Тасвирдаги ҳикматлар-4953

Category: Ҳикматлар Written by Анвар Аҳмад

Абу Бакр Боқилоний раҳимаҳуллоҳ ўз асрининг буюк уламоларидан эди. Халифа уни танлаб насронийлар билан мунозара қилиш учун Қустантинийяга юборди. Рум подшоси Абу Бакр Боқилонийнинг келаётганликларини эшитгач кирадиган эшикни паст қилиб қуришларини буюрди. Мақсади Боқилоний кираётиб эгилишлари ва Рум подшоси ва аъёнлари олдида ўзларини хорлашлари лозим эди. Боқилоний келгач уларнинг ҳийласини англадилар ва айланиб орқа билан эгилиб кирдилар. Яъни, юзлари улар томонга эмас, эшик томонга бўлди. Подшоҳ билдики, олдида зийрак инсон турибди. Боқилоний кириб салом бермадилар. (Зеро Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам аҳли китобга биринчи бўлиб салом беришдан наҳий қилганлар). Кейин у зот роҳибларнинг каттасига қараб:
– Аҳволингиз яхшими? Хотин, бола-чақангиз қандай? , дедилар.
Рум подшосининг аччиғи келиб:
– Билмайсанми, роҳиблар уйланмайди, бола-чақа қилмайди?! деди.
Боқилоний: Аллоҳу акбар! Роҳибларингизни уйланиш ва бола-чақадан поклайсиз, Роббингизни эса Марямга уйланиб, Ийсони фарзанд қилиб туққан деб айблайсизлар! дедилар.
(Кейин подшоҳ безбетларча:
– Оишанинг қилган ишига нима дейсан? деди.
Боқилоний:
– Агар Оишага туҳмат қилинган бўлса, Марямга ҳам туҳмат қилинган. Ваҳоланки иккаласи ҳам покиза. Аммо Оиша турмушга чиқди ва фарзанд кўрмади. Марям эса турмушга чиқмади ва фарзанд кўрди. Ботил туҳматга қайси бири лойиқроқ эди?
Аллоҳ иккисини ҳам пок қилди.
Подшоҳнинг ғазаби қайнади ва деди:
– Пайғамбарингиз ғазот қилар эдими?
– Ҳа.
– Ғалаба қозонар эдими?
– Ҳа.
– Мағлуб бўлар эдими?
– Ҳа.
– Ажабо! Пайғамбар ҳам енгиладими?!
Шунда Абу Бакр Боқилоний унга:
– Илоҳ ҳам хочга михланадими? дедилар.
Подшоҳ жим бўлиб қолди).
Абулҳасан Андалусийнинг "Андалус қозилари тарихи", номли китобидан.