Ибн Ҳожиб – Ислом маънавиятининг юлдузи

Category: Мақолалар Written by Administrator

Ибн Ҳожиб – Ислом маънавиятининг юлдузи

Мустақиллик шарофати билан барча соҳаларда бўлгани каби таълим соҳасида ҳам ижобий ўзгаришлар бўлди.  Бу борада сезиларли ютуқларни қўлга киритдик. Жумладан, тарихимизни янгидан ўрганиш бошланди. Аждодларимиз ёзиб қолдирган қадимий қўлёзма асарлар ўрганила бошланди.

Сир эмаски, аксар ёзма манбалар араб тилида битилган. Бу эса араб тилини ўрганиш, қолаверса, ушбу тилнинг ўрганилишига оид маълумотларни ҳам билиш эҳтиёжини юзага келтиради. Қайси юртга Ислом дини кириб борган бўлса, ўша жойда араб тили тарқалиб, мустақил фан сифатида ўрганила бошланди. Пировардида араб тили билан махсус шуғулланувчи араб тили грамматикаси олимлари етишиб чиқди. Мазкур мақолада араб тили грамматикасининг етук олими, Ибн Ҳожиб номи билан шуҳрат қозонган, машҳур “Кофия” китобининг муаллифи Усмон ибн Умар ҳақида маълумот берамиз.    
Аллома  араб тили грамматикаси олими,  фақиҳ Абу Амр Усмон ибн Умар бўлиб, отаси Амир Иззуддин ас-Салоҳийнинг Ҳожиби (“эшик оғаси” - қадимда саройларда берилган юқори  ҳарбий унвон) бўлган. Шу сабабдан бу олим Ибн Ҳожиб номи билан машҳур. Ибн Ҳожиб курд миллатига мансуб бўлиб,  570 ҳижрий санада, (милодий 1174 йили) Исно шаҳрида таваллуд топган.
Ёшлик чоғиданоқ Қуръон қироатини, кейинчалик эса Моликий мазҳаби фиқҳини ўрганган. Олим ўша замонда илм ва олимларнинг бешиги ҳисобланган Қоҳирага боради. Унга олимлар ва талабаларнинг қалблари очилди. У барчанинг меҳрини қозонди. Буларнинг барчасига жуда зийраклиги, зеҳни ва ёд олиш қобилияти кучлилиги, шунингдек, тақвоси орқали эришди. Ҳатто у ҳақида сўз юритилганда олимларнинг энг зийраги дея эътироф этилар эди. Ўз замонида моликий мазҳаби уламоларига раҳбарлик қилди.
Араб тили грамматикасини мукаммал ўрганиб, тилшунос олим сифатида танилди. Аллома кўп ўринларда наҳв олимларининг фикрларига қарши чиқиб, уларга инкор этиб бўлмас далиллар келтирди. Бундан ташқари, усулул-фиқҳ илмидан ҳам дарс берди. Ўз замонасининг етук олимлари Исмоил ибн Ясин, Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Иртоҳий, Ваҳбатуллоҳ ибн Али ал-Бусирий, Юсуф ал-Ғазнавий, Али ибн Исмоил,  Ғиёс ибн Форис ва Усулул-фиқҳ илмининг бошқа олимлари Ибн Ҳожибга устозлик қилдилар. Олим  тақводор, солиҳ, омонатдор, тавозели, қийинчиликларга қарамасдан, ўз илмини сидқидилдан тарқатувчи инсон сифатида шуҳрат топган эди.
Аллома бир неча шаҳарларни саёҳат қилди ва Байтул-Мақдис ва Ғаззани зиёрат қилди. Сўнг 617 ҳижрий йили Дамашққа келиб, Дамашқ университетида моликий фиқҳидан дарс бера бошлади. Кейинчалик Қоҳирага қайтиб бориб, “Фозилия” мадрасасида фаолият юрита бошлади. У ерда  ўз илм булоғидан кўплаб инсонларни баҳраманд этди. Умрининг охирларида Искандарияга кўчиб ўтди ҳамда  таълим ва тадрисни давом эттирди.
Ҳар бир нарсанинг ибтидоси бўлгани каби интиҳоси ҳам бўлади, дейилганидек  илк ўрта аср илм-фанига улкан ҳисса қўшган, ўзидан жуда катта илмий мерос қолдирган аллома 646 ҳижрий, шаввол ойининг 26-куни (милодий 1249 йилнинг 18 февралида) эрта тонгда Искандарияда вафот этди. Ўша куни Боб ал- Баҳрдаги “Шайх Солиҳ ибн Абу Шома”  мақбарасига дафн этилди. Ибн Ҳожиб вафот этганда Фақиҳ Абул Аббос Носируддин Аҳнад ибн Мунир қаттиқ қайғуриб, у ҳақидаги байтни қабрининг устига ёзиб қўйган экан.
Аллома бизларга жуда кўплаб асарлар ёзиб қолдирди. Асарларининг энг машҳури   “Ал-Кофия завил ароби фи маърифати калом ал-аъроби” бўлиб, “Кофия” номи билан машҳур.  У наҳв илмидаги мўъжаз кема, яъни муқаддима ҳисобланади. Абу Ҳайён ушбу китоб ҳақида шундай дейди: “Бу китоб фақиҳларнинг наҳвсидир”. Ушбу китоб шу даражада кенг тарқалдики, деярли барча кутубхоналарда мавжуд. Унинг шарҳи 67 тадан ортади. Китобнинг яна мухтасарлари ва 5 та назмда ёзилганнусхалари бор.
Наҳв илмида битилган бу асар тенги йўқ ва нодир асар ҳисобланади. Ушбу китоб ҳанузгача бизнинг диёрларимизда ўқитилиб келинади.“Кофия”га бир қанча шарҳлар битилган. Улардан энг машҳуриАбдураҳмон Жомийнинг бизда “Шарҳ мулла Жомий” номи билан маълум бўлган асаридир. Ушбу китобнинг асл номи “Ал-Фавоид аз-Зиёийя”дир.
Сарф илмида “Аш-Шофия” асари, Моликий фиқҳида “Ал-Мухтасар ал-Фиқҳ”, аруз илмида “Ал-Мақсудул-жалил” деб номланган қасидалари,“Ал-Амолий ан-Наҳвийя” ва Замахшарийнинг “Муфассал” китобига “ал-Ийзоҳ” номли шарҳи маълум.
Ибн Ҳожиб роҳматуллоҳи алайҳ ҳақида уламоларнинг фикрлари
Имом Тақийюддин ибн Дақиқ ал-Ийд айтадилар: “Унга балоғат жуда осон эди, ундан ҳикмат чашмаси булоқ каби отилиб турар эди”.
Қози ибн Холликон айтадилар: “У киши зеҳнда тенгсиз эдилар. Бир неча бор менинг олдимга келганида араб тилидаги мушкул ўринларни сўрар эдим. У киши менга сўраган нарсам ҳақида ўйлаганимдан-да гўзалроқ жавоб берар эдилар”. Аллома Ибн Абу Шома у кишини эслаб шундай дейди: “Ибн Ҳожиб туғма қобилиятли бўлиб, зийракликда унга тенг келадигани йўқ эди. Илму амалда моҳир эди. Имом Моликнинг мазҳабида мустаҳкам, ғоят тавозели, илм ва унинг аҳлига муҳаббатли, қийинчилик ва озорларга сабр қилиб, илмни сидқидилдан тарқатар эди”.
Олим жуда кўплаб машҳур зотлардан  илм олган. Устозларининг сони ўн бешга етади. Ибн Ҳожибдан дарс олган шогирдлари йигирмадан ортади. Шогирдлари орасидан замонасининг олимлари етишиб чиққан. Олимнинг ёзган асарлари ўндан ортади.    
Бизнингча, мана шундай олимлар ҳақида маълумотга эга бўлиш, асарларидан баҳраманд бўлиш ёш авлод қалбида фахр туйғусини уйғотиши билан биргаликда уларнинг йўлларини давом эттиришда улкан масъулият юклайди.
 
 
ТИИ ходими  Даврон Абдураҳимов (Mumina.uz сайтидан олинди)