Ёзувнинг вужудга келиши

Category: Мақолалар Written by Administrator

Ёзувнинг вужудга  келиши

Бу ёруғ дунёга келган инсон зотининг бош мақсади, аввало, яратган Парвардигорини таниш, шу йўлда Пайғамбар кўрсатмаларига оғишмай амал қилиш, ҳаётнинг машаққатли синовларидан муваффақиятли ўтиш, ҳар томон-лама соғлом, баркамол авлодни вояга етказиб, она заминнинг бундан-да обод, бундан-да кўркамроқ бўлишини таъминлашдан иборат бўлиб, унга илму-маърифат орқалигина эришилади.

Бу йўлдаги дастлабки босқич хат ёзишни ўрганишдан бошланади. Илм олишнинг асосий воситаси ва дастлабки босқичи ҳам хат ёзишдир. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг илк оятлари Алақ сурасидаги “Ўқинг, Парвардигорингиз номи билан ўқинг” амри билан тушурилишида, иккинчи суранинг илк оятларида эса “Қаламга ва у ёзадиган нарсаларга қасам” билан бошланишида катта илоҳий ҳикмат бор. Аллоҳ таоло бу билан Қуръоннинг илм китоби, Исломнинг илм – маърифат дини, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам илм пайғамбари эканларини далил қилмоқда. Инсонларни илм – фанни чуқур эгаллаб, Парвардигорларини яхшироқ танишга чақирмоқда .
Расуллулоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Илмни китобат (ёзиш) билан боғлаб (мустаҳкамлаб) қўйинглар”, дедилар (Табароний ва Ҳоким ривояти) .
Аждодларимиздан шундай нақл қолган: “Илм ов қилиб тутилган жониворга ўхшайди, уни китобат (ёзиб қўйиш) билан боғлаб қўйилади”.  Яна бирлари эса: “Ҳар қандай илм дафтарингга ёзилмас экан, у зое бўлур” , деган эканлар.
Хаттотлик ва китобат санъати машриқзамин аҳолининг узоқ асрлик маданий-тарихий меросида алоҳида ўрин эгаллайди. Марказий Осиё халқи томонидан ислом динининг қабул қилиниши араб ёзувининг ҳам кириб келишига сабаб бўлди. Натижада араб ёзуви VII асрдан бу халқ учун илм-фан ва давлат ишларида ягона расмий ёзув сифатида ўрин олади.
Ибн Синонинг “Тиб қонунлари” китобида таъкидланишича, хунук хат билан ёзилган матн кишининг кўзига катта зарар етказади. Шунинг учун ҳуснихат билан ёзилган китоблар ниҳоятда қадрланган, эъзозланган ҳамда табаррук саналган .
Машҳур хаттотлар хатларининг чиройли ва жозибадор бўлиши учун араб ҳарфларининг ҳар бирига оро беришга, ҳусн киритишга ва уларни гўзаллаш-тиришга ҳаракат қилганлар. Араб ҳарфи билан ёзиладиган 36 хат шакли мавжуд. Таъкидлаш жоизки, ҳуснихат билан битилган араб ёзуви кишиларни ҳаяжонга солиб, уларга юксак завқ-шавқ бағишлаши билан дунёдаги бошқа халқлар ёзувидан ажралиб туради. Бу санъат қадим замонлардан бери ҳуснихат (каллиграфия) номи билан шуҳрат қозонган . Ўрта асрларда ҳали китоб чоп этиш ихтиро этилмаган даврда ҳар қандай асар қўлда кўчирилиб, китобат қилинган. Китоб кўчириш илм даражасидаги ҳунар ҳисобланиб, бу  иш билан шуғулланган кишилар хаттотлар ва котиблар номи билан машҳур бўлганлар . Уларнинг ҳар бири ўз замонасининг маърифатли маданият арбоби саналган. Табиийки, зарринқалам хаттотлар ёзган ҳар қандай хат санъат мўъжизаси каби ўлмас асар ҳисобланган .
Дунёдаги барча илоҳий муқаддас китоблар, қомусий, тарихий, илмий, адабий, маърифий асар ва тўпламлар мана шу хаттот(каллиграф)ларнинг сермашаққат меҳнатлари эвазига бизгача етиб келган, нодир меросимиз асрлар оша авлоддан-авлодга ўтиб, ўлмаган. Илгари  мактабларда болаларга Ҳафтияк, Қуръон, Чор Китоб, Ҳофиз, Навоий, Бедил ва Сўфи Аллоҳёрнинг “Маслак ул-муттақин” каби мумтоз маърифий асарларидан таълим берилиб, ўқиш жараёнида мазкур китоблар саводли ўқувчиларга кўчиртирилган ва шу йўл билан кейинги авлод қўлланмалар билан таъминланган.  Зотан, Марказий Осиё халқининг тахминан 15 асрлик илмий-адабий, тарихий-қомусий мероси бизнинг давримизгача, асосан, қўлёзма шаклида етиб келган .
Ҳар бир замонда ҳам гўзал хат сирларини ўзлаштиришга тарғиб қилинган. Жумладан, Кайковус “Қобуснома” китобининг ўттиз тўққизинчи бобини “Дабирлик ва котиблик зикрида” деб номлаган ва шу бобнинг илк сатрларини шундай деб бошлаган: “Эй фарзанд, агар дабир  ва котиб бўлсанг, ёзма нутқни яхши эгаллағил, хатни яхши билғил ва кўп ёзмоқни одат қилғил, токи яхшироқ моҳир бўлғайсан” .
Қўлёзмаларни китоб ҳолига келтириш эса мураккаб ва машаққатли ҳамда ўта масъулиятли жараён бўлиб, унда бир неча мутахассис иштирок этган. Улардан биринчи даражадагилари – қоғозрез (қоғоз тайёрловчи), хаттот (хат ёзувчи), заҳҳоб (зарҳал берувчи), наққош (нақш чизувчи), лаввоҳ (сарлавҳа ва жадвалларни зийнатловчи), пош (тилла сувини юлдуз каби сочувчи), мусаввир (қўлёзмага миниатюралар чизувчи рассом) ва саҳҳоф (муқовасоз) .
Табиийки, бир неча моҳир усталарнинг иштирокида вужудга келган қўлёзмалар бебаҳо санъат асари даражасига кўтарилган ва ўз замонасидаги энг мўътабар шахслар – подшоҳлар, давлат ва дин арбоблари, буюк олимлар ва шоирларга, умуман, санъатсеварларга туҳфа этилган .
Китоб ва китобат санъати, унинг анъанаси ҳамда ёзув билан алоқадор бўлган қадриятлари ўзбек халқининг азалий қадрияти ва миллий бойлиги, фахри ва ғурурини ташкил этади. Шуларни инобатга олган ҳолда муҳтарам Президентимиз Ислом Каримов ўзининг “Тарихий хотирасиз келажак йўқ” асарида  ёзма манбалар, китоб ва кутубхоначилик, тарихимизни ўрганишдаги ўрни ва аҳамиятини алоҳида таъкидлаб ўтган. Ўрта Осиё халқларининг турли даврларда, жумладан, ХХ асрнинг бошларида китоб ва кутубхоначилик, китобат ва хаттотлик санъати ва маданиятига бўлган муносабатларини ўрганиш турли фан соҳалари учун қизиқарли ва муҳим. Китоб ва кутубхоналар халқнинг тарихий даврларда турли соҳалардаги фаолиятлари, қолдирилган билим, малака ва маҳоратларини моддийлашган шаклда ўзида мужассам этгувчи муҳим бир восита бўлган. Аждодларимиздан қолган бу мерос маънавий бойлик сифатида тарихий хотира ҳамдир. Ана шу катта ва бой мерос, хазина орқали ўтмишимизни комплекс равишда ўрганиш тарих фанининг долзарб илмий йўналишларидан бирини ташкил этади .
Ёзув, қачон пайдо бўлгани тарихи ҳақида жаҳон тарихчиларининг фикрлари ҳар хил эканини гувоҳи бўламиз. Лекин самовий китоблар  нозил бўлишининг ўзи ёзув тарихи ҳақидаги маълумотларни аниқлашга ёрдам беради. Ёзув қачон пайдо бўлгани тарихи ҳақида баъзи маълумотларни келтирамиз.
Хат Аллоҳнинг бандаларига берган энг улуғ неъмати, мўъжизаси бўлиб, унинг келиб чиқиши Ҳазрати Одамга (алайҳиссалом) бориб тақалади.
Аҳмад ибн Али Қалқашандий Мисрий “Субҳил аъша фи синоат ал-иншо”  (Иншо санъатида йўриқнома) китобида  шундай деганлар: “Айтишларича, хат ва китобатни илк бор қўллаган Одам алайҳиссалом бўлган. У зот ўлимларидан уч юз йил олдин лойга хат ёзган ва уни оловда қуритган эканлар” яна бир ривоятда биринчи хат ихтирочиси Ахнух яъни Идрис алайҳиссаломдир. Бошқа ривоятда эса Одам алайҳиссаломга Аллоҳ томонидан ваҳий қилинган, илоҳий кўрсатмалар бўлган 21 саҳифа нозил қилинган, дейилади. Шу икки маълумот орқали илк бор ёзишни Одам алайҳиссалом ва Идрис алайҳиссалом бошлаб берган деган хулосага келишимиз мумкин .
Расуллулоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинади: “Одам алайҳиссаломдан кейин қалам билан ёзган биринчи шахс Идрис алайҳиссаломдир. У китоб ўргангани учун ҳам Идрис деб номланган. (Ҳаким Термизий ривоят қилган) .
Абу Зар розияллоҳу анҳудан  ривоят қилинади: “Биринчи расул Одам алайҳиссалом ва энг сўнггиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдир, Бани Исроилнинг биринчи набийси Мусо ва охиргиси Ийсо алайҳимуссаломдир. Илк бор қалам билан хат ёзган Идрис алайҳис саломдир” (Ҳаким Термизий ривояти). Сўнгра Идрис алайҳиссалом Нуҳ алайҳиссаломга  ёзишни ўргатган  ва у кемасининг тархини чизган”, деганлар.

Тошкент Ислом Институти 4-курс талабаси
Каримов Зиёдуллоҳ Ғайбуллоҳ ўғли

 

Фойдаланилган адабиётлар

Муфтий Усмонхон Алимов. Тафсири Ирфон. 29 – жуз. Тошкент: Шарқ. 2012. –Б. 46.
  Наводир ал-усул фи аҳодис ар-расул. I жуз. –Б.62.
  Аҳмад Ҳомиший. Жаворий ал-адаб. II жуз. –Б.64. Ал-мактаба аш-шамила. Исдор. 348.
  Абдуғаффор Раззоқ Бухорий. Шарқ хаттотлик ва миниатюра санъати намуналари (VII-XXI асрлар мусанниф бисотидан ). Тошкент: Ўзбекистон, 2011. –Б.450
  Қаранг: Абдуғаффор Раззоқ Бухорий. Ҳуснихат дурдоналари (Настаълиқ хати қоидалари). Тошкент: Мовароуннаҳ,. 2008. Муфтий Усмонхон Алимовнинг Хуснихат дурдоналари китобига ёзилган сўзбоши.  –Б.3.
  Абдулыодир Муродов. Ўрта Осиё хаттотлик санъати тарихидан. Тошкент: Фан, 1971. –Б. 3.
  Абдуғаффор Раззоқ Бухорий. Ҳуснихат дурдоналари (Настаълиқ хати қоидалари). Тошкент: Мовароуннаҳр, 2008.  –Б.3.
  Абдуғаффор Раззоқ Бухорий. Шарқ хаттотлик ва миниатюра санъати намуналари (VII-XXI асрлар мусанниф бисотидан ). Тошкент: Ўзбекистон, 2011. –Б.450
  Иш юритувчи. Қаранг: Кайковус. Қобуснома. Тошкент: Ўқитувчи, 1986. –Б. 129.
  Кайковус. Қобуснома. Тошкент: Ўқитувчи, 1986. –Б. 129.
  Абдуғаффор Раззоқ Бухорий. Ҳуснихат дурдоналари (Настаълиқ хати қоидалари). Тошкент: Мовароуннаҳр, 2008.  –Б.9.
 Абдуғаффор Раззоқ Бухорий. Ҳуснихат дурдоналари (Настаълиқ хати қоидалари). Тошкент: Мовароуннаҳр, 2008.  –Б.3. Шоди Каримов, Рустам Шамсуддинов. Ватан тарихи. Тошкент: Ўқитувчи, 1997. –Б.501.
  Каримов И.А. Тарихий хотирасиз келажак йўқ. Тошкент: Шарқ, 1998. –Б.4.  
  Л. Холназарова. Ўзбекистон Фандар Академияси Тарих Институти УДК 9(575.1)02(575.1.) (09).
  Таврот, Забур, Инжил ва Қуръони карим¬- самовий китоблар дейилади.
  Субҳил аъша фи синоат ал-иншо. Аҳмад ибн Али Қалқашандий Мисрий (1355-1418). Энциклопедия.
  Субҳил аъша фи синоат ал-иншо. Аҳмад ибн Али Қалқашандий Мисрий (1355-1418). Энциклопедия.
  Муҳаммад ибн Али ибн Ҳасан АбуАбдуллоҳ Ҳаким ат-Тирмизий.  Наводир ул-усул фи аҳодис ар-росул.
  Байрут:Дорун нашр,1992.  Муҳаммад Шарифжон Садр-и Зиё. “Тазкиратул хаттотийн”.// Қўлёзма. Ўз ФА ШИ. – .№1304