АРАБ ТИЛШУНОСЛИГИ ТАРИХИДА СЎЗ ҲАҚИДАГИ ҚАРАШЛАР
Сўз объектив борлиқдаги предмет ёки ҳодисалар ҳақидаги тушунчанинг товуш воситаси билан ифодаланишидир. Бу тушунча предмет ёки ҳодисанинг онгда акс этишидир [1:16].
Сўз тил бирлиги сифатида маъно ифодалаш хусусиятига эга бўлиб, сўзнинг маъноси нарса-ҳодисалар билан узвий алоқадан келиб чиқади. Бу узвий алоқа борлиқнинг инсон онгида акс этиши орқали пайдо бўлади. Ўз товушлар тизимига эга бўлган, бирор бир маъно англатувчи турли грамматик маъно ва вазифаларда қўлланадиган энг кичик нутқ бирлиги сўздир [1:18].
Сўз ва унинг гапдаги вазифаси ҳақида классик араб тилшунослигида илмий фикрлар билдирилган. Бу борада, айниқса, аллома Сирожиддин абу Яқуб Саккокийнинг қарашлари аҳамиятлидир. Саккокий сўз ҳақида қуйидаги маълумотни келтиради: الكلمة هي اللفظة الموضوعة للمعنى مفردة
Яъни, “Сўз – маълум бир маъно устига қўйилган яхлит лафздир” [2:12].
Араб тилида كلمة нинг уч хил ўқилиши бор. كَلِمَةٌ деб ўқилиши адабий тилга хос бўлиб, Ҳижоз аҳли ҳам шундай талаффуз қилади. Қуръон каримда ҳам ҳудди шу ҳолатда келади. Бу сўз Тамим лаҳжасида كِلْمَةٌ ва كَلْمَةٌ тарзида талаффуз қилинади [4:14].
كلمة сўзи كَلِمٌ нинг бирлиги бўлиб, “аниқ бир сўз” маъносини англатади. كَلِمٌ нинг كلمة дан фарқли жиҳатларидан бири, كَلِمٌ маъно тугалламаган учта сўздан иборат бирликни ифодалайди. (ان قام زيد -Агар Зайд турса) كلمة шу учта сўзнинг биттасини ифодалайди.
لفظ сўзи – асл маъноси талаффуз қилинган товуш ёки товушлар йиғидисини ифодалайди. Классик тилшунослар лафзни иккига бўладилар:
- Маъно англатувчи лафз (موضوع).
- Маъно англатмайдиган лафз (مُهمَل).
Юқоридаги таърифда лафзни ҳам умумийликдан хусусийликка чиқариб, ундан кейин موضوعة للمعنىсўзларининг ишлатилиши айнан маъно англатувчи лафзга ишора қилиб келди (لفظ умумий лафз бўлса, لفظة битта лафз).
مفردة сўзининг таърифдаги маъноси сўзнинг ҳарфлари сўзни англатмаслигини билдириб келяпти. Яъни زيد сўзинингز ҳарфи Зайдни ифодаламайди. Уч ҳарфнинг битта бўлиб берилиши шу сўзни ифодалаб келади.
Демак, сўз – шундай лафзки, уни ташкил қилган ҳарфлар биргаликда маъно англатиб, сўз ҳосил қилади.
Маҳмуд Замахшарий “Унмузаж фи наҳв” асарида сўзга, الكلمة مفرد - “Сўз маъно англатувчи бирликдир”, дея таъриф берганди [5:4].
Бу таърифни Муҳаммад ибн Абдуғаний қуйидагича шарҳлайди: الكلمة لفظ موضوع لمعنى مفرد [5:5]
Таърифдаги “لفظ” сўзи унда тушунилиши мумкин бўлган хат, битим, ишора, белги тушунчаларини чиқариб юборади. “موضوع” маънони англатмайдиган товушлар йиғиндисини таърифдан чиқариб юборади. “مفرد” сўзи эса бирикма эмас, яхлит бирлик маъносини ифодалаб келади. Демак, сўз бирикма бўлмаган маъно англатувчи товушлар йиғиндисидан иборат бирликдир.
“Унмузаж фи наҳв”нинг кенг баёни ҳисобланувчи “Муфассал фи санъати Иъроб” асарида сўзга аввалгисига нисбатан кенгроқ таъриф берилган: “Сўз маъно англатувчи (ишора, хат, белгилардан бошқа) мураккаб бўлмаган лафздир” ( الكلمة هي اللفظة الدالة على معنى مفرد بالوضع) дейилади унда [6:4].
Араб тилшуноси Муҳаммад ибн Умар Шалавбин сўзга нисбатан бошқачароқ ёндашган. У сўзни كلمة билан эмас, لفظة сўзи билан ифодалаб, унга қуйидагича таъриф беради فاللفظ المفرد, هو الدال على معنى بشرط الا يكون جزء من أجزاء ذلك اللفظ يدل على جزء من أجزاء ذلك المعنى – “Муфрад лафз маънога далолат қилиб, бу сўзнинг бўлакларидан бири бўлмаслиги шарти билан ўзи ифодалаётган маънонинг бўлакларидан бирини ифодалайди” [7:197].
Таъриф мисол билан осонроқ тушунилади. Мана унинг мисоли, بيت деган сўз мураккаб эмас, муфрад лафз. Муфрад бир сўзни ифодалаб, унинг қисмлари шу сўзни тўлиғича ифодаламайди.
Шалавбин сўзнинг бирикмага айланиш ҳолатини ҳам яхши берган. Унинг ёзишича:
فان كان اللفظ دالا على معنى و كان جزء منه يدل على جزء من ذلك المعنى كان مركبا.
Яъни, “Агар лафз маънони ифодалаб, бу маънонинг бир бўлагини ифодалаб келса, бу бирикма ҳисобланади” [7:198].
Юқоридаги гапда بيت ва صاحب ( уй ва соҳиб) алоҳида мураккаб бўлмаган сўзлардир. Агар “соҳиб” сўзи “уйнинг соҳиби” маъносини ифодалаганда эди, бу бирикма ҳолатида бўларди صاحب بيت.
Юқоридаги фикрлардан сўзнинг шундай хусусияти келиб чиқадики, сўз тилнинг мустақил бўлган, маълум маънога эга, фонетик жиҳатдан тўла шаклланган, тугалликка эга бўлган бирлигидир.
Сўз товушлардан ташкил топади ва бу товушлар албатта маънони англатиб келади. Товушнинг ёлғиз ўзи сўзни ташкил қилмайди. Сўзнинг маъноси шу товуш билан ифодаланган мундарижадир. Сўз маъно ва товушнинг – ички (семантик) ва ташқи (формал) томонларининг ажралмас бирлигидан иборат, шу билан бирга, сўз маълум грамматик хусусиятларга ҳам эга [1:17].
XIV аср араб тилшуноси Абу Муҳаммад ибн Ҳишом Ансорий сўзга қуйидагича таъриф беради: “Сўз маъно англатувчи қавлдир” (الْكَلِمَةُ قَوْلٌ مُفْرَدٌ) [3, 15].
Бу олим сўзга анчайин аниқ ва қисқа таъриф берган. Маълумки, كلمة сўзи араб тилида гапга нисбатан ҳам ишлатилади. Жумладан, Мўминлар сурасининг 99-100- оятларида ўқиймиз:
قَالَ رَبِّ ارْجِعُونِ. لَعَلِّى أعْمَلُ صَالِحا فِيمَا تَرَكْتُ كَلَّا اٍنَّهَا كَلِمَةٌ هُوَ قَائِلُهَا.
(“Ей роббим, мени (ҳаётга) қайтаргин. Шояд тарк қилган нарсамда солиҳ амал қилсам”, дер. Албатта бу (қуруқ) сўз бўлиб, у айтгувчи холос.)
Шунингдек, ҳадиси шарифда ҳам كلمة сўзи جملة маъносида келади. Масалан, قال محمد صلى الله عليه و سلم, أفضلُ كَلِمَة قالها شاعرٌ كَلِمَةُ لَبيد.
Росулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва саллам айтдилар, “Энг афзал гап шоир Лабид гапи”. Лабид ибн Робиянинг қуйидагича бошланувчи шеъри эди:
ألا كل شيء ما خلا الله باطل
و كل نعيم لا محالة زائل
“Огоҳ бўлинглар, Аллоҳдан бошқа ҳамма нарса ўтгувчи. Ҳамма бахт-саодат, шубҳасиз, завол топгувчи” [4:15].
Истилоҳда كلمة яхлит маъноли сўздир. Бу таърифда келтирилган قول сўзининг лафз сўзидан фарқли жиҳати, у фақатгина маъно англатувчи сўзни ифодалайди. لفظ сўз маъно жиҳати قول сўзидан كلمة сўзига нисбатан узоқроқдир. Агар لفظ сўзи қўлланилса, албатта موضوعة للمعنى деган сўзлар келтириш лозим бўлар эди. Олим мухтасарликни афзал билиб, таърифда قول сўзини келтирди. مفرد сўзи юқоридаги مفردة сўзи билан бир хил маъно ва вазифада келган.
Жамоллиддин ибни Молик ўз қарашларини шеърий тарзда баён қилган: كلامنا لفظ مفيد, كاستقم
و اسم و فعل ثم حرف
الكلم واحده كلمة و القول عم
و كلمة بها كلام قد يؤم
“Гапимиз фойдали лафздир, тўғрилан каби
Ва исм, феъл сўнгра ҳарфдир.
Калим сўзининг бирлиги калима сўзидир.
Қавл умумий бўлди.
Ва сўз бирла калом сўзланди,” дея гап ва сўзни таърифлайди [4:13].
Бу таъриф аввалги икки таърифни жамлаб келади. Битта сўз гап ҳам бўлиб келиши мумкин. Наҳвийлар гапни икки хил тавсифлайдилар: бири ифода, иккинчиси таркиб. Ифода орқали гап таърифланса, у икки ёки ундан кўп сўздан ташкил топиб, тугалланган маъно англатади. Таркиб – бир сўздан иборат бўлиб, эгаси яшириниб келади.
Юқоридаги таърифларда калима маъно англатувчи яхлит лафз деб айтилди. استقم тўғрилан каби яхлит маъно англатувчи сўз келиб қолса, бу сўз эмас, балки гап бўлади.
Ибн Молик юқоридаги мисраларда كلام،كَلْمَةٌ، كِلْمَةٌ،قولٌ، كَلِمَةٌ، كَلِمٌ сўзларини келтирди. Бу сўзларнинг бир-биридан фарқли жиҳатлари бор, كَلِمٌ -умумий маънодаги сўз; كَلِمَةٌ - бир сўз, قولٌ - сўзи бирмунча умумий бўлиб, гап ва сўзни ифодалайди. كِلْمَةٌ билан كلام бир-бирига яқин маъноли сўзлардир. Булар ўртасидаги фарқ юқирида айтилди. Наҳвийларда كلام атамаси "اللفظ المفيد فائدةيحسن السكوت عليها" тугалланган маънога эга бўлган фойдали лафз дея таърифланади. Бу таърифда лафз сўзи гап, қавл тушунчаларини ҳам қамраб олади.
Демак, асрлар оша ҳам аввалги мўтамад бўлган асарлардаги таъриф ўзгармайди. Абу Яъқуб Саккокийнинг “Мифтаҳул-улум” асари шундай мўтамад асарлардан десак, муболаға бўлмайди. Янги чиққан таърифлар аввалги таърифларни тўлдиради, холос. Чунки кейинги таърифлар аввалги таърифлар хулосасидан келиб чиққан. Юқорида ўрта асрларда ижод қилган наҳвийларнинг сўз ҳақидаги таърифлари бир-бирини истисно қилмаган ҳолда тўлдириб, бойитиб боради. Сўз яхлит бир маънони ифодалаб, қисмлардан ташкил топмайдиган ва қисмларга бўлинмайдиган нутқ бирлигидир.
Акмалхон АКМАЛХОНОВ
Фойданилган адабиётлар
- Ўзбек тили грамматикаси 1-Том.,-Т. 1975.
- الامامابويعقوب يوسف بن ابي بكر بن محمد السكاكي تحقيق حمدي محمد قابل. مفتاح العلوم.-القاهرة, دار التوفقية
- ابيمحمدبن هشام الانصاري تأليف محمد محيي الدين عبد المجيد. قطر الندى و بل الصدى.-المدينة المنورة, مكتبة طيبة.1990
- بهاءالدينعبد الله بن عقيل العقيلي الهمداني المصري تأليف محمد محيي الدين عبد المجيد. شرح ابن عقيل.-بيروت, المكتبة العصرية
- العلامةالزمخشريتحقيق جمال الدين محمد بن عبد الغنى. شرح الانموزج في النحو.-القاهرة, مكتبة الاداب. 1990
- العلامةالزمخشري. المفصلفي صنعة الاعراب. موقع الوراق
- عمربنمحمد الشلوبين تحقيق تركي بن سهو بن نزال العتيبي المقدمة الجزولية الكبيرالجزء الاول.-بيروت, مؤسسة الرسالة. 1994