Тасвирдаги ҳикматлар-4952

Category: Ҳикматлар Written by Анвар Аҳмад

Пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васалламнинг васфлари:
У зот ўзлари учун қасос олмасдилар, ғазаб ҳам қилмасдилар. Аммо Аллоҳнинг буйруқлари паймол этилса Аллоҳ учун ғазаб қилардилар. Агар Аллоҳ учун ғазаб қилсалар, у зотни қаршиларида бирор киши чидаб тура олмас эди. У зотнинг наздларида кучли ҳам, кучсиз ҳам, яқин киши ҳам, узоқ киши ҳам, олий табақадаги ҳам ва ундан бошқаси ҳам ҳақиқат олдида тенг ҳуқуқли эди. У зот бирор марта овқатдан шикоят қилмаганлар. Агар иштаҳалари тусаса, ер эдилар. Агар иштаҳалари тусамаса, емай қўяқолардилар. Мубоҳ таомлардан имкон борича тановул қилардилар. Унда такаллуф қилмасдилар. Ҳадя қабул қилиб, ҳадя улашардилар ҳам. Садақани қабул қилмасдилар. Поябзалларини ўзлари таъмирлар ва кийимларини ҳам ямардилар. Аҳли аёлларининг ишида кўмаклашардилар, соғин ҳайвонни соғар ва ўзларига ўзлари хизмат қилаверардилар.