أهلا وسهلا ومرحبا إلى صحيفتنا
01 / 01

أهلا وسهلا ومرحبا إلى صحيفتنا

Саҳифамизга хуш келибсиз, марҳабо!

Ўзбекистонда араб тили таълими: тарих ва замонавий ҳолат

Ўзбекистонда араб тили таълими: тарих ва замонавий ҳолат

Араб тилининг Ўзбекистон маданияти тарихида тутган ўрни беқиёсдир. Ўн уч аср давомида диёримиз тарихи араб тили ва ёзуви билан боғлиқ бўлиб келган. Маълумки, араблар Ўрта Осиёга VII асрдаёқ кириб келганлар. Имом Табарийнинг қайд этишича, ўша даврларда 40 га яқин араб уруғ ва қабилалари Ўрта Осиёга кўчиб келган[1].

Араблар бу минтақада ўрнашиб шаҳарларда ўз маҳаллалари, воҳаларда эса ўз қишлоқларини барпо этдилар. Бу қишлоқлар ҳозиргача Бухоро, Самарқанд, Қашқадарё вилоятларида ўз эски номларини сақлаб қолган, улар: Арабхона, Арабқишлок, Арабон, Арабшоҳ, Лаби Араб, Араб Асос, Катта Араб, Жейнов, Жуғари ва бошқа 120га яқин араб қишлоқларидир. Аҳоли ҳамон арабча сўз ва ибораларни мулоқот чоғида истифода этади. Шунинг баробарида айрим эски араб удум ва одатлари ҳам турли маросимларда қўлланилади[2].
Араб-ислом маданияти ёйилиши билан минтақада араб ёзуви ҳам тарқала бошлади. Гарчи араб ёзуви минтақа халқлари тилларини тўлиқ акс эттира олмаса ҳам, аста-секин маҳаллий ёзувларни сиқиб чиқарди. Бу ёзувда туркийларнинг классик асарлари ҳам ёзила бошлади. Маҳмуд Кошғарийнинг «Девону луғотит турк» ва Юсуф Хос Ҳожибнинг «Қутадғу билик» каби XI асрга оид асарлари араб ёзувида ифода этилган қадимий туркий манбалар сирасига киради[3].
Шунингдек, IX-X асрларга оид «Ўрта Осиё тафсири» асари ҳам туркийда ёзилган илк араб хати тафсирлари сирасига киради»[4]. Минтақа халқлари ўн уч аср давомида араб ёзувини ҳаётнинг турли соҳаларида қўллаб келди, 1930 йили эса лотин ва 1940 йил кирилл ёзувига ўтилиши оқибатида араб хати маҳаллий халқлар истеъмолидан чиқиб кета бошлади.
Араблар бу юртларни фатҳ қилганларининг илк кунлариданоқ масжидлар барпо этишга эътибор қаратдилар. Масжидлар бир вақтнинг ўзида ҳам ибодат, ҳам таълим даргоҳи вазифасини ўтади. Аста-секин араб тили расмий ёзишмалар, илм-фан ва маданият тилига айлана борди.
Ўзбекистоннинг серунум замини жаҳон тамаддунига улкан ҳисса қўшган кўплаб уламоларни етиштириб берди. Шулар қаторида имом Бухорий, Термизий, Мотуридий, Форобий, Замахшарий, Хоразмий, Фарғоний ва бошқаларни зикр этиш мумкин. Бу буюк алломаларнинг бари араб тилида ижод қилдилар, арабларни ҳам лол қолдирадиган даражада ўз асарларини битдилар. Замахшарий каби тилшунос олимлар эса араб тили грамматикасини қулай янги услубда ёзиб ҳам бердилар. Буларнинг бари минтақада ислом дини тарқалган илк даврларданоқ маҳаллий аҳолида араб тилини ўрганишга рағбат ва иштиёқ юқори бўлгани ҳамда бунинг учун қулай шароит ва имкониятлар яратилганини кўрсатади.
Ўрта асрларда қуйидаги кўринишдаги таълим муассасалари фаолият юритгани қайд этилади:
- Бошланғич диний  мактаблар (мактабхона) – диёримизда кенг тарқалган мактаблардан бири – бошланғич диний мактаб эди. Шаҳар мактабхоналарида ўқувчилар сони 20-30 тага, қишлоқ жойларида эса 10-15 тага етар эди. Мактабхоналар асосан ўқиш, хат-савод чиқаришга ихтисослашган бўлиб, уларда қуйидаги фанлар бўйича таълим берилган: Алифбе, Ҳафтияк (Қуръоннинг 7 дан бири), Чор китоб (тўрт китоб), Сўфи Оллоёрнинг «Саботу-л-ожизин»[5].
- Қизлар мактаби: қизлар мактаби отин-ойилар хонадонларида ташкил қилинар эди. Қизлар мактабида аёлга хос ҳаё, иффат, одоб ва юксак аёллик фазилатлари шакллантирилар эди. Отин-ойилар қўлида тарбияланган қизлар оилавий ҳаётга мукаммал тайёрланган. Шулар баробарида ўғил болалар мактабидаги ўқув предметлари ҳам ўқитилган.
- Қорихоналарда турли ёшдаги болалар таълим-тарбия олар эдилар. Бу ерда асосан Қуръони каримни ёд олиш, Қуръон илмларини ўзлаштириш амалга оширилган.
- Далоилхона – асосан катталарга ихтисослашган мактаб бўлиб, у ерда талабалар домла раҳбарлигида араб тилини ўрганар эдилар. Бундай мактаблар учун асосий дарслик – Муҳаммад ибн Сулаймон Жазулийнинг (ваф. 1465 й.) «Дало’ил ал-хойрот» китоби (Муҳаммад а.с. га атаб ўқиладиган саловотлар тўплами) ҳисобланган. Бу тўпламни ўқиб-ўрганиш муддати бир йилгача бўлиб, бундай мактаблар кам тарқалган эди. Далоилхона битирувчилари кўчаларда, базмларда, жамоат жойларида диний тарғибот ишларини ўтказар эди.
- Мадраса – олий маълумот берувчи таълим муассасаси бўлиб, унга мактабхона битирувчилари қабул қилинган.
- Суфий шайхлар қошида хонақо, зовия ва такяхоналарда ташкил этилган мактаблар. Бундай даргоҳларда бошқа мактабларда ўқитилган предметлар билан бир қаторда тариқат зикр амалиётлари ҳам ўргатиб борилган.
Ушбу таълим муассасаларининг турличалигидан қатъи назар, араб тили уларда асосий ўқув предмети ҳисобланган. Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш жоизки, мадраса талабалари араб тилини ўзлаштиришда асосан XII-XIII асрларда яратилган дарсликлардан фойдаланганлар. Ундан кейинги ёзилган қўлланмалар эса асосий дарсликларга шарҳ вазифасини ўтаб келган[6].
Мадрасаларда араб тили қуйидаги дарслик-китоблар орқали ўқитилган:
- «Бидон» – ушбу китоб форсча «бидон – билгин-ки», деган сўз билан бошланади. Унда араб тили морфологияси форс-тожик тилида шарҳланади.
- «Муъзий» – форс-тожик тилида ёзилган бўлиб, араб тилидаги феъл боблари ва уларнинг тусланишига бағишланган.
- «Занжоний» – форс-тожик тилида ёзилган бўлиб, араб тили морфологиясининг давоми ҳисобланади. Китобнинг асл номи «ал-Мабади' фи-т-тасриф» бўлиб, унинг муаллифи Изиддин Абул Фазоил Занжоний.
- «Авомил» – Абдулқодир Журжоний (1010-1078) томонидан араб тили синтаксисига бағишлаб араб тилида ёзилган китоб.
- «Ҳаракот» – Маҳмуд Замахшарий (1075-1144) томонидан араб тили синтаксисига бағишланган китоб.
Шулардан сўнг «ибн Ҳожиб» номи билан машҳур Усмон ибн Умарнинг «Кофия» ҳамда ушбу китобга Абдураҳмон Жомий томонидан ўз ўғли учун ёзилган «Шарҳи Мулло Жомий» китоби асосида араб тилининг грамматик қоидалари ўргатилган. Мана шу китоблар асосида араб тилини ўзлаштирган талабалар фиқҳ, ақида, тафсир, ҳадис илмлари бўйича араб тилидаги классик манбаларни ўзлаштирганлар. Ушбу таълим ўта консерватив характерга эга бўлиб, унинг мазмуни, дастурлари асрлар давомида деярли ўзгармай келганини кузатиш мумкин. Фиқҳ фани – Бурҳониддин Марғинонийнинг «Ҳидоя», Маҳбубийнинг «Мухтасар ал-виқоя», Лутфулло Фозил Кайдонийнинг «Фиқҳи Кайдоний», ҳадис илми – Хатиб Табризийнинг «Мишкот ал-масобиҳ», тафсир – қози Байдовийнинг «Анвор ат-Танзил» ҳамда Насафийнинг «Мадорик ат-Танзил» асарлари орқали ўргатиб борилган[7].
Гарчи мазкур анъанавий услуб орқали араб тилини ўзлаштириш узоқ
вақт талаб этсада, у маҳаллий аҳоли томонидан синовдан ўтган ишончли услуб сифатида ижобий қабул қилинган. XIX асрга келиб эса, араб тилини тезроқ ўргатишга қаратилган дастурлар асосида татар муаллифлари яратган китоблар Туркистонга кириб кела бошлади. XIII асрдан бери туб ўзгаришларга учрамаган ва маҳаллий аҳолига маъқул келиб қолган анъанавий услуб XIX асрга келиб янгиланиш жараёнларига учради. 1884 йили Қримдаги Боқчасарой шаҳрида Исмоилбек Гаспирали «усули жадид» («усули савтия») деган янги ўқув усулига асос солди. 90-йилларда бу янги усул Туркистонга етиб келди. 1893 йили Исмоилбек Гаспралининг ўзи Бухорога келиб, амир билан учрашди ва янги мактаб очишга муваффақ бўлди. У билан бирга келган ширвонлик Мажид Ғанизода эса Самарқандда қирқ кун қолиб, «усули савтия»дан сабоқ берди. Татар маърифатпарварларининг мактаблари чор ҳукуматининг мақсад ва интилишларига зид ўлароқ Тошкент, Андижон каби шаҳарларда ҳам очила бошлади. Ҳатто ҳозирда ҳам кўплаб ўзбекистонлик араб тили мухлислари ўша мактабларда жорий бўлган татар олимлари – Аҳмад Ҳодий Мақсудийнинг (1868-1941) «Муаллими соний», «Шифоҳия», Санъатуллоҳ Бекпўлатнинг (1886-1948) «Мабдал қироат» каби ўқув адабиётларини қунт билан ўрганадилар. Ушбу услуб Туркистон жадидлари томонидан ҳам тез ўзлаштирилиб, унинг асосида араб тили ўқув адабиётлари яратилди. Усули жадиднинг моҳияти шундаки, унда ҳарфлар «алиф», «сод», «коф», «қоф» тарзида эмас, балки «а», «с», «к», «қ» шаклида берилади. Бу услуб ўз даврида анча самарали ҳисобланиб, талабалар хат-саводини тезроқ чиқаришга хизмат қилган.
1902 йил Туркистонлик арабшунос Саидрасулхўжа Саидазизов (1866-1933) томонидан рус-тузем мактаблари учун «Устоди аввал» номли адабиёт яратилди. Алифбо муаллифи араб ёзувининг мураккаблиги, яъни ҳарфларнинг сўз бошида, ўртасида ва охирида турли шаклларга эга бўлишини кўзда тутган ҳолда ўқитишни ҳамма ўринларда бир хилда ёзиладиган, ўзидан кейинги ҳарфларга қўшилмайдиган мунфасил ҳарфлардан бошлайди. Бу ҳол мурғак болаларда ўқув ва ёзув кўникмаларини ҳосил қилишда муҳим аҳамиятга эга бўлган. Ундан кейин ёзувдаги шакллари бир-бирига яқин бўлган ва ўзидан олдинги ҳамда кейинги ҳарфларга қўшиладиган ҳарфларни тартиб билан ўргатишга ўтади. «Устоди аввал» октябрь инқилобигача 17 марта нашр қилинди ва арабий хат-савод чиқаришга мўлжалланган энг яхши дарсликлардан бирига айланди. «Устоди аввал» алифбо дарслиги Туркистон ўлкасига янги кириб келаётган «усули савтия» – товуш усулига таянган ҳолда тузилган. Унда турк педагог олими Аҳмад Мидҳатнинг 1868 йилда босиб чиқарилган «Хожаи аввал» («Биринчи муаллим») ҳамда Исмоилбек Гаспиралининг 1884 йилда босмадан чиққан ва 27 маротаба нашр қилинган «Хожаи сибён» («Болалар муаллими») алифбо дарсликлари тажрибалари ҳам ўзлаштирилган.
Шуни ҳам айтиб ўтиш керакки ХХ аср бошларда маҳаллий арабшунослар араб тили грамматикаси, фиқҳ, тарих ва бадиий адабиётга доир баъзи асарлар таржимаси билан шуғулланганлар. Жумладан, 1912 йил «Минг бир кеча» Аҳрор Махдум томонидан араб тилидан таржима қилинган, «Мухтасар ал-виқоя» назмда Раҳимхўжа Хатмий ва насрда Мансурхўжа ўғли Мақсудхўжа томонидан ўзбекчалаштирилган[8].
Булар қаторида шу даврларда ижод қилган яна бир қанча маҳаллий арабшуносларни тилга олиш мумкин: Акмал Тошкандий (ваф. 1883 й.), Алмаий (1852-1981), Зариф қори Абдурауф Набиев ва бошқалар.
Жадидлардан Беҳбудий (1875-1919), Авлоний (1874-1934), Мунавварқори (1878-1931) анъанавий таълим жараёнига янгилик киритиш йўлида янги типдаги мактаблар очиб, хат-савод чиқариш бўйича ўша давр учун ноанъанавий таълим методикасини ишлаб чиқдилар. Аммо шуни ҳам эътиборда тутиш керакки, жадид мактаблари анъанавий мактаблар сингари аҳоли ўртасида кенг тарқала олмади. Бунда жадид мактабларининг умри қисқа бўлгани, совет ҳукуматининг тазйиқи, аҳолининг анъанавий таълим тизимига кўпроқ ишонч билдиргани каби омиллар муҳим роль ўйнади.
1920 йил май ойида халқ таълими бўлим бошлиқларининг I съездида қилган маърузасида Мунаввар қори диний таълим муассасаларини йўқ қилиш эмас, балки таълим дастурларини дунёвийлаштириш орқали таълим тизимини ислоҳ кераклигини таъкидлаган эди. Зеро, «ўрта асрларда ҳам Ўрта Осиё мадрасаларида диний билимлар билан бир қаторда араб тили, мантиқ, география, астрономия, математика, тиббиёт каби дунёвий фанлар ўтилгани боис бундай таълим даргоҳларида буюк алломалар етишиб чиққан»лигига Мунаввар қори ўз чиқишида урғу беради[9].
Жадидлар арабшунослик масалаларига эътибор қаратганлари баробарида, янги совет ҳукумати ҳам чор Россияси даврида шаклланган рус арабшунослиги асосида совет арабшунослигини ташкил этишга қилган ҳаракатлари намоён бўлди. Чунончи, 1935 йили Совет арабшунослари уюшмаси тузилиб, унга барча совет республикаларидан таниқли арабшунослар аъзо бўлдилар. 1937 йили арабшунослар уюшмасининг Ленинград шаҳрида бўлиб ўтган иккинчи йиғилишида Ўзбекистон арабшунослари томонидан амалга оширилаётган ишлар юқори баҳоланди. Хусусан, ушбу йиғилиш резолюциясида айтилишича, агар революцияга қадар араб қўлёзмалари фондлари асосан Ленинградда тўпланган бўлса, эндиликда бундай фондлар Тошкент, Қозон, Тбилиси, Боку, Сталинободда (ҳоз. Душанбе) ҳам ташкил этилган. Нодир арабий қўлёзмаларни каталоглаштириш ишлари яхши йўлга қўйилган, бу борада Тошкентдаги ЎзССР халқ кутубхонасида амалга оширилган ишлар алоҳида ўрин тутади»[10].
Арабшунослар ушмасининг мазкур йиғилиши якунида қабул қилинган резолюцияда қуйидаги вазифалар белгиланди:
1. Араб тили грамматикаси асосида араб тилида жумла таркибини ўрганиш.
2. Араб тилининг тарихий грамматикаси устида тадқиқотлар олиб бориш.
3. Профессор Х.К.Барановнинг «Арабско-русский словарь» луғат китобини тез орада нашр этиш.
4. Араб шевашунослиги бўйича тадқиқотларни жонлантириш.
5. Ўрта Осиё араблари тили ва фольклорини ўрганишни давом эттириш.
6. Классик ва замонавий араб тили учун хрестоматия тузиш ва бошқа.
Арабшунослар уюшмаси ўз фаолиятида чор Россияси манфаатларига хизмат қилган рус шарқшунослигининг ютуқлари ва эришган натижаларига ҳам таянди. Зеро, рус шарқшунослари узоқ вақтлар давомида Ўрта Осиёда шарқшунослик марказини ташкил этиш ҳақида бош қотирганлари маълум. Хусусан, Тошкент шаҳрини шарқшунослик илмий марказига айлантириш ғояси чор Россияси пайтидаёқ шаклланган эди. Машҳур рус шарқшунослари Ф.С.Ольденбург, В.В.Бартольд бу ғояга ўз вақтида шахсий муносабатларини билдириб кетган эдилар. ХХ аср бошларида Ф.С.Ольденбург шундай ёзган эди: «Франция биринчилардан бўлиб шарқшунослик изланишларини тадқиқот майдонининг ўзига кўчириб ўтказди. Оз муддатда бўлсада, аммо илк тажрибалар ўзининг ажойиб самараларини бера бошлади. Эҳтимол, бошқа давлатлар ҳам бу жараёнга тортилар. Тошкент эса, бундай мактабнинг ажойиб маркази бўлиши учун барча имкониятларга эга. Зеро, бу ердан туриб нафақат Ўрта Осиёдаги рус ҳудудлари балки, Эрон, Афғонистон, Қашқар, Тибет, Хитой ва Монголияни ҳам ўрганиш мумкин»[11]. Бу мавзуда «Туркестанские ведомости» газетасида чоп этилган «Тошкентда шарқшунослик мактабининг очилиши – бозорлар учун кураш жараёни»га катта туртки бўлиши» ҳақидаги туркум мақолаларни В.В.Бартольд танқид қилиб, «Шарқшунослик факультети бўладими, ёки ҳар қандай бошқа факультетнинг очилиши сиёсий-иқтисодий манфаатлар билан эмас, балки айнан соф илмий мақсадлардан келиб чиқиши керак»лигини таъкидлади.
Мана шундай ғоя ва мақсадлар ўлароқ 1918 йил ноябрь ойида Тошкентда «Туркистон шарқ институти» ташкил топди. Айнан 25 ноябрда эса Орифҳожи Азизҳожиновнинг мусодара қилинган уйида лекциялар ўқиш бошланди. Институтнинг биринчи раҳбари этиб Михаил Степанович Андреев тайинланди. Ўқув йили якунида институтда тўрт минг жилд китобга эга кутубхона фаолияти йўлга қўйилди. 1920-1922 йиллар давомида малакали мутахассислар ҳисобига профессор-ўқитувчилар сонини кўпайтиришга эришилди. Натижада тўлиқ ўқув жараёнини йўлга қўйиш имконияти яратилди. Ўқув жараёнида шарқ тиллари, география, этнография, тарих, ҳуқуқ ва бошқа фанларга эътибор қаратилган ҳолда араб тилига ҳам алоҳида урғу берилди. Айниқса, шарқшунос профессор А.Э.Шмидтнинг 1920 йили Петрограддан Тошкентга кўчиб ўтиши бу ерда совет арабшунослиги ривожига катта ҳисса қўшди, дейиш мумкин. Бинобарин, Шмидт номи билан боғлиқ ҳолда бу ерда маҳаллий совет арабшунослик мактаби куртак ёза бошлади.
«Туркистон шарқ институти» ўзининг қисқа умри мобайнида араб тилини ўқитиш бўйича 1923 йили арабшунос В.Ф.Гиргаснинг «Арабская хрестоматия» қўлланмаси ҳамда ушбу хрестоматияга 1924 йили «Арабско-русский словарь» луғат китоби, форс, ўзбек тилларини ўқитишга доир бошқа ўқув адабиётларини ҳам чоп этишга муваффақ бўлди.
1924 йили баҳорда «Туркистон шарқ институти»ни Ўрта Осиё давлат Университетига қўшиб юбориш масаласи кўтарилди. РСФСР Совнаркомнинг 1924 йил 16 сентябрь куни чиқарган қарорига кўра «Туркистон шарқ институти» Ўрта Осиё давлат университетига мустақил факультет сифатида қўшиб юборилди. Факультетда икки таълим йўналиши бўйича ўқув ишлари ташкил этилди: педагогик ҳамда этнолого-лингвистик йўналишлар. Уларда турк филологияси, эрон филологияси, исломшунослик ва араб нутқи бўлимлари фаолият олиб борди. Арабшунос профессор А.Э.Шмидт факультет декани этиб тайинланди. Мазкур факультет Илмий кенгашида академик В.В.Бартольд ва В.Л.Вяткин фахрий аъзо сифатида иштирок этдилар. 1930 йили Шарқ факультети педагогик факультетга айлантирилди. 1931 йили эса факультет умуман ёпиб юборилди. Орадан 13 йил ўтибгина 1944 йили Ўрта Осиё давлат университетининг Шарқ факультети ўз фаолиятини қайта бошлади[12]. 1945 йил Тошкент қишлоқ хўжалиги институтининг “Тупроқшунослик” кафедрасида фаолият олиб бораётган қ.х.ф.н.Мажидхон Баҳодировга Шарқ факультетида “Араб филологияси” кафедрасини ташкил этиш вазифаси қўйилди. М.Баҳодиров катта қийинчиликларга қарамай, кафедрага асос солди ҳамда керакли олимларни кафедрага жалб этиб, 1948 йилгача самарали иш жараёнини ташкил этди, бир қанча қўлланмалар чоп этди. Шундан сўнг яна “Тупроқшунослик” кафедрасига қайтиб борди[13]. 1948-1949 йиллар кафедрага фил.ф.н. Содиқ Мирзаев раҳбарлик қилди. 1949 йили эса кафедра ёпилди, мутахассислар С.Ғаниев, Б.Холидовлар бошқа кафедрага ишга ўтиб кетдилар[14]. Фақатгина 1958 йилдагина орадан тўққиз йил ўтиб “Араб филологияси” кафедрасини қайта ташкил этишга муваффақ бўлинди.     
Уруш ва ундан кейинги даврларда Ўзбекистон арабшунослигида турли омиллар таъсирида муҳим силжишлар кузатилди. Жумладан, 1943 йил Ўзбекистон ФА қошида Шарқ қўлёзмаларини ўрганиш институти ташкил топди, шунингдек, Совет Иттифоқида мавжуд тўрт мусулмон диний назорат муассасалари учун кадрлар тайёрлаш мақсадида 1945 йил Бухородаги Мир Араб ва 1956 йил Тошкентда (1971 йилдан Олий маъҳадга айлантирилган) мадрасалар қайта очилди. Албатга бу ерда ҳам араб тили таълимига катта эътибор қаратилди.
Шарқ қўлёзмаларини ўрганиш институти арабшунослари классик асарларни таржима қилиш ишига катта эътибор қаратдилар. Арабшунослар Ибн Синонинг «Тиб қонунлари», «Соломон ва Ибсол», «Тайр», «Даво’ ал-қулуб». «Ҳайй ибн Яқзон», Берунийнинг «Сайдана», «Қонуни Масъудий», «Таҳдид», Маҳмуд Кошғарийнинг «Девону луғотит турк» асари ҳамда Форобий, Розий, Саолибийнинг асарларини ўзбек ва рус тилларига таржима қилдилар.
Ўзбекистон арабшунослари томонидан замонавий араб адибларининг асарларини ўзбекчага таржима килиш ишлари ҳам йўлга қўйилди. Миср ҳикоянависи Маҳмуд Таймур ҳикоялари тўплами 1958 йили ўзбек тилида нашр этилди. 1957 йили эса «Араб ҳикоялари» тўпламида Миср, Сурия, Ливан ва Ироқ республикаларидан ўн ёзувчининг 26 ҳикояси ўзбек тилида китобхонларга тақдим этилди. Бу жараён давом этиб, ўзбек арабшунослари томонидан 1961 йил «Сурия ёзувчиларининг ҳикоялари», 1962 йил «Ливан ҳикоялари тўплами», 1963 йил ироқлик Зуннун Айюбнинг «Мажид Раҳим қиссаси», мисрлик Абдураҳмон Хамисийнинг асарлари таржима килинди[15].
Шуни ҳам алоҳида қайд этиш лозимки, атоқли ўзбек адибларининг асарлари ҳам араб тилига таржима қилина бошланди[16]. Булар билан бир қаторда 1959-1963 йиллар орасида «Минг бир кеча» қиссалар мажмуининг араб тилидан ўзбекчага ўгирилган 8 жилдлик тўлиқ таржимаси босилиб чиқди. Бу таржимани ўзбек арабшунослари Солиҳ Мутталибов, Абдуфатттоҳ Расулов, Убайдулла Каримов, Юнусхон Ҳакимжонов, Абдусодиқ Ирисовлар амалга оширдилар. Асардаги шеърларни Собир Абдулла ва Шоислом Шомуҳамедовлар ўзбекчалаштирганлар[17].
Араб мамлакатларида миллий озодлик ҳаракатлари кучайиб, халқлар мустақилликка эриша бошлагач, Совет Иттифоқи билан алоқалар ҳам ривожланиб борди. Республика саноати бу мамлакатларга машина, саноат ускуналари етказиб бериб, у ерда ҳам саноатнинг ривожланишига катта ёрдам кўрсатди. Ана шу муносабат билан араб делегацияларининг Ўзбекистонга ташрифи ҳам ортиб борди. Араб мамлакатларидан келган кўплаб ёшлар бу ерда таълим олиб, мутахассис бўлдилар, ўзбекистонлик мутахассислар эса ўз навбатида араб мамлакатларида турли соҳаларда фаолият олиб бордилар. Бундай фаол алоқалар мамлакатимизда араб тилига қизиқиш янада ортишига сабаб бўлди. Нафақат институтларда, балки ўрта мактабларда ҳам хорижий тил сифатида араб тилини ўқитиш жорий қилинди. Масалан, Тошкент шаҳрининг ўзида 4 та мактаб – 1, 22, 150 ва 29-мактаблар ғарб тиллари ўрнига араб тилини ўқитишга ихтисослаштирилган эди. Юқорида келтирилган омиллар туфайли араб тили дарслик ва хрестоматияларини нашр этиш зарурияти туғилди. 1957 йили Шарқшунослик факультетида араб тили бўлими очилиб, унга студентлар қабул қилиниши ва 1958 йили “Араб тили кафедраси”нинг қайта тикланиши соҳа мутасаддиларини шошириб қўйди. Чунки кафедрада дарс бера оладиган мутахассислар танқислиги келиб чиқиши аён бўлиб қолди. Аввалига Москва ва Ленинграддан мутахассислар чақириб ўқув жараёнини ташкил этиш мўлжалланди, аммо бу ташаббус амалга ошмай қолди. Бинобарин, маҳаллий мутахассислар билан факультетда араб тилини ўқитиш ишлари бошлаб юборилди. Шу билан бирга араб тилида сўзловчи ўқитувчиларнинг кафедрага жалб этилиши ҳам мазкур жараёнларга ижобий импульс берди. Жумладан, 1961 йилда ироқлик Солиҳ Аҳмад Бахши (1922-2005) (умрининг охиригача ТошДШИ «Араб филологияси» кафедрасида фаолият кўрсатган) ҳамда мисрлик Ҳомид Муҳаммад Сулаймон (1927 йил туғилган)нинг кафедрадаги икки йиллик фаолияти даврида талабаларнинг сўзлашув маҳорати ошганини кузатиш мумкин бўлди[18].
Ҳар қандай хорижий тилни ўқитишда ўқув адабиётининг ўрни муҳим экани маълум. Шу жиҳатдан юртимизда араб тилини ўқитишга бағишланган адабиётларни ҳам зикр этиш ўринли. Бу ўринда бир қанча авлод арабшуносларини вояга етказишга ҳисса қўшган Б.3.Халидовнинг «Учебник арабского языка» дарслигини тилга олиш керак. Ушбу дарслик 1965 йилдан 1981 йилга қадар бир неча бор деярли ўзгаришларсиз катта ададларда чоп этилган. Ҳозирга қадар ҳам шарқ тиллари ўқитиладиган таълим муассасаларида ўз аҳамиятини йўқотмаган мазкур дарслик 2007 йил жузъий тузатишлар билан ўзбек тилида ҳам чоп этилди. Бу нашрда ўз даври воқелигини акс эттирувчи айрим матнлар олиб ташланди ёки ўзгартирилди[19].
Ўз вақтида кўплаб совет арабшуносларини тайёрлашда қўлланган муҳим дарсликлардан яна бири – муаллифлар А.А.Ковалёв ва Г.Ш.Шарбатов томонидан тайёрланган «Учебник арабского языка» дарслиги бўлган. Дарслик 1960 йилдан бошлаб уч бор қайта нашр этилган. 1998 йил эса дарслик муаллифлар томонидан замонга ҳамоҳанг тарзда ўзгартириб нашр этилди. Ушбу икки дарслик кўплаб ўзбекистонлик шарқшуносларни тайёрлашда истифода этилгани учун, ҳозирда ҳам юртимизда араб тилини ўқитишда ўз аҳамиятини йўқотмай келмоқда. Булардан ташқари араб тилини ўқитишга мўлжалланган В.Э.Шагаль, Н.В.Юшманов, К.В.Оде-Васильева, В.С.Сегаль ва бошқаларнинг ҳам дарслик ва ўқув қўлланмалари бўлган, лекин улар юқоридаги дарсликлар каби кенг тарқалмаган. Араб тилини академик тадқиқ этишга бағишланган «Курс арабской грамматики в сравнительно-историческом освещении» фундаментал тадқиқоти ҳам машҳур арабшунос Б.Гранденинг лекциялари тўпламидан иборат. Ушбу китоб ҳам 1998 йили деярли ўзгаришларсиз қайта нашр этилди[20].
Шу билан бир қаторда араб тилининг замонавий ҳолатини ўрганишга ҳам арабшунослар ўз эътиборларини қаратиб бордилар. 50-йилларда СССР ФА Шарқшунослик институти профессорлари Г.Ш.Шарбатов ва Ю.Н.Завадовскийларнинг иштироки ва раҳбарлигида ҳозирги замон араб лаҳжалари, Мағрибнинг бир гуруҳ шевалари ва ҳаттоки Африкадаги ноараб мамлакатларида истеъмолда бўлган араб лаҳжаларини кенг кўламда ўрганиш ва тавсиф қилиш бўйича марказ шаклланди. Ўзбек арабшунослари А.У.Каримов ва К.Н.Носировлар ҳам кенг миқёсда олиб борилаётган шевашунослик илмий-тадқиқот ишларида фаол иштирок этганлар[21].
Мустақил Ўзбекистонда ҳам арабшунослик соҳасида талайгина ишлар амалга оширилди. Шуни алоҳида қайд этиш лозимки, юртимизда узлуксиз таълимнинг ўрта, ўрта-махсус, олий таълим босқичларида араб тилини ўқитиш йўлга қўйилган. Республикада ўндан зиёд олий таълим муассасасида араб тили фани ўқитилади. Шулардан ТошДШИ, ТИУ, ЖИДУ, ЎзЖТИ да бу фанга алоҳида эътибор билан қаралади. Мана шу таълим муассасалари билан бир қаторда ислом билим юртларида ҳам араб тилини ўқитишга катта аҳамият берилади. Мазкур таълим муассасалари профессор-ўқитувчи ҳамда мударрислари томонидан араб тилини ўқитиш бўйича тайёрланган қўлланмалар йилдан йилга такомиллаштириб борилмоқда. Бу яратилаётган дарслик, ўқув қўлланмалар нафақат матн ва машқлар, балки методикаси, дизайни, араб грамматикаси тақдим этиш услублари (яъни она тили грамматикаси ёки араб грамматикаси орқали) ва бошқа кўп жиҳатлари билан фарқланиб туради. Мустақиллик йилларида Э.Талабов, А.Абдужабборов, Н.Иброҳимов, М.Юсупов, Б.Иброҳимов, И.Охунов, М.Хўжаев, М.Ҳасанов, А.Ҳикматов ва бошқа устозлар араб тилини ўқитиш бўйича таълим тизимининг турли босқичлари ва йўналишларига мўлжалланган ўқув адабиётларини яратдилар. Ҳозирда бу адабиётларнинг аксарияти таълим жараёнига татбиқ этилган. Шулар билан бир қаторда миллий домен www.arabic.uz интернет саҳифасида араб тилини ўрганувчилар учун турли ўқув қўлланма, услубий тавсия, тажриба ва фикр алмашинуви, қизиқтирган саволларга жавоблар, араб тилида тестларни топиш мумкин. Шуниси диққатга сазоворки, ўрта асрлардан ХХ аср бошларигача мадрасаларда араб тилини ўқитишда истифода этилган асосий дарсликларнинг электрон нусхалари ҳам ушбу интернет саҳифасидан ўрин олган. Жумладан, «Бидон», «Авомил», «Мабдал қироат» каби дарсликлар ўзбек тилидаги таржимаси билан саҳифага жойлаштирилган. Ушбу портални академик характердаги дарслик ва ўқув қўлланмалар билан бойитиб бориш мақсадга мувофиқдир.
Араб грамматикасига оид классик манбаларни илмий муомалага киритиш йўналишида ТИУ катта ўқитувчиси А.Абдужабборов Маҳмуд Замахшарийнинг араб тили грамматикасига оид «Унмузаж»[22] рисоласини ўзбек арабшуносларига тақдим этган бўлса, ТошДШИ «Араб филологияси» кафедраси томонидан Маҳмуд Замахшарийнинг мазкур асари асосида «Ўрта аср араб наҳвидан намуналар» ўқув-услубий қўлланмаси[23] ҳамда Ҳамидуддин Заририйнинг араб тили грамматикасига оид «Муқаддима» асари «Классик араб наҳвидан бошланғич маълумотлар»[24] номи билан нашрдан чиқарилди. Замонавий тилшунослик йўналишида мазкур кафедра томонидан нашрга тайёрланган «Языковая ситуация в арабских странах (конец ХХ века)» ўқув қўлланмаси[25] ҳам соҳада амалга оширилган замонавий тадқиқотларни қамраб олган. Араб адабиёти ва тилшунослиги соҳасида ҳам ТошДШИ, ТИУ ва ЎзДЖТУда илмий изланишлар олиб борилади. Шарқшунос олимлардан ф.ф.д, проф. Т.А.Мухтаров, ф.ф.д., проф. Р.У.Ходжаева, ф.ф.д., доц. Э.Т.Талабов, ф.ф.н., доц. А.Б.Абдуллаев, ф.ф.н, доц. М.Ҳ.Акбарова, ф.ф.н., доц. М.Зиёвуддинова, ф.ф.н. Д.Муҳитдинова, ф.ф.н., доц. И.Бултаков ва бошқалар араб адабиёти йўналишида илмий тадқиқот ишларини амалга оширдилар. Араб тилшунослиги соҳасида амалга оширилган охирги илмий ишлар сифатида – ф.ф.н., доц. С.А.Рустамий ва ф.ф.н., доц. М.Носирова, Д.Адихановнинг тадқиқотларини[26] келтириб ўтиш мумкин.
Араб тилини ноанъанавий услублар билан ўқитиш масаласи ҳам ҳозирда долзарблик касб этиб бормоқда. Анъанавий дарс ўтиш усуллари ўзининг тарихий вазифасини бажарди, – деб ҳисоблайди «Араб тили дарсларида ноанъанавий усуллар» ўқув-услубий қўлланмаси муаллифлари. Уларга кўра, «ХХ асрда таълим олган ўқувчилар онгига радио, телевидение, компьютер, интернет каби техник воситаларнинг таъсири бўлмаган. Ҳозирга келиб юқоридаги техник воситаларнинг ёшларимиз онгига беихтиёр таъсири сезиляпти. Бундай шароитда мактабда дарс бераётган ўқитувчи ҳам, олий даргоҳларда таълим бераётган муаллимлар ҳам ўзларининг дарс бериш воситаларини янгилашларига, усулларини эса замонавий усулларга алмаштиришларига тўғри келяпти»[27]. Бу йўналишдаги илк уринишлардан бири, деб ҳисобланган мазкур қўлланмада араб тилини интерфаол усулда ўқитишга алоҳида ўрин ажратилган. Ноанъанавий тарзда дарс ўтишнинг айрим назарий ва амалий жиҳатлари ёритиб берилган.
Мазкур йўналишлар билан бир қаторда Ўзбекистонда араб тили таълими жараёнида хорижий тил ўқитиш курсларининг ўрни ҳам ошиб бормоқда. Бу борада Миср фан ва таълим марказида шу вақтгача ташкил этилган араб тили курсларида фойдаланилган «араб тилини ноарабларга ўқитиш методикаси» бошқа тил ўқитиш курслари томонидан ҳам ўзлаштирилган. Бу методиканинг асосида «Умумараб таълим-тарбия ва маданият ташкилоти»нинг «Ислом араб маданиятини ривожлантириш халкаро ҳамкорлик бўлими» томонидан тайёрланган «Ноараблар учун араб тилини ўқитишда Асосий китоб» қўлланмаси туради. Қўлланма уч жилддан иборат бўлиб, нутқни тезроқ чиқаришга қаратилган усуллар асосида алифбодан бошлаб замонавий араб матбуот тили ва классик матнларини ўзлаштиришга доир мавзуларини қамраб олади.
Хулоса сифатида шуни айтиб ўтиш керак-ки, араб тили ва унинг ёзуви ўзбек халқи учун доимо қадрли бўлиб келган. Зеро, луғат захирамизнинг каттагина қисми ҳам айнан арабий асосга эга. Бу тил юртимизда асрлар давомида ўргатилади ва ўрганилади. Ҳозирда ҳам юртимиздаги таълим соҳасида араб тилига берилаётган эътибор кам эмас. Унга сарфланаётган куч янада самарали бўлишига эришиш мақсадида турлича услуб ва ёндашувлар ишлаб чиқилган.
Юртимиздаги араб тили таълимини шартли равишда уч йўналишга ажратиб кўрсатиш мумкин. Бу шартли уч йўналиш жамиятдаги эҳтёж юзасидан шаклланган, дейиш мумкин. Шулардан бири – араб тилини ўрганишда дин билан боғлиқ эҳтиёжлар устуворлиги. Бу йўналиш узоқ тарихий йўлни босиб ўтган ва асосан диний матнларни ўзлаштиришга қаратилган. Иккинчи йўналиш – «рус академик шарқшунослиги» асосида шаклланган таълим бериш йўли. Бу йўналиш классик ва кейин пайдо тезкор тил ўрганиш усуллари ўртасида туради Бунда араб тили ўзбек тили грамматикасига қиёсланган ҳолда ўргатилади. Кейинги йўналиш араб тилини янгича тезкор услубларда таълим бериш. Бу услуб грамматикага катта урғу бермасдан, ўрганувчининг хорижий тилда тезроқ сўзлашув жараёнига кириб боришига қаратилган. Мазкур услуб асосан хорижий тил ўқитиш курсларида татбиқ этилади. Юқорида санаб ўтилган шартли уч йўналишнинг ўз ютуқ ва камчиликлари бор: кутилган натижага эришиш борасида уларнинг айримлари узоқ вақт талаб этади, айримлари эса тезкор самара берсада, аммо шунга яраша фундаментал билим берилмайди. Баъзилари мумтоз ёки сиёсий матнлар доирасида чегараланиб қолади, айримларида бундай матнлар четлаб ўтилади. Шунингдек, она тили грамматикасига таяниб араб тили ўқитилгани боис, араб грамматикаси тўлиқ ўзлаштирилмайди. Бошқа жиҳатдан эса фақат араб грамматикасига урғу берилгани боис, унинг она тилидаги муқобили назардан четда қолади.
Албатта бу йўналишларнинг қайси бирида таҳсил бериш таълим муассасаси ихтисослиги, мақсад ва вазифалари ҳамда ўқитувчи ва аудиторияга ҳам боғлиқ. Аммо шуниси аниқки, бугунги глобаллашув даврида хорижий тилларни ўзлаштиришга интилаётган ҳар қандай талабани тил ўқитишдаги самарали услублар, техник воситалар, кўргазмали дастурлар қизиқтиради. Бу эса ҳар бир араб тили ўқитувчисидан давр талабларига мос келадиган янги услубларни ишлаб чиқиш, таълим жараёнига замонавий технологияларни татбиқ қилишни тақозо этади.
 
т.ф.н., доц. Иброҳим Усмонов,
Тошкент ислом университети
http://markaz.tiu.uz сайтидан олинди.
 
[1] Ртвеладзе Э. Мовароуннаҳр VIII-X асрларда / Асрлар қаъридан таралган зиё. Т.: Шарқ, 1998. – Б.25.
[2] Ражабов Р. Ўзбекистон араблари тарихи. –Т.: Sharq, 2012.
[3] Ўқиш китоби /Т.Шермуҳамедов, Ф.Абдуллаев. –Т.: O’qituvchi,1973. – Б. 7.
[4] Қаранг: Усманов И. Саидова Г. Мовароуннаҳр туркий тафсирлари тарихи. –Т.: Мовароуннаҳр, 2012. – Б. 24-28.
[5] Қаранг: Ғофуров У. Ўзбекистонда диний таълимнинг тарихий илдизлари / Илмий-таҳлилий ахборот. – Тошкент, 2010. – № 3. – Б. 19.
[6] Солижонова Г. Ўрта асрларда Ўрта Осиё мадрасалари ўқув дастури ҳақида / Ўзбекистон тарихи. –Тошкент, 2000.  –№ 3. –Б. 27-28.
[7] Қаранг: Ғофуров У. Ўзбекистонда диний таълимнинг тарихий илдизлари / Илмий-таҳлилий ахборот. – Тошкент, 2010. – № 3. – Б. 19.
[8] Ирисов А. Тошкентда арабшунослик. –Т.: Фан, 1964. –Б.8.
[9] Қаранг: Islamic education in the Soviet Union and Successor States // A.Muminov and others. Islamic edication in Soviet and post-Soviet Uzbekistan. London and New York, Routledge, 2010. p. 233.
[10] Вторая сессия Ассоциации арабистов// материалы 2-й сессии Ассоциации арабистов в Ленинграде от 23 октября 1937 года. Ленинград: Типография АН ССР. – С. 5-15.
[11] Ольденбург С.Ф. Французская школа крайнего Востока в Сайгоне // Журнал министерства народного образования. Петроград, 1902.  – С. 47.
[12] Лунин Б.В. Из истории первого высшего востоковедного учебного заведения в Средней Азии // Очерки по
истории русского востоковедения. Сборник 4-й. М.: Изд-во Восточной литературы, 1963. – С. 302-З45.
[13] Боҳодиров Р. Аждодлар меросининг фидойиси ва серқирра аллома / Ўзбекистон тупроқларининг унумдорлик ҳолати, муҳофазаси ва улардан самарали фойдаланиш масалалари (проф. М.Баҳодировнинг 110 йиллигига бағишланади), 11-12 декабрь 2013 й. – ТошДАУ, Республика илмий-амалий конференцияси материаллар тўплами. – Б.361-364.
[14] Қаранг: Ирисов А. Тошкентда арабшунослик. –Т.: Фан, 1964. – Б.15-16.
[15] Қаранг: Ирисов А. Тошкентда арабшунослик. –Т.: Фан, 1964. –Б.8.
[16] Мисол учун, Пиримқул Қодиров қаламига мансуб “Илинж” ҳикоясининг Муҳаммад Аббос Муҳаммад томонидан қилинган таржимаси “Ал-Амал” номи билан араб матбуотида эълон қилинган.
[17] Қаранг. Ирисов А. “Минг бир кеча” таржимасига доир / Шарқшунослик. – Тошкент, Фан, 1990. – № 1. – Б. 50.
7-декабрь, 2016

ЭЛЕКТРОН ДАСТУРЛАР

Андроид дастурлар

Рейтинг@Mail.ru

АНВАР АҲМАД

1977 йил Наманган шаҳрида туғилган. “Ал-Азкор”, “Риёзус солиҳийн”, “Маккаи мукарраманинг эски ва янги тарихи” китобларининг таржимони. 2003-йилдан бери Тошкентдаги турли тил марказларида араб тилидан дарс беради. www.arabic.uz веб сайтининг бош муҳаррири. Ва яна араб тили ва грамматикасига оид “Мабдаъ ул-қироат”, “Мабдаъ ус-сарф”, “Мабдаъ ун-наҳв”, “Шифоҳийя”,  “Истифтоҳ”, “Тафсилу акмалий”, “Ҳаракот”, “Авомил”, “Заририй”, “Ўқиш асослари”китобларини нашрга тайёрлаган. Ёш болаларга расмли “Алифбо”, “Ўқиш китоби” ва "Араб грамматикасидаги феъллар" номли қўлланмалар муаллифи.

МАҚСАДИМИЗ

Миллий қадриятларимиз, маънавий бой меросимизни тиклаш ва уларни чуқур ўрганиш, унинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини халқимиз ўртасида тарғиб этиш, имом Замахшарий, Абдураҳмон Жомий каби бобокалонларимиз ижод қилган араб тили ва грамматикасига бўлган рағбатни қондириш, сақланаётган тарихий ва нодир қўлёзмаларни авлодларга етказиш, аждодларимиз ҳаёти, ахлоқи ва юксак маънавиятини ифодаловчи матнларни таржима қилиб, ёшлар қалбида улар қолдирган меросга ҳурмат, эъзоз ва муҳаббат туйғусини шакллантириш.

БИЗ БИЛАН БОҒЛАНИШ:  [email protected]