Шайх Абдуллоҳ зодагонларнинг бириникида кечки овқат тановул қилдилар. Шайх хазратлари дастурхонга тўкилган нарсаларни териб еяётганларини мезбон кўриб қолди. У бундан ажабланиб: "Эй шайх! Олдингизда турган бир неча идишлардаги овқатларни емасдан нега дастурхонга тўкилган овқатларни емоқдасиз?!" деб айтган эди, шайх: "Олдимдаги тўкилган овқат учун Аллоҳ олдида мен масъулман. Идишдаги нарсалар учун Аллоҳ олдида сен масъулсан", деб жавоб бердилар.
Сизлар ҳам, ўзингиз ва фарзандларингизни неъматларни асраб‑авайлаш ва унга шукр қилишга одатланинглар. Аллоҳ таоло бу ҳақда:
"Сўнгра ўша кунда, албатта, берилган неъматлар тўғрисида сўраласизлар", (Такосур сураси, 8‑оят), деб айтган.
(Яъни, қиёматда ҳар бир неъматни нимага, қандоқ сарф қилганингиз ҳақида сўралади. Ҳа, каттаю кичик ҳар бир неъмат ҳақида сўраласиз. Ҳар бир неъматга шукр қилдингизми, йўқми - сўраласиз. Аллоҳ таоло сизга берган молу дунё неъматини нимага сарфладингиз, ҳалолгами ҳаромга, Аллоҳни рози қиладиган йўлгами, ғазабини қўзғатадиган йўлгами ҳамма-ҳаммаси ҳақида сўраласиз.)