Саҳобалардан бири хотини билан танг аҳволда қолди. Чунки хотиннинг овози доим эриникидан баландлаб кетар эди. Ўша саҳоба мўминлар амири Умар ибн Хаттобнинг ҳузурларига хотинидан шикоят қилиб келди. Энди эшикларини тақиллатмоқчи бўлиб турганида, ичкаридан Умарнинг овозларидан кўра хотинларининг овози баланд чиқаётганини эшитиб қолди ва умиди пучга чиқиб кетишга тайёргарлик қилиб турганида, Умар ибн Хаттоб эшикни очиб, чиқиб келдилар ва: "Мени олдимга келган бўлсангиз керак", дегандилар, у: "Ҳа, хотинимнинг овози баландлигидан сизга шикоят қилгани келган эдим, сизнинг хонадонингизда ҳам бу муаммо меникига ўхшаган экан", деди. Шунда Умар розияллоҳу анҳу: "У мени оғиримни кўтаришса, кийимларимни ювса, тўшагимни солса, фарзандларимни тарбияласа, уйимни саранжом тутса, Аллоҳ буюрмаган бўлсада буларни ихтиёрий бажарганида наҳотки мен унинг овози баландлашини кўтара олмасам", деб жавоб бердилар.
Мана шу ҳақиқий севги, мана шу ҳақиқий муҳаббат, мана шу хотин учун амалга оширилган энг яхши муомаладир!