Инсоният қуёш нурига қарши кўзойнак тақишни бошлашидан анча йиллар олдин бу нарсани туя билган эди. Чунки, туянинг кўзида учинчи шаффоф қовоқ (парда) бўлиб, у қуёш нури ва саҳродаги бўрон учирган ғуборлардан ҳимоялайди.
"Ахир улар туянинг қандай яратилганига, (ибрат назари билан) боқмайдиларми?! (Ғошия сураси, 17 оят)
Изоҳ: Ушбу оятларда кишиларнинг назари аввало ҳайвонот оламидан "саҳро кемаси" деб ном олган туяга қаратилмоқда. Дарҳақиқат, саҳро аҳли учун туя ҳам алоқа воситаси, ҳам оғир юкларни ташувчи ва оғир вазифаларни бажарувчи хизматкор; унинг юнги кийим бўлса, сути тўйимли ва суюмли таом. У ўзи баҳайбат ва ниҳоят даражада бақувват бўлишига қарамасдан ёш гўдак етакласа ҳам бўйсуниб кетаверади. Унга миниш ёки вазмин юкларни ортиш ўта қулай: бир ишора билан олдингизга чўкиб, гўё бир харсанг тошдек қилт этмасдан туради, миниб олгач эса яна бир ишора билан у "харсанг тош" ўрнидан кўчиб, исталган тарифга равона бўлади. Булар туянинг ташқаридан кузатилган пайтда кўзга ташланадиган жиҳатларидир. Энди унинг вужудига ибрат назари билан қаралса, у ойлаб овқатсиз, сувсиз юра олишидан тортиб, унинг баданидаги ҳар бир аъзо нақадар саҳрога мослаб яратилганини кўриб Яратганнинг кудратига тан бермай илож йўқ.