Тасвирдаги ҳикматлар-5682

Category: Ҳикматлар Written by Анвар Аҳмад

Али Тантовий роҳимаҳуллоҳнинг эсдаликларидан:

Шайх Али адабиётдан маъруза ўқишлари учун у кишини Ироққа юборишди. Маърузалар залига киришдан олдин Бағдод кўчаларини айланиб, узоқ вақт юрдилар. Сўнгра залга ҳорғин ҳолда кирдилар. У ерда дарс ўтаётган устоз шайх Алини ҳам талабалардан бири деб ўйлаб: "Эй сен эшак! Нима учун дарсдан кеч қолдинг?" деди. Шайх Али узр айтиб, сафга кириб, талабалар ўтирган ўриндиқлардан бирига ўтирдилар. Шунда залдаги устоз: "Сизлар ҳузурингизга адабиётдан маъруза ўқиш учун катта адиб Али Тантовий келадилар. У муҳтарам зотнинг олдларида юзимни шувут қилманглар", дедида, ҳозирда келиб ўтирган талабадан адабиёт ҳақида сўрашни бошлади. Шайх Али эса талабалардек жавоб берардилар. Сўнгра устоз, шайх Алидан шоир Буҳтарий билан Абу Таммом орасини таққослашга лаёқатинг борми? деб сўраган эди, шайх Али сиполикда унга жавоб бердилар. Устоз: "Кўриниб турибди, сен яхши талаба экансан, исминг нима?" деган эди, у киши: "Исмим Али Тантовий!" дедилар. Шунда ҳалиги устоз бу жавобдан ақлдан озиб, ҳушидан кетишига сал қолди.