“Кофия” муаллифи ким?

Category: Мақолалар Written by Administrator

“Кофия” муаллифи ким?

Қарийб саккиз асрдан буён наҳв илмида энг асосий қўлланмалардан бири бўлиб келаётган “Кофия” асари бизнинг юртимизда ҳам кенг ўрганилади. Қуръон тили бўлган араб тилининг нозик жиҳатларини ўзида мужассам этган мазкур асарни ўрганиш араб тилини эндигина ўрганаётган толиби илм учун ниҳоятда зарурдир. Зеро,аввалда ўтган устозларимиз ҳам ўз шогирдларига биринчи бўлиб айнан “Кофия” дан таҳсил беришган. Ҳозирги кунда ҳам юртимиздаги барча диний таълим муассасаларида мазкур асарни чуқур ўрганишга алоҳида эътибор бериб келинмоқда. Бу асар ҳақида диёримизнинг қайси бир бурчагига бориб сўраманг, ҳамма- илмли кишилардан тортиб, ўша ернинг оддий одамларигача унинг ҳеч бўлмаганда машҳур асар эканлигини айтади. Бу нарса “Кофия” нинг халқимиз орасида алоҳида аҳамиятга эга эканлигини билдиради. Бу китоб ҳақида,унинг нақадар нодир манба эканлиги ҳақида соатлаб гапириш мумкин. Аммо қуйида биз эътиборимизни қаратмоқчи бўлган масала мазкур асарнинг аҳамияти ҳақида эмас,балки уни ёзган,китоб ҳолига келтирган ва бу йўлда не-не машаққатларга дучор бўлган муаллиф, яъни асарнинг муаллифи ҳақидадир. Хўш,”Кофия” нинг муаллифи ким? Асрлар оша биз авлодларга мерос бўлиб келаётган “Кофия” асари халқимиз орасида қанчалик машҳур бўлса,бу асар муаллифининг номи шунчалик ғариб (танилмаган) дир. Ҳар қандай китобни бошлашдан аввал унинг муаллифини билиш,ҳаёт ва ижод йўлини ўрганиш ва албатта унинг ҳаққига дуолар қилиш юксак одоб намунасидир. Шуни инобатга олган ҳолда биз ҳам мазкур асарнинг муаллифи ҳақида тўхталиб ўтмоқчимиз:
“Кофия” асарининг муаллифи Ибн Ҳожиб шахсияти ва унинг илмий мероси.
Ибн Ҳожибнинг тўлиқ исмлари Абу Амр Усмон ибн Умар  ибн Абу Бакр ал-Моликий ал-Асноий бўлиб,570-646- (1174-1249 м.) ҳижрий йилларда яшаб ўтганлар. Оталари Умар  ўша пайтдаги амир Иззуддин ас-Салоҳий (бу киши машҳур амир Салоҳиддин ал-Айюбийнинг тоғаваччаси бўлган) саройида ҳожиб- эшик оғаси лавозимида ишлаган. Шунинг учун ҳам муаллиф  Ибн Ҳожиб яъни “Ҳожибнинг ўғли” номи билан машҳур бўлганлар.  Оталари курдий,яъни курд миллатига мансуб киши бўлганлар. Ибн Ҳожиб Мисрнинг Асно деб номланган кичик бир шаҳарчасида таваллуд топганлар. Ёшликлариданоқ Қоҳира шаҳрида Қуръон илми билан машғул бўлдилар. Тез фурсатда Каломуллоҳни тўлиқ ёд олиб,илм билан шуғуллана бошладилар.
Имом Молик мазҳабларида фиқҳ илмини мукаммал ўрганадилар. Сўнгра араб тили,қироат илмини ҳам ўрганадилар ва бу соҳаларда катта-катта ютуқларга эришадилар. Шундан сўнг Дамашқ шаҳрига бориб,у ердаги моликийлар мадрасасида юқоридаги илмлар бўйича дарслар бердилар. Одамлар у кишидан илм олишга жуда ҳам рағбатли бўлганлар. Чунки Ибн Ҳожиб илмнинг барча йўналишларида фақиҳ,фозил зот эдилар. Одамлар у кишига “илмда денгиз каби бўлган”,деб тариф берганлар. Бу сўзнинг маъноси шуки,у киши илмнинг барча соҳалари- усулуддин,фуруъуддин,араб тили,тафсир,қироат,аруз,сарф йўналишларида жуда ҳам мукаммал билим эгаси бўлганлар. Яна у кишига баъзи уламолар томонидан “Аллоҳ яратган махлуқотлар ичида зеҳни энг яхшиси”,дея тарифлар берилган. Ибн Ҳожиб кўпроқ араб тили илмига рағбат қилганлар. Бунинг натижаси ўлароқ наҳв фанига оид бир неча мўжаз муқаддималар,китоблар,хусусан “Кофия” китоби,унинг шарҳи бўлган “Вофия” каби бир нечта жуда ҳам фойдали асарларни битганлар.Кейинчалик,ҳижрий 638 йилда Дамашқдан яна Қоҳирага қайтиб келиб,у ерда ҳам таълим беришни давом эттирдилар. Дамашқда бўлгани каби Қоҳирада ҳам юзлаб одамлар у кишининг хизматларига ҳамма вақт шай бўлдилар ва илмларидан баҳра олдилар. Аммо Қоҳирадаги бир неча давлат раҳбарларининг у кишига нисбатан тазйиқи сабаб,ҳижрий 642 йили Искандария (Александрия) шаҳрига,у ерда истиқомат қилиш учун кўчиб ўтадилар. У ерда ҳам олимлар,фақиҳлар Ибн Ҳожибнинг бебаҳо илмларидан имкон қадар фойдаландилар. Бироқ Искандариядаги истиқоматлари узоққа чўзилмади. Ҳижрий 646-йил,шаввол ойининг 26-куни (милодий 1249-йил,18-феврал), чошгоҳ вақтида буюк аллома,фақиҳ,фозил,араб тили илмининг беназир намоёндаси бўлган Ибн Ҳожиб вафот этдилар…
Ўша куннинг ўзида “Абул Аббос ал-Мурсий” масжиди яқинидаги Боб ул-Баҳр қабристонида шайх Солиҳ ибн Абий Шамма мақбараси ёнига дафн қилиндилар.
 Олимларнинг Ибн Ҳожиб ҳақларида айтган сўзлари.
Имом Ибн Дақиқ ал-Ийд (р.а): “Бу кишига,яъни Ибн Ҳожибга балоғат илми Аллоҳ томонидан осон қилинган эди. Илмнинг соялари у кишининг бошлари узра соя солар эди. Ҳикмат булоқлари у киши учун чиқариб қўйилган эди. У кишининг хотираси шу қадар кучли эдики, англаш жуда қийин бўлган масалаларни ҳам бир лаҳзада,осонгина тушуниб,эсда сақлаб қолар эдилар ”.
Қози ибн Халликон (р.а): “Бир куни Ибн Ҳожибнинг ҳузурига бир масала хусусида фикр алмашиш учун бордим. Фикрлари шу қадар тиниқ  ва равшан эдики,мен у киши билан фикр алмашиш ўрнига барча сўзларини тинглаб ўтирдим. Чунки у мен учун ҳеч қандай сўзга ўрин қолдирмаган эди”.
Аллома Ибн Аби Солиҳ (р.а): “Ибн Ҳожиб бу умматнинг энг закий зотларидан бири эди. Унинг даврида дин арконларини ундан кўра яхши биладиган одам топилмасди. Усул илмида тенги йўқ эди. Имом Молик мазҳабида етакчи олим эди. Унинг ҳар бир айтган сўзи ҳужжат,далиллар  билан бўлар эди. Жуда ҳам тавозули,кечиримли,пок,ҳаёли зот эдилар. Илмга муҳаббатли,азиятларга эса сабрли,бардошли эдилар”.
Ибн Ҳожиб қаламларига мансуб китоблар.
Аллома Ибн Ҳожиб ўзларидан бебаҳо мерос қолдириб кетганлар.  Наҳв илмига оид: “Кофия” ва “Вофия”.  Сарфга оид: “Шафия фис сарф”. Фиқҳ фанига оид: “Мухтасар ул-фиқҳ” (биргина шу китобнинг ўзи 60 та фиқҳ китобидан жамланган), “Жамиул уммаҳат”. Арузга оид: “Мақсад ул-жалил” ва “Амолий ан-наҳви”. Усулул фиқҳга оид: “Мунтаҳа ас-сувал”. Замахшарийнинг машҳур “Ал-Муфассал” асарига ёзилган “Ал-Ийзоҳ” номли шарҳ.
У кишининг барча китоблари ғоятда фойдали,ҳусни ифода ила битилган эди.Аллоҳ бу зотни ўзининг раҳмат дарёларига ғарқ айласин. Охиратдаги маконлари жаннат боғларидан бўлишини насиб айласин. Ибн Ҳожибнинг илмий меросларидан бизларни тўлиқ фойдалантирсин. Истифода олганлар томонидан бўладиган дуолар билан у кишининг қабрларини мунаввар айласин..!
Наҳв илмидаги қуёш,ой ва 11 юлдуз ҳақида эшитганмисиз..?
Ибн Ҳожиб ўзларининг  “Кофия” асарида наҳв илмининг вужудга келиши,қоидаларини ишлаб чиқилиши ва бугунги кундаги каби мукаммал ҳолга келишида жонбозлик кўрсатган ўн уч нафар буюк шахсни зикр қилиб ўтадилар. Улардан бирларини  наҳв илми осмонидаги “қуёш”, яна бирларини “ой” ва қолган ўн бир нафарини “11 юлдуз” деб номлаганлар. Хўш бу зотлар кимлар? Нега уларни юқоридаги каби номланган?
Бу каби саволларга келгуси мақолаларимизни кузатиб бориш орқали тўлиқ жавоб олишингиз мумкин…


 Тоҳиров Сайдулло (Mumina.uz сайтидан олинди)