Муҳаммад ибн Умар Хоразмий Замахшарий

Category: Мақолалар Written by Administrator

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим

Имомул Аимма Абул Қосим Маҳмуд ибн Умар Муҳаммад ибн Умар Хоразмий Замахшарий! Ҳижрий 467 (1074 мелодий) йил, ражаб ойининг 27 сида дунёга келди. Бу зот тафсир, ҳадис, фиқҳ, балоғат, наҳв, жуғрофия, адаб илмлари борасида замонасининг ёрқин юлдузларидан бири эди.

Ҳатто баъзилар араб грамматикаси ҳақида гап кетганда: “Агар шу оқсоқ бўлмаганида, араблар ўз тилларини йўқотган бўлишарди”, деган қабилдаги муболағали сўзларни ҳам айтишган. Замахшарийнинг оёғи дарҳақиқат оқсоқ эди. Ёшлигида бир касаллик сабабли оёғи кесилган ва ўша даврдан бошлаб ёғоч оёқда қолганди. Самимий мухлислари кўп бўлганидек, ғаразгўй душманлари ҳам бир мунча топиларди. Шу ғаразгўлардан бир тўдаси бу кишини наҳв илми бўйича мот қилмоқчи бўлишибди ва бу зот кирган шаҳарда йиғилишиб ундан савол сўрашибди:
Нима учун кўплик шаклидаги музаккар исмларга муаннас замирлар яъни олмошлар билан ишора қилинади? Масалан Қуръони каримда Аллоҳ таоло: “Тилкар Русулу”, дейди ю, “Заликар Русулу”, демайди?”
Бу саволдаги иборалар араб тилининг наҳвий қоидаларига асосланади. Араб тилида музаккар ва муаннас деган тушунчалар бор. Одатда музаккар исмларга музаккар олмошлар билан, муаннас исмларга эса муаннас олмошлар билан ишора қилиниши керак. Лекин савол қилувчилар ўз мисолларида: “Асли музаккар бўлган Расуллар калимасига фақат аёлларга ишора қилинадиган “Тилка” муаннас олмоши билан ишора қилинган. Русул калимасига “Залика” музаккар олмоши билан ишора қилиниши керакмасмиди?” дейишмоқда. Замахшарий савол қилувчиларнинг ғаразини яхши англаган ва уларга шундай ажойиб байт билан жавоб берган.


إن قومي تجمعوا **** وبنقصي تحدثوا
لا أبالي بجمعهم **** كل جمع مؤنث
Менинг қавмим кўплашади,
Нуқсонимдан гаплашади.
Бу тўда хом ҳаёллардир,
Ҳар бир кўплик аёллардир.

Аллома бу байт орқали ғаразгўйларга муносиб жавоб бериш билан бирга, араб грамматикасидаги асос қоидалардан бирини ҳам баён қилиб бермоқда. Одатда бир жойга йиғилиб олиб, фойдали иш билан машғул бўлмай, бировларнинг айбини ғийбат қилиб ўтирадиганларни халқ орасида: “Ғийбатчи майда гап хотинлар”, дейилади. Замахшарий шунга ишора қилиб савол берувчиларни ғийбат учун йиғилиб ўтирган ғийбатчи хотинлар демоқда.
“Улар тўпланиб олиб менинг нуқсонимни гапириб ўтиришибди. Мен бундайларнинг гапини сариқ чақага олмайман, чунки бу каби йиғилиб ўтирадиганлар хотинлар бўлади!”
Мана шу охирги жумла ғаразгўйларга дакки бўлиш билан бирга, араб тилидаги машҳур қоидалардан бири ҳамдир. Яъни муфрад музаккар исмлар (синиқ) кўплик шаклга айлантирилса улар ҳам муаннас бўлишади ва шу исмларга ишора қиладиган олмош ҳам муаннас бўлиши лозим ҳисобланади. “Расул” калимаси музаккардир. Унинг синиқ кўплиги “русул” бўлади ва у муаннасдир. Замахшарий айтаётган: “Ҳар бир кўплик аёллардир” қоидаси айнан шу каби кўплик шаклларга тегишлидир. Уларга ишора қиладиган олмошлар қоидага кўра муаннас бўлиши шарт!..
Аллоҳ таоло бу каби алломаларимизни Ўз раҳматига олган бўлсин. Хоразмлик дўстларимиз ҳам боболарининг нақадар етук инсон бўлишганига назар солишсин ва авлодлардан уларга муносиб зотлар тарбиялашга ғайрат қилишсин! Зеро уларнинг томирларида мана шундай зотларнинг табаррук қонлари оқмоқда!


Аброр Мухтор Алий.