Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қайси бир мусулмон бирор экин экса-ю, ундан ейилса, албатта, унинг учун садақа бўлади. Ўғирлангани ҳам унинг учун садақа бўлади. Йиртқичлар егани ҳам, албатта, унинг учун садақа бўлади. Қушлар егани ҳам, албатта, унинг учун садақа. Ўша экиндан бирортаси манфаат олса, албатта, унинг учун садақадир», дедилар».
Имом Муслим ривояти.
Изоҳ: Зироатчилик билан шуғулланиш ана шундоқ улуғ иш. Баъзи вақтда экинига ўғри тушган зироатчилар хафа ҳам бўлишади. Албатта, бу хафа бўлишга арзигулик ҳодиса. Тер тўкиб қилинган меҳнат самараси қандайдир ёвуз киши томонидан олиб кетилиши ачинарли ҳолат. Лекин зироатчи ўша ўғирланган нарсаси ҳам беҳуда кетмаганини англаб етиши лозим. Бу иш унинг учун садақа сифатида номаи аъмолига ёзиб қўйилади.
Ҳа, деҳқонлардан ҳамма манфаат олади. Аллоҳ таоло уларни ҳамма жонзотнинг ризқига сабабчи қилиб қўйган. Шунинг учун ҳам касбларнинг ичида Ислом уламолари нуқтаи назарида деҳқончилик энг афзал касб ҳисобланади.