Тасвирдаги ҳикматлар-5743

Category: Ҳикматлар Written by Анвар Аҳмад

Шер афзалми ёки қарға?

Бир киши ўғлини ишлаб тирикчилик учун пул топиб келишини талаб қилди. Ўғил отасининг талабига рози бўлиб, йўлга тушди. Бир неча соат ўтмасидан ўғил қайтиб келди. Отаси: "Нима учун қайтдинг?" деса, ўғил: "Эй отажон! Мен дарахт остида ўтирган эдим, бир пайт ўлими яқинлашиб қолган касал бир қарғани кўрдим. У қандай қилиб ризқ топади, деб ўзимга савол бериб турган эдим тўсатдан бир шер катта ўлжа билан келиб, ундан ўзи тусаганича тановул қилди. Қорни тўйгач қолганини ташлаб кетди. Ўша заҳоти ҳалиги ҳаста қарға ундан тановул қила бошлади. Ризқ кафолатланган экан, деб қайтиб келдим", деди. Шунда ота: "Одамлардан ортиб қолган нарса ҳисобига кун кўрадиган қарғадан кўра, ортиқча қолдиғидан одамлар нафланадиган шер каби бўлишни яхши кўрмайсанми?!" деб айтди.