أهلا وسهلا ومرحبا إلى صحيفتنا
01 / 01

أهلا وسهلا ومرحبا إلى صحيفتنا

Саҳифамизга хуш келибсиз, марҳабо!

Биринчи бўлиб араб тилида ким ёзган

Биринчи бўлиб араб тилида ким ёзган

Араб тили барча тилларнинг тожи ҳисобланади. Чунки башариятни ҳидоятга бошловчи китоб айнан араб тилида нозил бўлган. Бундан ташқари пайғамбарлар саййиди Муҳаммад алайҳиссалом ҳам араб миллатига мансуб бўлганлар.

 

Биринчи бўлиб араб тилида ким ёзган деган саволга жавоб излайдиган бўлсак, бу борада келган ривоятлар хилма хиллигини кўришимиз мумкин.

Каъбул Аҳбор розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган хабарда бу ҳақда шундай дейилган:

"‏أول من كتب الكتاب العبري والسرياني وسائر الكتب آدم صلى الله عليه وسلم، قبل موته بثلثمائة سنة، كتبها في طين ثم طبخه، فلما غرق الله جل وعز الأرض، أيام نوح، بقي ذلك فأصاب كل منهم كتابهم‏.‏ وبقي الكتاب العربي إلى أن خص الله به إسماعيل فأصابها وتعلمها‏"

«Ибрий, сирёний ва бошқа барча тилларда биринчи бўлиб ёзган киши бу Одам алайҳиссаломдир. У киши бу ёзувларни вафотларидан 300 йил олдин лойга ёзиб кейин лойни оловда пиширган. Нуҳ алайҳиссалом даврида ер юзини сув босганда, ўша ёзувлар қолган ва тирик қолган қавмларга насиб қилган. Кейин улар ўзига насиб қилган ёзувда ёза бошлаган. Араб тили эса ўша пайтда ҳеч кимга насиб қилмаган. Аллоҳ Исмоил алайҳиссалом араб тили ила хослаган ва у киши ўша Одам алайҳиссаломнинг ёзиб қолдирган ёзувларидан насибадор бўлиб араб тилини ўргандилар».

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда эса Араб тилини асосчиси ҳақида шундай дейилган:

"‏أن أول من وضع الكتابة العربية إسماعيل على لفظه ومنطقه"

«Араб ёзувини биринчи бўлиб жорий қилган одам бу Исмоил алайҳиссаломдир. У киши араб тилини ўз тили ва ўз нутқида жорий қилди».

Абдуллоҳ ибн Амр ва Урва ибн Зубайр розияллоҳу анҳумлар эса араб тилига бир киши эмас, бир неча киши асос солганини айтишган

"‏أول من وضع الكتاب العربي قوم من الأوائل، نزلوا في عدنان بن أد بن أدد، أسماؤهم أبجد وهوز وحطي وكلمن وسعفص قرشت"

«Араб хатини биринчи бўлиб Аднон ибн Ад ибн Адад қабиласига келиб тушган илгариги қабила вакиллари кашф қилишган. Уларнинг исми: Абжад, Ҳуз, Ҳутти, Калман, Саъфас ва Қаршат бўлган».

Доктор Абдуллоҳ эса ўзининг «Араб тилида биринчи бўлиб ёзган одам» номли мақоласида араб тилини  Анбор қабиласидан бўлган Мирор ибн Мурра ва Аслам ибн Дурралар биринчи бўлиб ёзишган деган ривоятни ҳақиқатга яқинроқ деб билган.

Баъзилар Идрис алайҳиссаломни араб тилида ёзган биринчи пайғамбар дейишади. Аслида эса, Идрис алайҳиссаломни араб тилида биринчи ёзган одам эмас, қалам  билан биринчи ёзган одам ҳисобланадилар. У киши пайғамбар қилиб юборилган халқ 72 тилда гаплашар эди. Идрис алайҳиссалом уларнинг ҳар бирига ўз тилида динни етказганлар яъни 72 та тилни пухта билганлар. Зеро Аллоҳ Қуръонда: «Биз ҳар бир пайғамбарни (ҳукмларимизни) баён қилиб бериши учун ўз қавмининг тили билан (сўзлайдиган қилиб) юбордик», деб марҳамад қилган. (Иброҳим сураси:4).

Ривоятларни ўрганиб чиқиб шуни айтиш мумкинки, араб тилида биринчи бўлиб ёзган одам Фалончи деб қатъий айтиб бўлмайди.

 

Абдулазиз Усмонов

ЭЛЕКТРОН ДАСТУРЛАР

Андроид дастурлар


Рейтинг@Mail.ru

АНВАР АҲМАД

GRAND TA'LIM нодавлат таълим муассасаси катта устози Анвар Аҳмад таълим даргоҳига асос солинган илк кунлардан бери фаолият юритади. Араб тили грамматикасида оид кўплаб дарслик ва адабиётлар тўпловчиси ва муаллифларидан.

arabic.uz сайтининг муҳаррири, "Риёзус солиҳийн", "Ал-Азкор", "Саодатга етакловчи ҳикматлар" ва бошқа кўплаб асарлар таржимони ва нашрга тайёрловчиси.

Анвар Аҳмад 1977 йилда таваллуд топган, оилали 4 нафар фарзанди бор. Миср Араб Республикасининг Азҳари Шариф, ал Азҳар институтлар бўлими, эъдодий ўрта-махсус билим юртини тамомлаган.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг шогирди. "Саҳиҳи Бухорий"дан шайх хазратларидан ижоза олган. “Олтин силсила” таржимонлар гуруҳининг аъзоси.

Аввал Миср Араб республикаси элчихонаси қошидаги фан ва таълим марказида араб тили ўқитувчиси, 2008 йилдан эса GRAND TA’LIM етакчи ўқитувчиларидан.

МАҚСАДИМИЗ

Миллий қадриятларимиз, маънавий бой меросимизни тиклаш ва уларни чуқур ўрганиш, унинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини халқимиз ўртасида тарғиб этиш, имом Замахшарий, Абдураҳмон Жомий каби бобокалонларимиз ижод қилган араб тили ва грамматикасига бўлган рағбатни қондириш, сақланаётган тарихий ва нодир қўлёзмаларни авлодларга етказиш, аждодларимиз ҳаёти, ахлоқи ва юксак маънавиятини ифодаловчи матнларни таржима қилиб, ёшлар қалбида улар қолдирган меросга ҳурмат, эъзоз ва муҳаббат туйғусини шакллантириш.

БИЗ БИЛАН БОҒЛАНИШ:  [email protected]