Тасвирдаги ҳикматлар-5676

Category: Ҳикматлар Written by Анвар Аҳмад

Муҳаммад ибн Али роҳимаҳуллоҳдан мурувват ҳақида сўралди? Шунда у киши:

"Мурувват – очиқча амалга оширганда уялиб қолинадиган ишни яширин ҳолда ҳам бажармаслик", деб жавоб бердилар.

Изоҳ: Қайс ибн Собит ибн Саъидадан: "Мурувват нима?" деб сўралди. У: "Киши юзининг сувини сақлаб қолиши", деди.

Баъзи уламолар: "Мурувватнинг афзали сўзида содиқ, аҳдига вафодор бўлиш, ўзининг фойдасига сарф-харажат қилиш", дейишади.

Айтилишича, йўлларда ўтириш, мурувватдан эмас.

Баъзи ҳукамолардан мурувват нималиги сўралди. Айтишдики: "Очиқ эшик, эҳсон қилинган таом, қаттиқ боғланган бел", яъни, инсонларнинг ҳожатини адо этиш учун.

Ҳасан Басрийдан ривоят қилинади:

Сартарошга мўйлабларини қисқартириб бир дирҳам бердилар. Бу ҳақда (яъни, нега кўп берганлари ҳақида) сўрашганда: "Торлик ва зиқналик қилманглар, акс ҳолда сизларга торлик қилинади", дедилар. У киши майда чақалар устида гапираётган кишини кўрсалар: "Аллоҳ майда чақани лаънатласин, ким шунинг учун гапирса, муруввати бўлмайди. Кимнинг муруввати бўлмаса, дини ҳам бўлмайди", дедилар. 

Ҳасан Басрий: "Тўртта нарса кишининг мурувватидан: тилининг ростгўйлиги, биродарларининг хато-камчиликларини кечириши, аҳли замонининг таниқли кишисига саховат қилиши, таниш ва қўшниларга озор беришдан тийилиши", дедилар.

Умар (розияллоҳу анҳу): "Мен қачон араблар ҳалок бўлишини биламан", дедилар. "Эй амирул мўминин, қачон ҳалок бўлади?" дейишди. "Уларни исломий тақвоси ва жоҳилият саховати бўлмаган киши бошқарса", дедилар.

Ҳукамоларнинг баъзиси айтади: "Комил мурувват икки нарсада: инсонларда бўлган нарсадан тийилиш ва улардан содир бўлган нарсани кечириш".

Али ўғли Ҳасанга: (розияллоҳу анҳумо): "Мурувват нима?", дедилар. У: "Тийилиш, нафсга эгалик қилиш, қийинчилик ва фаровонликда эҳсон бериш", деб жавоб қилдилар. Сўнг: "Ўзини ерга уриш нима?" деди. "Нафсининг ишини ҳимоя қилиш, қариндошларгагина нафақа бериш, қўлидаги нарсани шараф, нафақа қилганини талофат етган деб билиш", дедилар.

Абдулвоҳид ибн Зайд айтадилар: "Дин аҳли билан ўтиринглар, агар қодир бўлмасанглар, аҳли дунёнинг мурувватли кишилари билан ўтиринглар, чунки улар мажлисларида нолойиқ сўзларни (фаҳшни) гапирмайдилар".

Аҳнаф ибн Қайс: "Ҳасадгўйда роҳат, ёлғончида мурувват, бахилда дўстлик, сўзни узун қилувчида (тилига эрк берувчида) вафо, хулқи ёмонда раҳбарлик, малоллик келтирувчида биродарлик бўлмайди", дедилар.

“Мурувват нима?” дейилганида “Юксак ҳиммат ва ўзни  ёмон отлиқ бўлишдан сақлаш”, деб жавоб берилди.