Тасвирдаги ҳикматлар-5503

Category: Ҳикматлар Written by Анвар Аҳмад

Бир кишининг қарамоғида онаси хотини ва фарзандлари бор эди. У бир кишининг қўлида ишлар эди. У, ўз ишида жонбозлик кўрсатиб, ишини гўзал тарзда амалга оширар эди. Ногаҳон у бир куни ишга келмади. Бошлиғи ўзига‑ўзи: "Бу ишдан кетиб қолмаслиги учун маошини бироз кўпайтириш керак. Шунда у кетиб қолмайди", деди. Ҳақиқатда маош пайтида пулларини кўпайтириб берди. Ишчи бу ҳақда гапирмади ҳам, бошлиғидан нима учун кўпайтирганини сўрамади ҳам. Бир қанча вақт ўтгач ишчи яна ишга келмади. Бошлиғини бундан қаттиқ жаҳли чиқиб, кўпайтириб берган пулимни энди бермайман, эски маош ҳисобида бераман, деди. Ишчи бу сафар ҳам гапирмади ва камайиш сабабини сўрамади ҳам. Бошлиқ уни тасарруфидан ажабланиб: "Маошингни кўпайтириб берсам ҳам индамадинг, камайтирсам ҳам лом‑мим демадинг. Бунинг сабаби нима?" деганида, у: "Аввалги гал ишга келмай қолганимда Аллоҳ менга фарзанд ато қилган эди. Шу сабаб келмаганимда сиз маошимни оширган эдингиз. Мен бу зиёда фарзанд кўрганим учун ризқи ўзи билан келди, деб ўйладим. Иккинчи марта ишга кела олмаганимда, онам вафот қилгандилар. Сиз маошни камайтирганингизда, онамнинг ризқлари ўзлари билан кетди, деб ўйладим", деб жавоб берди.

Бу, Аллоҳ ато қилган ризқга қаноат қилиб рози бўладиган гўзал руҳиятдир.