أهلا وسهلا ومرحبا إلى صحيفتنا
01 / 01

أهلا وسهلا ومرحبا إلى صحيفتنا

Саҳифамизга хуш келибсиз, марҳабо!

Абу Яъқуб Саккокийнинг тасриф ҳақида таърифи

АБУ ЯЪҚУБ САККОКИЙНИНГ ТАСРИФ ҲАҚИДА ТАЪРИФИ

Сирожиддин Абу Яқуб Юсуф ибн Бакр ибн Муҳаммад ибн Али Саккокий Хоразмий XII юзйилликнинг атоқли тилшунослардан бири бўлиб, тасриф (تصريف ), яъни сўз ясалиши бўйича хос қарашларга эга ҳисобланади.  

 Саккокий ўзининг “Мифтаҳу- л -улум” асарида сўз ясалиши билан шуғулланувчи илм сарф фани ҳақидаги таърифи мантиқийликка, аниқликка, ўзига хос ёндашувга эга. Берилган таъриф тил соҳиблари таърифларидан, қарашларидан бошқачалиги, ўзгачалиги билан ажралиб туради. Таъриф қуйидагича:

اعلم ان الصرف هو تتبع اعتبارات الواضع في وضعه من جهة المناسبات والاقيسة  ونعني بالاعتبارات  وافرضها الي ان تتحقق انه اولا جنس المعاني ثم قصد لجنس جنس منها معينا بازاء كل من ذلك طائفة من طائفة من الحروف ثم قصد لتنويع الاجناس شيئا فشيئا متصرفا في تلك الطوائف بالتقديم والتأخير والزيادة فيها بعد او النقصان منها مما هو كاللازم للتنويع وتكثير الامثلة  ومن التبديل لبعض تلك الحروف لغيره لعارض  و هكذا عند تركيب تلك الحروف من قصد هيئة ابتداء ثم من تغيرها شيئا فشيئا  ولعلك تستبعد هذه الاعتبارات إذ ليس طريق معرفتها عندك لكن لا يخفي عليك ان وضع اللغة ليس الا تحصيل اشياء منتشرة تحت الضبط فاذا امعنت فيه النظر وجدت شأن الواقع اقرب شيء من شأن المستوفي الحاذق وانك لتعلم  ما يصنع في باب الضبط فيزل عنك الاستعباد ثم انك ستقف على جلية الامر فيه مما يتلى عليك عن قريب.  

Билгинки, сарф илмида сўз ҳосил қилаётганнинг нуқтаъи назари, яъни бор эътибори сўз ҳосил қилишдаги меъёрларга, маълум бир муносабатларга асосланган бўлади. У асосли меъёрлар, сўз ҳосил қилиш учун дастлаб, турдош маъноларни тўғри бўлиб чиқишини ҳисобга олиш, сўнг булардан ҳар бирини рўпарама-рўпара бўлиши учун маълум бир ҳарфлар тоифаси муайян турдош сўз учун турдош сўз кўзда тутилади. Турдош сўзларни турли шаклга солиш учун бирон бир нарсани қасд қилиб, ундаги ҳарфларни зиёда қилиш, кечиктириш ёки олдин келтириш билан турланувчи шакл кўзда тутилади. Мисолларни кўпайтириш, турли шаклга солиш керак бўлганидек, ясаш учун асос сўзнинг ҳарфлардан бири камайтирилади. Асл ўзак ўрнида бошқа ҳарф келаётганини билдириш учун ҳарфлар алмаштирилиши мумкин. Шундай қилиб, бу ҳарфларни бир-бири билан бириктириш бошланғич шаклдан келиб чиқади. Сўнг сўзни ўзгартиришдан алоҳида-алоҳида сўз қасд қилинади. Бу нуқтаи- назардан ўқувчи узоқда бўлиши ёки буларни мумкин эмас деб ҳисоблаши ўзидаги буларни англаш йўлини йўқ қилади. Лекин сир эмаски, тил шакли аниқ бўлган, ёйилган нарсаларни ўрганиш билангина эмас. Агар ўқувчи бор диққатини воқеаликка қаратса, моҳир йиғивчи ишига яқин бўлган воқеаликни топади. Дарҳақиқат, ўқувчи аниқ равишда бирор сўзни ҳосил қилишни билса, ундай бўлиши мумкин эмас деб ҳисоблаш йўқолади. Сўнг ўқувчи яқиндан ўзида келиб чиқадиган ишнинг моҳиятини олдида тўхтаб қолади [1,13].                  

Муҳаммад ибн Молик “Алфийяту ибн Молик” асарида сарф илми ҳақида: “Туб феъллардаги ва ўзгармас исмлардаги ҳарф ва унинг ўхшаши тусланишдан холийдир. У икковидан бошқалар тусланишга лойиқдир,” деб ёзган эди  (حرف و شبهه من الصرف برى           و ما سواهما بتصريف حرى   ) [2,412]. 

Абдуллоҳ ибн Солиҳ ушбу асарнинг шарҳида шундай ёзади, “Тасриф- сўзларнинг ясаш илми бўлиб, бунда сўздаги ҳарфларнинг асл ўзак ҳарфи, қўшимча ҳарфлар, тўғри ва иллатли ҳарфлар ва шунга ўхшаш ҳодисалар билан боғлиқ илмдир. Сўз ясалишида сўздаги ҳарфларнинг, унлиларнинг, сукунларнинг сони ҳам эътиборлидир. Тасрифдан кўзланган мақсад – сўзларнинг шаклини билиш, уларнинг ҳарфларини ўрганиш, улардаги асл ва ноасл ҳарфларни билиш, ундаги тушириб қолдирилган, алмаштирилган ҳарфларни билиш. Буларнинг бари маъно билан боғлиқ эмас. Маъно билан боғлиқ сўзнинг шакллари, сўзларни кичрайтириш, синиқ кўплик ҳосил қилиш, синтактик жиҳатдан боғлиқ бўлган масалалар тасрифда эмас, наҳв бобларида ўрганилади“ [2,413].  Жамолиддин Усмон ибн Умар ибн Ҳожиб “Ашшофияту” асарида: “Тасриф- синтактик вазифада бўлмаган сўзларнинг қурилишининг ҳолларини ўрганувчи илм”, - деб ёзади [3,59].                         

Сўз ясалиши- сўзларнинг ясалишини, янги сўз ҳосил қилишнинг қонун-қоидаларини, вазнларини, вазндаги асл ва зиёда, бадал ҳарфларни, воситаларини, шу билан боғлиқ ҳолда, сўзларнинг структурасини текширади. Бу араб тилшунослигида “сарф” деб юритилади. Сарф сўзлар ҳосил бўлиш жараёнида қандай жараёнлар рўй берса, шуларнинг ҳаммасини ўрганади. Сўздаги товушлар тушиши, ортиши, алмашиши каби фонетик ҳодисаларни ҳам ўрганиб, таҳлил қилади.

Усмон ибн Жинний “Мухтасар Ат-тасриф” асарида сарф ҳақида шундай ёзган эди:

معنى التصريف هو أن تأتي إلى حروف الأصول- وسنوضح قولنا "الأصول"- فنتصرف فيها بزيادة حرف، أو تحريفِ بضرب من ضروب التغيير، فذلك هو التصرف فيها والتصريف لها، نحو قولك: َضرَبَ، فهذا مثال الماضي، لإن أردت المضارع قلت يَضْرِبُ، أو اسم الفاعل قلت: ضارب، أو اسم المفعول قلت: مضروب ، وإن أردت أنَّ الفعل كان أكثر من واحد على وجه كثّر الضرب وكرره قلت: ضرَّب وعلى هذا عامة التصريف في هذا النحو من كلام العرب، فمعنى التصريف هو ما أريناك من التلعُّب بالحروف الأصول لما يراد فيها نت المعاني المُفادة منها

 

Тасриф -асл ўзак ҳарфларга келиш бўлиб, сўзда маълум ўзгаришлар, ҳарфларни зиёда қилиш, қайсидир ҳарфни иккилантириш тасарруф ,яъни сарфдир. Мисол учун,ضرب  “урди” бу  феъл ўтган замонда, буни ҳозирги замонга ўзгартириш учун ي  ни зиёда қилиш керак. Натижадаيضرب   “уряпти” сўзи ҳосил бўлади.  Ушбу феълнинг иш бажарувчи керак бўлса, ضارب   “урувчи”, мажҳул нисбат сифатдоши مضروب  “урилган”, бу иш ҳаракат маъноси таъкидланиб такрорланиб келадиган бўлса, ضرّب  иккинчи ўзак ундошни иккилантириш орқали амалга оширилади. Шуларнинг бари арабларнинг сарфи бўлади. Сарф ҳарфларни ўйнатиб фойдали маънога эга сўзларнинг ҳосил қилиш илмидир [4,2].           

Сарф صرف  феълининг ҳаракат номи  бўлиб, ўзига қайтариш, ўзгартириш, алмаштириш маъноларини ифодалайди. Сарф илми араб тилининг энг муҳим илмларидан ҳисобланади. Бу илмда қиёс катта аҳамиятга эга. Сарфда қиёсни билмаган араб тилини ўргана олмайди. Қиёс товуш тушиши, ортилиши, алмашиши каби фонетик ҳодисаларда; сўздаги ўзак ҳафрлар, зиёда  бўлган ҳарфларни аниқлашда ҳам энг муҳим ҳисобланади.

Абдуқоҳир Журжоний “ Мифтаҳус- cарф” китобида, “ Тасриф  “сарф” сўзининг “تفعيل” вазнига солинган бўлиб, мураккаб бўлмаган сўзлардан турли сўзлар ва фарқли маънолар ҳосил қилиш илми,”- деб ёзади [5,26].

Сарф илми ясалган сўз ва ўзак ўртасидаги боғлиқликларни ўрганади. Иккита сўз ўхшаш бўлсаю, маъно доирасидан чиқиб кетса, уларнинг асли бир ўзак эмаслиги, булар ўртасида сарфнинг қоидалари йўқлиги маълум бўлади. Бу ўхшашликларда бошқа тиллардан фарқли равишда араб тилида фақат ундош ўзак ҳарфларига эътибор қаратилади. Араб тилида сарфнинг асосий материали ундош ҳарф ҳисобланиб, унли ҳарф бу жараёнда иштирок этмайди. Ҳар бир ясалган сўз ортида бошқа сўз ётмайди ва бу ясалиш маълум вазнга кўра бирор йўл, усул билан юзага келган бўлади. Ҳар бир ясалишда икки хил муносабат бор, ясашга асос бўлган вазн ва шу вазнда ясалган сўз.

Ибн Усфур Ишбилий “Мумтиъ кабир фи тасриф” асарида сарфни таърифлаб қуйидагиларни ёзади, ”Тасриф икки қисмга бўлинади, 1. Сўзни турли маъно англатувчи шаклга солиш. Масалан, ضروب  уриш сўзининг турли маъно англатувчи шаклга слиш, ضرب  ضرّب تضرب تضارب اضطرب  каби. Бу сўзларнинг ҳаммаси  ض ر بҳарфларидан ташкил топган. Ушбу ҳарфлардан турли шаклдаги сўзлар ва фарқли маънолар ҳосил қилинди. 2. Сўзнинг асл ўзак ҳарфларининг ўзгариши. Масалан, قول  нинг قال   га ўзгариши каби. Сўздаги бу ўзгариш маънога таъсир қилмайди. قول  ҳам قال  ҳам “ айтмоқ” маъносида” [6,33].  Юқоридаги Ишбилий берган таърифи бошқаларда такрорланмайди. “Айтмоқ” сўзи борасида айтилган фикрга қўшимча ўлароқ, قول  “айтмоқ” маъносида сўзлашувда ишлатилмайди. قال  сўзи “айтмоқ” маъносида ишлатилади. قول"  "  сўзи айтмоқ сўзига асос бўлиб хизмат қилади.

Юқорида берилган таърифлар ичида кенг ўзига хос ёритилган таъриф Имом Саккокийнинг сарфга тилшунос сифатида берган, мантиқий изчилликка эга таъриф деб ҳисоблаш мумкин. Олим сарф сўзининг луғавий, истилоҳий маъноларига эътиборни қаратмай, бу илмда нима қандай ўрганилади. Бу илм нимага асосланганлиги, сўз ҳосил қилишда қандай ҳодисалар юз берилиши, бу қандай жараён эканлигини батафсил баён қилади.  Таърифдаги “Билгинки, сарф илмида сўз ҳосил қилаётганнинг нуқтаъи-назари, яъни бор эътибори сўз ҳосил қилишдаги меъёрларга, маълум бир муносабатларга асосланган бўлади.” Бундан билиш олиш мумкинки, сўз ясамоқчи бўлган маълум даражада билимга эга бўлмай, бу ишни бажара олмайди. Чунки, сўз ясаш жараёни маълум бир қонун-қоидани қамраб олади. Хоҳлаган сўздан ёки ундош товушдан сўз ҳосил қилиш мумкин бўлмаган иш ҳисобланади.

“У асосли меъёрлар, сўз ҳосил қилиш учун дастлаб, турдош маъноларни тўғри бўлиб чиқишини ҳисобга олиш, сўнг булардан ҳар бирини рўпарама-рўпара бўлиши учун маълум бир ҳарфлар тоифаси муайян турдош сўз учун турдош сўз кўзда тутилади.” Араб тилининг бошқа тиллардан морфологиядаги хос жиҳатларидан бири бу – сўз ҳосил қилишда фақат ундош товушлар иштирок этиши; сўз ўзаги фақат ундош ҳарфлар ташкил қилиши. Бу ўзига хос жиҳат сарфда жуда ката аҳамият касб этади. Таърифдаги жумлани ушбу мисол орқали осонроқ тушуниш мумкин, ضرب  дан иборат ўзак маъноси “урди”. Бу ўзакдан иш ҳаракат бажарувчисини ясаш керак. Бунинг учун унга турдош бўлган عالم деган сўзни (билувчи) олиб, сўзни араб тилшунос олимлари томонидан жорий қилинган вазн ҳарфлари бўлган  ف ع ل  га таркиб билан алмаштиш орқали  فاعل  вазни ҳосил бўлади. Юқоридаги ضرب  ўзагни ушбу қолипга солинса, ضارب  сўзи “урувчи” ҳосил бўлади.  Турдош сўзлар, عالم  ва ضارب  кўзда тутилган сўз ҳам шу эди.  Муайян ҳарфлар тоифаси эса, ف ع ل  ҳарфлари.  

“Турдош сўзларни турли шаклга солиш учун бирон бир нарсани қасд қилиб, ундаги ҳарфларни зиёда қилиш, кечиктириш ёки олдин келтириш билан турланувчи шакл кўзда тутилади.” Юқоридаги ўзакдан мажҳул нисбат сифатдошини ясаш учун ўзакни ташкил қилувчи ундошларга муайян ундошлар зиёда қилиш керак. Демак, сўз ҳосил қилишда фақатгина ўзак ҳарфлари эмас, ўзакдан ташқарида бўлган ҳарфлар ҳам иштирок этади. Бу ундошлар зиёда ҳарфлар деб юритилади. Кўзда тутилган маънони ифодаловчи муайян тоифадаги ҳарфлар ташкил топган вазн مفعول  дир.  Юқоридаги ўзакни шу шаклга солсак, مضروب “урилган” сўзи ҳосил бўлади. Бу сўзнинг структурасида  م  ва و  зиёда қилинди. Бу ҳосил бўлган сўзда иккинчи ўзак ундош сўздаги ҳарфлар тартибида учинчи бўлиб, кечиктирилди.  Учинчи ўзак ундош  ب  дан олдин зиёда ҳарф ҳисобланувчи و  келтирилди.

 “Мисолларни кўпайтириш, турли шаклга солиш керак бўлганидек, ясаш учун асос сўзнинг ҳарфлардан бири камайтирилади. Асл ўзак ўрнида бошқа ҳарф келаётганини билдириш учун ҳарфлар алмаштирилиши мумкин.”  ضرب ўзагидан ушбу сўзнинг ҳаракатномини ҳосил қилинса, бу ضرب   “уруш” бўлади. Кўринишдан бир хил, аслида бир хил эмас, бири “дороба”, иккинчиси “дорбун”. Демак, алоҳида маънолар ҳаракатлар ёрдамида ҳам ифодаланиши мумкин.  وهب  “берди” ўзагидан ҳаракат номи ҳосил қилсак, هبة   “бериш” бўлади. эътобор қаратилса, ясашга асос бўлган ўзак ҳарфларидан бири камайтирилди. Юқорида зикр қилинган  قول  ўзагидан “айтди” маъносини ифодаловчи قال  ҳосил қилинди. Асл ўзак ҳарф و  бу ўзак ундош борлигини билдириш учун у ا  билан алмаштирилди.

“Шундай қилиб, бу ҳарфларни бир-бири билан бириктириш бошланғич шаклдан келиб чиқади.” Юқорида ҳосил қилинган сўзларга диққат қилинса, уларнинг ҳаммаси бошланғич шаклга бориб тақалади. “Сўнг сўзни ўзгартиришдан алоҳида-алоҳида сўз қасд қилинади.” Бир неча сўз ҳосил қилинган бўлса, ўзаги бир бўлса-да, алоҳида маънога эга янги сўзлар ҳосил бўлди. Бу оддий жараён эмас эканлиги, ўрганувчи буни уддалай олмайман деган хулосага келмаслиги учун Имом Саккокий далда, насиҳат ўлароқ шундай дейди, “Бу нуқтаи- назардан ўқувчи узоқда бўлиши ёки буларни мумкин эмас деб ҳисоблаши ўзидаги буларни англаш йўлини йўқ қилади. Лекин сир эмаски, тил шакли аниқ бўлган, ёйилган нарсаларни ўрганиш билангина эмас. Агар ўқувчи бор диққатини воқеаликка қаратса, моҳир йиғивчи ишига яқин бўлган воқеаликни топади. Дарҳақиқат, ўқувчи аниқ равишда бирор сўзни ҳосил қилишни билса, ундай бўлиши мумкин эмас деб ҳисоблаш йўқолади. Сўнг ўқувчи яқиндан ўзида келиб чиқадиган ишнинг моҳиятини олдида тўхтаб қолади.”

Хулоса ўлароқ, қуйидагиларни айтиш мумкин:

  1. Асрлар оша ҳам аввалги мўтамад бўлган асарлардаги таъриф ўзгармайди. Абу Яъқуб Саккокийнинг “Мифтаҳул-улум” асари шундай мўтамад асарлардан десак, муболаға бўлмайди. Янги чиққан таърифлар аввалги таърифларни тўлдиради, холос. Чунки кейинги таърифлар аввалги таърифлар хулосасидан келиб чиққан. Юқорида ўрта асрларда ижод қилган наҳвийларнинг сўз ясалиши ҳақидаги таърифлари бир-бирини истисно қилмаган ҳолда тўлдириб, бойитиб боради.  
  2. “Сарф” сўзи “صرف” феълининг ҳаракат номи бўлиб, ўзига қайтариш, ўзгартириш, алмаштириш маъноларини ифодалайди. Сарф илми араб тилининг энг муҳим илмларидан ҳисобланади. Бу илмда қиёс катта аҳамиятга эга. Сарфда қиёсни билмаган араб тилини ўргана олмайди. Қиёс товуш тушиши, ортилиши, алмашиши каби фонетик ҳодисаларда; сўздаги ўзак ҳафрлар, зиёда  бўлган ҳарфларни аниқлашда ҳам энг муҳим ҳисобланади.
  3. Араб тилида сарфнинг асосий материали ундош ҳарф ҳисобланиб, унли ҳарф бу жараёнда иштирок этмайди. Ҳар бир ясалган сўз ортида бошқа сўз ётмайди ва бу ясалиш маълум вазнга кўра бирор йўл, усул билан юзага келган бўлади. Ҳар бир ясалишда икки хил муносабат бор, ясашга асос бўлган вазн ва шу вазнда ясалган сўз.

 

Акмалхон АКМАЛХОНОВ

Фойданилган адабиётлар: 

الامام ابو يعقوب يوسف بن ابي بكر بن محمد السكاكي تحقيق حمدي محمد قابل. مفتاح العلوم.-القاهرة, دار التوفقية 

(Al - Imamu abu Yaqub Yusuf ibn abu Bakr ibn Muhammad as- Sakkokiy tahqiq Hamdi Muhammad Qobil. Miftahu – l - ulum.-Al- Qahira, daru – t – Tafviq)

 عبد الله بن صالح. دليل السالك الى الفية بن مالك الجزء الثاني. –الرياض, دار ابن الجوزي.  2014

(Abdulloh ibn Salih. Dalilu – s- Salik ila alfiyyati ibn Malik juz’un sanin. – Ar – Riyod, daru – l – Javziy. 2014)

جمال الدين بن عثمان  بن خاجب تحقيق صالح عبد العظيم. الشافية في علمي الصرف و الخط.-القاهرة, مكتبة الاداب. 1923 

(Jamoliddin ibn Usman ibn Xojib tahqiq Salih Abdulazim. Ash – Shafiyatu fi ilmayi – s-sarfi va –n – nahvi va – l –xatti. -Al – Qahira, makatabatu – l – adab. 1923)

عثمان بن جني تحقيق ميلود بن عبد الرحمان. مختصر التصريف. -القاهرة, مكتبة الاداب.2005 

(Usmon ibn Jinniy tahqiq Milud ibn Abdurahmon. Muxtasaru – t – tasrif. –Al – Qahira, maktabatu – l – adab. 2005)

عبد القاهر الجرجاني تحقيق علي توفيق الحمد. المفتاح في الصرف. –عمان, مؤسسة الرسالة. 1987 

(Abduqahir al – Jurjaniy tahqiq Ali Tavfiq Hamd. Al – Miftah fi –s – Sarf. – Umman, muassasatu – r – risala. 1987)

ابن عصفور الاشبيلي تحقيق فخر الدين قباوة. الممتع الكبير في التصريف. –لبنان, ناشرون. 1996

(Ibn Usfur  Ishbiliy tahqiq Faxriddin Qabava. Al- Mumti’ al-Kabir fi – t –tasrif. Lubnan, nashirun. 1996) 

ЭЛЕКТРОН ДАСТУРЛАР

Андроид дастурлар


Рейтинг@Mail.ru

АНВАР АҲМАД

1977 йил Наманган шаҳрида туғилган. “Ал-Азкор”, “Риёзус солиҳийн”, “Маккаи мукарраманинг эски ва янги тарихи” китобларининг таржимони. 2003-йилдан бери Тошкентдаги турли тил марказларида араб тилидан дарс беради. www.arabic.uz веб сайтининг бош муҳаррири. Ва яна араб тили ва грамматикасига оид “Мабдаъ ул-қироат”, “Мабдаъ ус-сарф”, “Мабдаъ ун-наҳв”, “Шифоҳийя”,  “Истифтоҳ”, “Тафсилу акмалий”, “Ҳаракот”, “Авомил”, “Заририй”, “Ўқиш асослари”китобларини нашрга тайёрлаган. Ёш болаларга расмли “Алифбо”, “Ўқиш китоби” ва "Араб грамматикасидаги феъллар" номли қўлланмалар муаллифи.

МАҚСАДИМИЗ

Миллий қадриятларимиз, маънавий бой меросимизни тиклаш ва уларни чуқур ўрганиш, унинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини халқимиз ўртасида тарғиб этиш, имом Замахшарий, Абдураҳмон Жомий каби бобокалонларимиз ижод қилган араб тили ва грамматикасига бўлган рағбатни қондириш, сақланаётган тарихий ва нодир қўлёзмаларни авлодларга етказиш, аждодларимиз ҳаёти, ахлоқи ва юксак маънавиятини ифодаловчи матнларни таржима қилиб, ёшлар қалбида улар қолдирган меросга ҳурмат, эъзоз ва муҳаббат туйғусини шакллантириш.

БИЗ БИЛАН БОҒЛАНИШ:  [email protected]