Тасвирдаги ҳикматлар-5507

Category: Ҳикматлар Written by Анвар Аҳмад

Мисрлик машҳур қори шайх Маҳмуд Халил Ҳусарий вафот қилганларига мана 35 йилдан ўтди. Ҳануз булбул қорининг Қуръон тиловат қилгандаги ёқимли овозларини эшитиб, баҳраманд бўлиб келамиз. Машҳур қорининг оталари саййид Халил бўйра тўқиш касби билан кун кечирардилар. Арабчада бўйра тўқувчини "Ҳусарий" деб номлангани учун оталарига мана шу касб номи лақаб бўлиб қолган. Агар намоз ўқиладиган масжидда бўйра тўшалмаган бўлмаса ёки шолипоя солинган бўлса, оталари зудлик билан у ерга бўйра тўқиб, янги бўйрани тўшаб қўярдилар. Чунки, ўша пайтда масжидларга тўшаб қўйиладиган нарсаларнинг энг яхшиси бўйра бўлар эди.

Бир куни оталари ажойиб туш кўрдилар. Умуртқа поғоналарида узумбош осилиб турар эди. Одамлар гала‑гала бўлиб, ёпирилиб келар ва ана шу узумдан тановул қилишар эди. Узумлар эса тугамас эди. Ушбу тушни қайта‑қайта кўравергач, устозлардан бирининг ҳузурига бориб, у ҳақда гапириб бердилар. Устозлари Халилдан фарзандлари ҳақида сўради. Шунда Халил: "Эндигина икки ёшга тўлган ўғлим Маҳмуд бор", деб айтдилар. Устоз: "Ана шу фарзандингизни машҳур илм маскани Азҳари шарифга олиб боринг, ўғлингиз у ерда шаръий илмларни ўрганади. Иншааллоҳ келажакда буюк шахслардан бўлиб етишади", деб айтди. Воқеъликда ҳам шундай бўлди. Маҳмуд вояга етгач Азҳар дорулфунунига ўқишга кирди. Қуръони каримни саккиз ёшидаёқ ёд олиб, охирига етказди. Дунё бўйича биринчи бўлиб овозли тасмага Қуръонни ёзилган қорининг тиловати мана шу кишига насиб қилди. У киши Ҳафсни Осимдан қилган ривоятида тиловат қилган эдилар.

Биринчи бўлиб Америка Қўшма штатларининг конгрессида Қуръон тиловат қилган киши ҳам бу қори эдилар. Бирлашган миллатлар ташкилотида пешин намозига азон айтиш ҳам бу кишига насиб қилган эди.

Машҳур қори 1980 йил, 24‑ноябрда вафот қилганлар. Ҳануз у кишининг тотли узумларидан еб келмоқдамиз. У узумбош асло тугамайди. Аллоҳ у зотни мағфират қилсин. Бизга ҳам мана шундай солиҳ зурриётларни насиб қилсин. Аллоҳ рози бўладиган ва яхши кўрадиган йўлга бизларни ҳам муваффақ қилсин. Аллоҳ Ўзи йўлида қилинган амалларни зое қилмайди. Оталари масжидларга бўйра тўшардилар, Аллоҳ бунинг эвазига ўғилларининг овозини бутун дунёга ёйиб қўйиш билан мукофотлади.

(Изоҳ: Кўпгина буюк диний олим ва машҳур қориларнинг ҳаётига назар солсак, уларнинг оталари ё масжидга ёки мадрасага ёки аҳли илм ва олимларга хизмат қилишганини кўрамиз. Аллоҳ бизларни ҳам ана шундай хизматларга мушарраф қилсин. Зурриётларимизни солиҳ ва солиҳа бўлишини таъминласин, омин!)