Тасвирдаги ҳикматлар-6067

Category: Ҳикматлар Written by Анвар Аҳмад

Молик ибн Динор Басра кўчаларида кета туриб, бир анжир кўриб қолдилар. Уни иштаҳалари тусади, аммо ёнларида пул йўқ эди. Оёқларидаги кавушларини ечдиларда, анжир сотувчига узатдилар. Сотувчи: "Бу ҳеч нарсага ярамайди", деди. Молик кавушларини олдиларда, йўлларига равона бўлдилар. Одамлар: "Бу киши Молик ибн Динор эди", деб айтишди. Сотувчи бир лаган анжирни олдида, хизматкорига тутқазиб: "Буни Молик ибн Динорга олиб бор, агар у киши буни қабул қилса, сен озодсан...", деди. Хизматкор бола у кишининг ортларидан етиб олгач: "Мендан мана буни қабул қилинг, чунки сиз қабул қилсангиз ҳожам мени озод қилар экан", деди. Молик: "Агар буни қабул қилиб олишим сени озодликка чиқарса, мени азобга дучор қилади", дедилар. Хизматкор бола кўп илтимос қилса ҳам, Молик: "Мен динни анжирга сотмайман, бу каби анжирни то Қиёматгача емайман", дедилар.