Пайғамбарлик Аллоҳ томонидан ато қилинган фазл ва марҳаматдир. Пайғамбарликдан бошқа ҳар қандай даражани инсон ҳаракат қилиб қўлга киритади. Шунинг учун мўмин кимса Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламга боғлиқ бўлган нарсани танлаб, у зотнинг одоблари билан одобланади, у зотнинг йўналишлари ва шариатларига эргашиб, ўзидаги касаллик ва айблар устидан ғолиб келади. Шу нарсани қўлга киритиш орқали Аллоҳга бандалик мақомига эришади. Бу билан фақат ва фақат Аллоҳ таолонинг розилигига эришади.
(Эй Муҳаммад алайҳиссалом), айтинг: "Агар сизлар Аллоҳни севсангиз, менга эргашинглар. (Шунда) Аллоҳ сизларни севади ва гуноҳларингизни мағфират қилади. Аллоҳ (гуноҳларни) Мағфират қилгувчи, меҳрибондир", (Оли имрон сураси, 31‑оят).