурлар


Рейтинг@Mail.ru

АНВАР АҲМАД

GRAND TA'LIM нодавлат таълим муассасаси катта устози Анвар Аҳмад таълим даргоҳига асос солинган илк кунлардан бери фаолият юритади. Араб тили грамматикасида оид кўплаб дарслик ва адабиётлар тўпловчиси ва муаллифларидан.

arabic.uz сайтининг муҳаррири, "Риёзус солиҳийн", "Ал-Азкор", "Саодатга етакловчи ҳикматлар" ва бошқа кўплаб асарлар таржимони ва нашрга тайёрловчиси.

Анвар Аҳмад 1977 йилда таваллуд топган, оилали 4 нафар фарзанди бор. Миср Араб Республикасининг Азҳари Шариф, ал Азҳар институтлар бўлими, эъдодий ўрта-махсус билим юртини тамомлаган.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг шогирди. "Саҳиҳи Бухорий"дан шайх хазратларидан ижоза олган. “Олтин силсила” таржимонлар гуруҳининг аъзоси.

Аввал Миср Араб республикаси элчихонаси қошидаги фан ва таълим марказида араб тили ўқитувчиси, 2008 йилдан эса GRAND TA’LIM етакчи ўқитувчиларидан.

МАҚСАДИМИЗ

Миллий қадриятларимиз, маънавий бой меросимизни тиклаш ва уларни чуқур ўрганиш, унинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини халқимиз ўртасида тарғиб этиш, имом Замахшарий, Абдураҳмон Жомий каби бобокалонларимиз ижод қилган араб тили ва грамматикасига бўлган рағбатни қондириш, сақланаётган тарихий ва нодир қўлёзмаларни авлодларга етказиш, аждодларимиз ҳаёти, ахлоқи ва юксак маънавиятини ифодаловчи матнларни таржима қилиб, ёшлар қалбида улар қолдирган меросга ҳурмат, эъзоз ва муҳаббат туйғусини шакллантириш.

БИЗ БИЛАН БОҒЛАНИШ:  [email protected]